Алоқа | Обуна

Жамоатчи мухбирлар ҳам Самарқандга боришади!

“Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган жамоатчи мухбирларимиз билан ўзаро ҳамкорлигимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Сиз — азиз ва синчков муштарийларимиз буни газеталаримиз саҳифаларида улар томонидан ёритилаётган турфа хил мақолалардан билиб олаётган бўлсангиз керак.
Фикрлар, таклифлар ва танқидлар айтилди!

Таҳририятимизда ўтган ҳафта жамоатчи мухбирларимизнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Жорий йилнинг бошидан бери чоп этилаётган газеталардаги берилаётган мақолаларнинг мазмун-моҳияти, танқидлар, таклифлар ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилди.

Бунда жамоатчи мухбирлар ўз фикрларини очиқ-ойдин билдиришиб, газетанинг келгуси сонларида нималарга кўпроқ эътибор берилиши зарурлигига алоҳида урғу беришди.
Жамоатчи мухбирлар кенгашининг раиси Э. Абдунақибов: “Менга, масалан, эссе ҳақидаги маълумот жуда қизиқарли. У ҳақида газета орқали маълумот берилса, яхши бўларди. Кейин ушбу нашр ўзбектилли бўлгани учун “Подшивка” сўзининг ўзбекча таржимаси қўлланилса, деган таклиф айтилди. Бизнинг бу ерга йиғилишимиздан мақсад: “Жануб жарчилари” газетасининг ўзи яхши бўлса-да, бундан буён ҳам сифати янада яхшиланиши учун таклифлар беришдан иборатдир”.
Эркин Абдунақибовнинг таклифи инобатга олингани ҳолда “Подшивка” акцияси, бундан буёғига “Тахлам” дея аталадиган бўлди.

Суннатулло АКРОМОВ: – Баъзилар газетанинг саҳифаларида суратларга кўпроқ ўрин берилаяпти, деган эътироз билдиришди. Менинг фикрим эса, мутлақо бўлак: суратлар мақоланинг юраги ҳисобланади. Агар тасвир ёритилаётган мавзуга мос бўлса, мақола янада ўқимишли чиқади.

Ҳакимжон АБДУЛҲАСАНОВ:
– Хизмат юзасидан кўплаб шаҳарларда бўлиб қайтдим. Менинг ҳавасим келгани — қайси миллат вакиллари бўлмасин, автобусдами, шифохонадами, дам олишда — санаториядами, қаерда бўлмасин, қўлларига газета олиб ўқиб кетаётган бўладилар. Ҳозир-чи — ҳамманинг топиб олгани телефон.
Олдингидай даражага етмасак ҳам, бирор натижага эришиш учун биргалашиб ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Муҳаббат НИЁЗБЕКОВА:
– Уч-тўрт йил олдин талабаларнинг ёрдамида обуна ишлари юритиларди. Шахсан ўзим шу орқали газета билан танишгандим. Агар яна ўшандай лойиҳа иш бошласа, ўйлайман-ки, уйида ўтириб, обуна бўлишга қийналадиган уй бекаларига осонроқ бўларди, газета мухлисларининг сафи янада ортарди, – деган таклифини берар экан, саҳифалардаги ҳаётий ҳикоялар, маслаҳатлар кўпчиликка ибрат, сабоқ бўлаётганлигини ҳам яширмади.
Қорабулоқлик фаол онахонимиз Победа Абдазимовага Муҳаббат опанинг фикрлари маъқул келди.
– Шунингдек, қўни-қўшниларимиз, қариндошларимиз орасидаги обунани ҳам тўхтатиб қўймасдан давом эттиришимиз, шу орқали инсонларнинг маънавият, маданиятларининг тобора юксалиши учун ҳисса қўшишимиз даркор, – деди у киши.

Ҳурбуви ОДИЛОВА:
– Аёл – жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Онанинг ўзи ўқимишли бўлмаса, болаларини ҳам етарли даражада комил инсонлар қилиб тарбиялай олмайди. Шунинг учун, ҳар бир она мутолаа учун вақт топа олиши лозим. Бугунги кунда амалга оширилаётган “Подшивка”, яъни газета тахламлари акцияси жуда кўп фойда бермоқда. Тасанно, ўзларининг ишларидан ташқари таҳририят ходимлари мактабларни битириш арафасида турган битирувчилар учун ҳам қайғуриб, эсселар танловини бошлашди.
Шу ўринда газета ташкилотчиси Д. Ҳасанова мактаблардаги тарқатилган газета тахламлари (подшивка) ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.
Сайрамликларнинг фахри бўлган Турсунхўжа ака Хонхўжаевга сўз берилганида, у киши мазкур акциямизнинг ўз вақтида бошлангани ҳақида айтди. “Менга ушбу лойиҳа жуда маъқул келди. Худо хоҳласа, мактабларга бориб, ушбу масалада муаллимлар ва ўқувчилар билан учрашишга ҳаракат қиламан” – дея ҳар доим қўллов кўрсатишга тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Гулбаҳром АБАТОВА:
– Бизнинг “Далабозор” мактаби жамоаси ҳам газетани яхши кўриб ўқиймиз. Бундан устозларимиз ва ўқувчиларимиз унумли фойдаланишаяпти. Мактабимиз ходимлари номидан сизларга катта раҳмат! Мана шундай эзгу ишларни амалга оширишларингизда ва ижодда омад сизларга ёр бўлаверсин!
* * *
Кун тартибидаги иккинчи масала ҳақида кўпчилик ўзларининг яхши фикрларини билдирди. Кечиримли бўлиш, бир-бирини кечира олиш ҳақидаги мақолалар ёзиш вазифаси жамоатчи мухбирларга топширилди.
Директор Г. Расулова ҳам қилинаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Жамоатчи мухбирлардан: Э. Абдунақибов, Ҳ. Абдулҳасанов, К. Юсвалиев, А. Пратов, П. Абдазимова, И. Тожибоев, Т. Хонхўжаев, С. Акромов, Ҳ. Одилова, Г. Парпиева, М. Ниёзбекова, Г. Абатоваларга Самарқанд шаҳрига саёҳат учун бепул сертификатлар берилди. Кутилмаган совғадан жамоатчи мухбирлар ниҳоятда мамнун бўлишиб, таҳририят ижодкорларига раҳматларини айтишди.
“Ижодкор” адабий бирлашмасининг раиси А. Пратов Г. Расулова ҳамда “Юртимиз жамоли” кўрсатуви бошловчиси З. Бегметовага адабий бирлашма номидан фахрий ёрлиқларни топширди. Бу мукофотларни жамоатчи мухбирларнинг раиси Э. Абдунақибов тақдим этди ва газета ходимларига, шахсан вилоят маслаҳати депутати Б. Нишонқуловга кўпчилик номидан ўз миннатдорчилигини билдирди.

ГУЛБАДАН,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ