Эл корига камарбаста инсон
Абай номли кўча тўлиғи билан асфальтланган, Смалаков, Тошов ҳамда Юлдашев номли кўчалар таъмирдан чиққан, “Манкент” мактабининг янги қурилиши бошланиб кетган, “Ойша биби” номли мактаб фойдаланишга топширилмоқда ва буларга керакли барча ҳаражатлар давлат бюджети томонидан ажратилган. Қандай қувончли?!

Манкент қишлоғида бир йил давомида мана шу каби қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Бу ҳам бўлса, “ишлайман, халқим учун хизмат қиламан, сайловчиларга берган ваъдамнинг устидан чиқаман” деб чопқилаб юрган ҳаракатчан миллатдошимизнинг меҳнатлари маҳсулидир.
Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг март ойида Файзулла Олимқул ўғли Алиқулов Сайрам туман маслаҳати депутатлигига ўз номзодлигини қўйган эди. Бундан аввал ҳам 2 марта туман маслаҳати депутатлигига сайланган Ф. Алиқуловга халқи бу сафар ҳам ҳеч ўйланмай ишонч билдиришди. Юқорида тилга олганимиздек, у келажакка тузган режаларини вақтидан аввал амалга ошириш ишларига киришиб кетган.
– Иброҳим ота номли билим даргоҳи уч мавсумли мактаб. Биласиз, бу замон талабига зид. Шундай экан, биз мазкур муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Керакли ҳужжатларни тайёрладик. Ер масаласи ҳал этилса, тамом, 2017 йил режасига 1200 ўринли мактаб киритилади. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари 60 фоизга етказилмай қолганди, шуни ниҳоясига етказдик. Яъни, ўтган 2016 йили республика бюдетидан бир миллиард тенге маблағ ажратиб, тоза ичимлик суви дастурини, деярли, амалга оширдик. 2017 йилда республика бюдетидан икки миллиард икки юз минг тенге маблағ ажратилди. Май ойида тоза ичимлик сувини 100 фоиз амалга ошириш ишлари бошланади. 2019 йили Манкент қишлоғи аҳолиси юз фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади, дея жорий йилда амалга ошириладиган ишлар рўйхатини айтиб ўтди Файзулла Олимқул ўғли Алиқулов.
“Ваъдага вафо марднинг иши”, “Айтилган сўз — отилган ўқ”, “Йигит киши битта гапиради” нақллари Ф. Алиқуловга бағишланса не ажаб?! Билдирилган ишонч, мардонавор айтилган сўз, натижа кутаётган нигоҳлар жавобсиз қолиши қаҳрамонимга хос фазилат эмас. У ҳамиша ўз сўзида туриб келган ва шундай давом этади ҳам. Ишларида ҳамиша муваффақиятлар тилаймиз.
Депутат ҳақида қисқача…
Файзулла Олимқул ўғли Алиқулов 1964 йилнинг 6 мартида Манкент қишлоғидаги оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. Ҳали дунё эшигин очиб улгурмаган гўдак отасидан эрта жудо бўлганди. Тақдир ҳукмига ким ҳам қарши бўла оларди. Онаси Бибизулфия ая аёл боши билан 3 нафар фарзандини қучганича кўз ёши сел бўлиб қолаверди. Болаларини оқ ювиб, оқ таради, тарбиялади, ўқитди, бекам-у кўст ўстиришга ҳаракат қилди. Балки, бугунда қаҳрамонимнинг “Файзулла депутат” бўлиб, эл-у юрт олқишига сазовор бўлишига ўша муштипар она тарбияси сабабдир.
1981 йили Оқсувкент қишлоғидаги Зоя (ҳозирги Бобур) номли мактабни тамомлаган Файзулла Алиқулов азим Тошкент шаҳридаги инженер қурувчиларни тайёрловчи техникумга ўқишга киради. У ерни муваффақиятли тамомлагач, илк 6 ой меҳнат фаолиятини ўша техникумда бошлаб юборади. Сўнг, ПМКда оддий бетончи бўлиб ишлаган. Орага бир йил солиб, бригадир, кейин мастер бўлдади. Хуллас, босқичма-босқич иш даражаси кўтарилиб бораверади. Мусулмончилик аста-секиндан…
Мустақиллик шарофати билан…
Давлатимиз илк мустақил бўлган йиллар “Жилой-1991” дастурининг урфга кирган вақти эди. Ф. Алиқулов шу ерга ишга жойлашиб, 4 йил мобайнида прораб лавозимида фаолият юритади. Ва тинимсиз ҳаракатлар эвазига ўз кооперативини ташкил этиш бахтига муваффақ бўлади. Дастлаб, 2010 йили “Мадина 1” болалар боғчасини ишга туширган бўлса, кейинроқ “Мадина 2”, “Мадина 3” болалар боғчалари қад ростлай бошлади. Одатдагидек, бир қанча оилалар ўз фарзандини ишончли қўлларга топширган ҳолда ишлаш имкониятини қўлга киритади. Бу ҳам бўлса, депутатнинг халқ муаммоларига беэътибор эмаслигидан далолат беради.
Ҳа, Файзулла Алиқулов болалигидан зийрак, нозиктабиат ва фақат олға интилиши билан ҳозирги даражага қўл етказди. Борчилиг-у йўқчилик, ошчилиг-у тўқчилик, яхшилик ва ёмонлик ҳаёт манзарасидир. Аммо, шуни унутмаслик жоиз-ки, келган ҳар қандай кулфат ортидан бир яхшиликнинг борлиги аниқ. Бугунги қаҳрамоним ҳаёти билан таниша туриб бу гапнинг ҳақиқатлигига яна бир карра амин бўлдим.
Мақоламиз қаҳрамони ўзбек тилидаги чоп этилаётган газета-журналларга бефарқ эмас. Ҳар обуна мавсумида қўл остидаги барча ходимларни уларга обуна қилдиришда яқиндан ёрдам беради. Сабаби, у газеталар ҳам инсоннинг тарбиясида муҳим роль бажаришини аввалдан яхши билади. – “Жануб жарчилари” газетасини чоп этилгандан бери яхши биламан, ундаги турли мавзудаги мақолалар муштарийларни қизиқтира олади. Маданият марказларидаги содир этилаётган ишлар ҳам айнан шу газетада кенгроқ ёритилади. Сизларнинг ишларингизга ижодий баркамоллик тилайман, дейди Файзулла Олимқул ўғли. Шу ўринда халқининг ижтимоий-иқтисодий аҳволининг яхшиланиши учун ҳаракат қилаётган депутатдан яқинда бўлиб ўтадиган сайловда кимнинг номзодини вилоят ўзбек этномаданият маркази раисликка лойиқ деб биласиз, деган саволни бердим. – Мен учун биргина номзод бу Бадриддин Нишонқулов, негаки, марказ раислари амалга ошириши керак бўлган ишларни жуда яхши ўрганган. Билим орқали инсонларнинг маданиятини кўтармоқда. Унинг яхши командаси бор ва ана шу командаси, жойлардаги этномаданият марказлари раислари ва фаоллар билан ўйлайман-ки, ҳали кўп мақтаса арзигулик ишларни амалга оширади, деб жавоб берди.
Оила аъзоларим – бахтим!
Ҳа, ҳар бир инсон учун жамиятнинг кичик бир бўлаги бўлган оиласи ҳамма вақт биринчи ўринда туради. Лавҳамиз қаҳрамони Файзулла Олимқул ўғли ҳам оиласининг бекам-у кўстлиги, бир-биридан гўзал ва оқила тўрт нафар қизлари ва фахри бўлган ўғлининг тарбиясига бефарқ бўлмади.
–Рафиқам Шаҳлохон Алиқулова иккимиз фарзандларимизнинг келажакда ўқимишли инсонлар бўлишларини чин дилдан истаганмиз. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин-ки, бугунги кунда ўғлим Ҳикматилло Сайрам тумани Ички ишлар бўлимида терговчи, катта қизим Ҳилола “Мадина 1” болалар боғчасида бош ҳисобчи, Ирода эса, “ҳар учала боғчаларнинг владелец, Умида ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича 2-курсда таҳсил олмоқда, эркатойимиз Мадина М.Горький номидаги мактабнинг 7-синф ўқувчиси. Аслида ота-она учун ўғил-қизларининг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаб, оиласи тинч-осуда бўлгандан ортиқ бахт йўқдир. Оллоҳдан ҳар бир оилада хотиржамлик бўлишини сўрайман. Фарзандаримнинг онаси “Мадина 1”болалар боғчасининг услубиётчиси.
Биз ҳам ўз ишини сидқидилдан бажарадиган халқимизнинг ишончли вакили Файзулла Алиқулов 6 март куни нишонлайдиган таваллуд айёми билан чин дилдан қутлаймиз. 60 ёшга етиб, 70дан ошиб, саксондан сакраб, 90 билан тўқнашиб, 100 ёшга киринг! Келажакдаги барча ишларингизга зафарлар тилаймиз. Ҳамиша элимиз ардоғида юриш насиб қилсин!
Инсон қадри қилган иши-ла қиммат,
Хизмати ҳамиша бўлар беминнат,
Халқидан доимо олгандир дуо,
Яхшиликни шиор қилган Файзулло.
Яна бир бор таваллуд айёмингиз қутлуғ бўлсин!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

