Алоқа | Обуна

Тотувлигимиз барқарорлиги йўлида…

“Қозоғистон!” Ушбу қудратли сўзни ҳар бир фуқаро улкан ифтихор ҳамда мағрурлик билан айта олиши турган гап. Сабаби: бизнинг Ватанимиздаги миллатлароаро дўстликнинг тенги йўқ бўлса, ҳар бир инсон қадри юқори баҳоланади.
Бизнинг давлатимиздаги тизимга дунё мамлакатлари улкан ҳайрат билан қарайди: шунча миллат вакилларининг тотувлигига қандай қилиб эришилган, дея ўй суради. Албатта буларнинг барчаси узоқ йиллар мобайнидаги меҳнат ва сабрлилик натижасидир.
Тотувликни сақлабгина қолмасдан, уни янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам етарлича. Жумладан, “Менің елім – Қазақстан!” фестивали, айнан мана шу йўналишдаги тадбирлардан биридир. Бу — фестивалда республикамизнинг турли жойларидан ташриф буюрган турфа миллатларнинг вакилларини ягона ватанпарварлик руҳи остида жамлаш, фестиваль туфайли уларнинг бир-бирларига бўлган ҳурматларини ошириш ҳисобланади.
Бугун биз айни фестивалга кўп йиллардан буён иштирок этиб келаётган Зафар Алимов билан суҳбат уюштирдик. Зафар Алимов Шимкент шаҳридаги Ҳамза номли 42-сонли мактабда чизмачилик фанидан дарс беради. Шунингдек, у санъаткор ҳамдир. Санъатга қизиқиши отасидан қолган. Онаси туфайли эса, касбига бўлган қизиқиши уйғонган.
– Иштирок этганингиз фестиваль ҳақида қисқача маълумот берсангиз…
– Фестиваль Қозоғистон Республикасининг Маданият вазирлиги ҳамда Қозоғистон Халқи ассамблеяси ташаббуси билан ўтказилди. Мазкур анжуманда ҳар хил миллатларнинг вакиллари, ҳар хил ёшдаги 10 та иштирокчилар қатнашишди.
– Қандай қўшиқ ижро этдингиз?
– Фестивалда ўзимнинг шахсий “Шимкентим” деган қўшиғимни ижро этдим. У қўшиққа куй басталаганлар: Рустам Аҳмедов билан Даврон Анорқулов. Фестивалда ижро этилган қўшиқларнинг ҳаммаси ватанпарлик руҳида бўлди.
– Олдинлари ҳам иштирок этгансизми?
– Биринчи марта 2000 йилда иштирок этганман. Ўшанда Шимкент шаҳридаги Ойбек номли 14-сонли мактабнинг “Юлдузча” гуруҳининг раққоса қизлари — Абдураҳмон ака бошчилигида ва Шоҳиста Усмонова билан биргаликда қатнашиб, лауреатлик дипломини олдик. Ана шу тарихий воқеа санъатга бўлган қизиқишимнинг яна ҳам кучайишига олиб келди. Натижада, ижодга бўлган ихлосим тағин-да ортган. Кейинчалик Ўринбой Тоиров билан ҳам иштирок этганмиз.
– Айни фестиваль ўтказилишининг мақсади нима?
– Қозоғистонимизда истиқомат қилаётган юз ўттиздан ортиқ миллатлар вакилларининг тинчлик ва тотувликларини яна ҳам мустаҳкамлаш, уларни ягона давлат ғояси атрофида жипслаштириш учун ўтказилади.
– Тилакларингиз…
– Мана шундай фестиваллар кўпроқ бўлиб туриши тарафдориман, чунки изимиздан келаётган шогирдларимиз бор. Уларга ҳам омад тилайман.

ГУЛНОЗА суҳбатлашди.

Изоҳнинг ҳожати йўқ