Алоқа | Обуна

Дастлаб бўлар дабдабаси, кейин чиқар дабдаласи!

Оила, никоҳ тушунчалари муқаддас тушунчалар қаторидан жой олган. Дунёдан ўтган қанчадан-қанча донолар оила бунинг исботи бўладиган турли ҳикматли сўзларни қолдирган: “Инсон ҳаётидаги энг муҳим ва қадрли нарса — бу оила. Аввалига туғилиб, вояга етган, кейин ўзи қурган оила”. Бу сўзларнинг маъносини ҳозирги кунда ҳар ким ҳам чин дили билан тушуна олармикан? Оила деб аталмиш салтанатнинг қадрига етармикан? Шу саволга жавобни мен бугун нафақат ота-оналарга, балки ёшларга қўйган бўлардим…

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг мустаҳкам оила қуриб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдамлашади, шундай умидлар билан яшайди. Бу орзу шунчалар қон-томиримизга сингиб кетган-ки, ҳаттоки тилакларимиз “Топганингиз тўйга буюрсин”, “Ҳаммани тўйларга етказсин”, “Тўйларда қайтарамиз” зайилидаги самимий сўзлар билан бойитилган. Узоқ йиллар мобайнида кутиладиган бу шодиёна эса, оила қуришнинг бош меъзони ҳисобланади. Негадир охирги пайтларда бу шодиёна “ким ўзар мусобақасига” айланиб боряпдими, дегим келади. Тўйларда келин-куёвнинг торт кесиб бир-бирига, қариндош-уруғларига едиришига-ку деярли кўникиб кетдим. Барибир тўйларга борсам, кўнглимни қувонч эмас, ҳижолат эгаллаб туради. Бу тўйда қайси қариндоши торт едиришга даврага чақирилмай қолади-ю кейинчалик тўй эгалари билан аразлашиб қолар экан, деб. Бир томондан қарасак, бу кулгули бўлиб ҳам туюлар, лекин шундай вазиятлар ҳам бўлган-ки, ана шу “торт едириш”дан сўнг ораларига совуқлик тушган оилалар ҳам бор орамизда.
Ўтган сафар шерикларим билан тўйга бордик. Тўйхонага ташриф буюришимиз билан бир шеригим саҳна ўртасидаги тортга кўзи тушиб: “Бутун уруғ-аймоғига торт едириб бўлгунча туннинг бир маҳали бўлади. Тўй ўзи қачон бўларкин? — деб қолди. Дилларга қувонч бағишловчи, боримизни йиғиб ўтказаётган тўйларимизга ташриф буюрган меҳмонларнинг дилида шундай кечинмалар кечгани керакми бизга?! Ахир тўйга икки фарзандларимизга янги ҳаётига бахт тилаш учун бормаймизми? Лекин шеригим айтган воқеа содир бўлмади. Иккита офицантлар чиқиб тортни кесиб, барча меҳмонларга таратиб чиқди. Ҳамманинг ҳайрати кўзида намоён бўлиб турарди. Бу кўзларда яна аллақандайдир қувонч ҳам бор эди. Тўй эгаларини дуо қилганлар ҳам бўлди. Мана шу зайлда ўтадиган турфа “янгиликлар”дан холи бўлган тўйлар – миллий қадриятларимизга мос тўйлар эмасмиди?! Тўйларнинг исрофгарчиликсиз ўтиши ҳар бир тўй эгасининг ўзига боғлиқ. Тўғри ҳаммани ҳам назоратга ола олмаслигимиз мумкин, лекин ҳар биримиз шахсан ўзимиз ўзбекнинг асл урф-одатларини сақлаган холда тўй қилиш ўзимизга боғлиқ. Бугунги куннинг ёшлари янгиликларга ўч бўлади, буни тан олишимиз керак. Лекин ҳар бир фарзанднинг тизгини ота-оналарнинг қўлида-ку, ахир! Биз фарзандимизга “тўйимга қараганда, никоҳим, оилам, турмушим чиройли бўлсин!” зайилидаги тушунчани онгига сингдириб тарбияласак, нур устига аъло нур бўларди. Бу борада амалга оширадиган ишлар бисёр ва бу ишлар ўз йўлига тушиб кетиши учун бироз куч ва меҳнат талаб қилади. Шунга қарамасдан, ўзбегимнинг ўзига хос ўзлигига мос миллий, чинакам ифтихоримизга айланадиган тўйлар қилиш йўлидаги илк қадамларни бошласак, ниятимизга етамиз. Ахир айтишадилар-ку, биринчи қадамни ташла, йўл ўзи пайдо бўлади, деб…
“Даракчи” газетасининг электрон версиясини ўқир эканман, Тошкентдаги тўйларда келин-куёвнинг вальс тушиши, пул сочиши, гул отиши ҳамда торт кесиши тақиқланди, деган сарлавҳадаги мақола диққатимни тортди. Эътибор бериб ўқиб чиқдим.
Мақола мазмуни қуйидагича, …. бундан буён яна Тошкентдаги тўйларда келин-куёвнинг вальс тушиши, пул сочишу гул отиш ҳамда торт кесиш тақиқланади.
Эндиликда никоҳ тўйлари, унаштириш, оқўрар ва фотиҳа маросимлари бирлаштирилади.
Чекловлар жумласига яна қуйидагилар киритилган:
— енгил машиналар сонини чеклаш (фақат келин-куёвга);
— аудио соз-овозларни пасайтириш;
— миллий қўшиқларни кўпайтириш;
— келин саломни никоҳ тўйи вақтида тўйхонанинг ўзида ўтказиш ва турли совғалар беришни йўқ қилиш.
Тўй ва азага боғлиқ маъракалар ҳақида маҳалла фуқаролар йиғини хабардор қилиниши шарт этиб қўйилган.
Бундан ташқари, ўтказиладиган тадбирларда диний мавзудаги маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили, имом-хатиб томонидан маъруза қилиниши шарт қилиб белгиланди.
Янги тартибга мувофиқ, ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшлар ариза топшириш вақтида яшаш жойларидан, маҳаллалардан маълумотнома олиш талаб қилинади. Никоҳ фақат рўйхатдан ўтган имом-хатиб томонидан ўқилади.
Эндиликда никоҳ тўйларида хонадонлардан одоб-аҳлоқ қоидаларига, саҳна маданиятига ва ташқи кўриниш маданиятига қатъий риоя этилиши ҳам талаб қилинган.
Янги тартибда келинларга қимматбаҳо чет эл мебеллари, гиламлар ва бошқа жиҳозларнинг бўлғуси қайноналар томонидан талаб қилишига чек қўйилган.
Шунингдек, сепга келинлик одоби, куёвнинг оилавий ўрни ҳақидаги адабиётлардан қўшиш сўралган. Қиз томони берадиган ошни фақат яқин қариндошлар (200 кишидан оширмаслик) ўртасида ўтказиш талаб қилинади. Янги тартибга мувофиқ, қовурдоқ, чаллар ва қуда чақириш маросимлари бекор қилинган….
Балким бизда ҳам мана шунақа тартибга ўтиш вақти келгандир. Ушбу мақолани ўқиган айрим ҳамюртдошларимиз “давлатимиз борида ўғлимиз ё қизимизнинг никоҳ тўйларини дабдаба билан ўтказамиз-да, бошқаларнинг нима иши бор? Ушбу журналистлар ҳам ёзишдан тўхтамас экан-да?” деган фикрга келишар балким. Лекин олма олмани кўриб ранг олаётгани, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, бойваччалардан орқада қоламизми, қарз бўлсак тўлармиз, дея ҳамёни ночор ота-оналарнинг ҳам баланд дорга осилаётганликлари ачинарли ҳолат. Бир кунлик тўй ўтиб кетади, эркак бечора икки йил эгнидаги кўйлак-шимини янгилай олмай, банкдан ёки таниш-билишларидан фоизга олган қарзидан қутулиш чорларини тун-у кун ўйлайди. Айрим фикрлаш доираси тор қизларимизнинг ҳам йигитга менга ҳеч ким киймаган тўй либосини олиб берасиз, дея нарҳи осмондаги оқ кўйлакни танлашлари низо келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ўша қимматбаҳо либослар яна миллатимизга хос бўлса экан: кўкрак қисми катта очиқ, енгининг ўрини билинар-билинмас ингичка ип эгаллаб турибди ва ҳакозо. Бизлар ана шундай очиқ либосларни кийиб бобо, ота, ака, ука, тоға, амаки ва бошқаларнинг қаршисида вальс тушгани ор қилмаяпмиз. Бир тўйда икки ёш иккита қўшиққа вальс тушишди. Сабрим чидамай кетди, тўй ҳам назаримда зерикарлидек. Келиннинг юз-кўзи билан бир бўлиб турган сочлари алвастига ўхшади, либосини гапирмасам бўлади. Эмиш-ки, оиланинг биттагина эркатойгина, тўртта ўғилдан сўнг дунёга келган қизи экан. Ота-онаси кўнглига қараб тантиқ қилиб ўстиришибди. Савол туғилади, ўша дўндиқчанинг кўнглига борган хонадонидагилар кўнглига қарармикан? Азизлар, ёзаверсак фикрлар жуда кўп, асалнинг ҳам кўп заҳар деб бекорга айтилмайди.
Бизнинг миллий қиёфамиздан, шавкатимиз ва ор-номусимиздан дарак берадиган тўйларимиз кўпайсин!

НАСТАРИН.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ