
Бир делегат уч минг киши номидан делегат этиб сайланади. Хўш, унда масъул шахслар ён-атрофидаги миллатдошларини делегатликка номзодлар билан нечун таништиришмаган? Делегат сайлашда ҳам савдо-сотиққа йўл қўйилмоқдами? Нима учун айрим марказ раислари делегат сайлаш учун ўтган йиғилишга келганларни ҳайдаб чиқаришди? Нима сабабдан 162 нафар делегатнинг, атиги 18 нафари аёлларни ташкил этади? Бундан келиб чиқди, аёллар ҳам жамоат ишларида фаолият юритишса, эркакларга иш қолмайдими?
Мана шу каби эътирозли гап-сўзлар Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг навбатдаги қурултойида айтиб ўтилди.
4 март миллатдошларимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган саналардан бири сифатида тарих зарварақаларига ёзилади.
Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Икромжон Ҳошимжонов 2012-2017 йиллар оралиғида амалга оширган ишлари ҳисоботини берганидан сўнг, вақтдан унумли фойдаланган ҳолда делегатларнинг розиликлари олиниб, кун тартибидаги асосий масала бўйича иш бошланиб кетди.
Икромжон Акром ўғли Ҳошимжонов беш йил давомида қўл қовуштириб ўтирмаган. Муҳтарам Президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг доно сиёсатини қўллаган ҳолда унинг ҳар йили халқига йўллаган Мактублари бўйича жойларда тушунтириш ишларини олиб борган, ўзбек халқининг санъати, миллий мусиқасини ривожлантириш, урф-одатларимизни ёшларимиз орасида янада кенгроқ тарғиб этиш, ҳар йили “Ош” фестивалини ўтказиш, мактабларда билингваллик ва кўптиллиликни ривожлантириш ҳамда яна кўпгина соҳаларда олиб борилган юмушлар бунинг исботидир.
– Қозоғистон Халқи ассамблеяси (ҚХА)ни ташкил этишдан асосий мақсад Қозоғистондек бепоён диёрда истиқомат қилаётган турли миллатларнинг вакиллари орасидаги ҳамжиҳатликни орттириш, маданиятимизни тобора ошириш эди. Амалга оширилган ишларга қониқарли, дея баҳо берилган экан, демак, маданият соҳасидаги шунча йиллик меҳнатларимиз зое кетмабди. – Икромжон Ҳошимжонов шундай дея, халқи учун бундан кейин-да хизматга тайёр эканлигини билдириб ўтди.
Инсоннинг сўзлаш маданиятидан ҳам бирор хулоса чиқариш мумкин. Хўш, номзодлар нима ишлар қилиб беришмоқчи экан, дея қурултой бошқарувчиси Рўзақул Холмуродов номзод Тоҳирбек Нишонбоевга сўз навбатини берди.
Тоҳирбек НИШОНБОЕВ, номзод:
– Номзодимни раисликка қўйишимдан асосий мақсадим: Мустақил Қозоғистонимга хизмат қилиш, Элбошимиз томонидан ташкил этилган ва бугунги кунда шахсан ўзи раҳнамолик қилиб келаётган ҚХА томонидан бизга берилган вазифаларни қўллаш.
Шунингдек, сайловолди дастуримдаги айрим масалаларни айтиб ўтсам. Булар: ўзбек халқимизнинг миллий маданиятини, урф-одатларини, санъатини ва ҳунармандчилигини ривожлантириш, у билан боғлиқ тадбирлар уюштириш. “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг республика мақомини олишига ва обуначилар сонини кўпайтиришга амалий ёрдам бериш. Шунингдек, вилоятда чоп этилаётган бошқа ўзбекзабон газеталар фаолиятига ҳам қўллов кўрсатиш. Бугунги кунда турли диний оқимлар ёшларимизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шунинг учун, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида диний мавзуларда турли давра суҳбатлари, семинарлар, кенгашлар, учрашувлар уюштириш.
Енбекши тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси, номзод Тоҳирбек Нишонбоев шундай, дея бажармоқчи бўлган ишларининг айримларини келтириб ўтди.
Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, номзод:
– Халқимиз орасидаги айрим келишмовчилик масалаларини бартараф қилишни, команда орқали ишлашни, дарсликлар масаласига эътибор қаратишни ўз дастуримга киритганман. Кечагина бизлар — бир гуруҳ дегегация аъзолари Ўзбекистонга бориб келдик. Мақсадимиз: Тошкент ҳамда Жанубий Қозоғистон вилояти чегара масаласи бўлди. Шунингдек, жамоамизда амалга оширилаётган барча ишларни оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этишни, “Юртимиз жамоли” телекўрсатуви ва она тилимизда берилаётган янгиликлар дастурига кўнгил бўлишни, Президент сиёсатини қўллашни ва Мактубларини жойларда тарғиб қилишни асосий мақсадим, деб биламан.
Ана шундан сўнг, овоз бериш бошланиб кетди. Олдиндан тайёрланган бюллютенлар жами 162 та эди. Улардан 158 таси делегатларга тарқатилди.
Саноқ комиссиясининг аъзолари: Раҳматжон Абдусатторов, Баҳодир Нуралиев, Шавкат Олимов, Бекпўлат Аучиевлар, ҳисоб комиссиясига раис этиб Бегмат ака Турдиқулов сайланди.
Доим таклиф ва танқид излаб, “қайнаб” турамиз. Аслида ўринли танқид келажак меваси, дея бекорга айтилмайди. Минбарга чиқиб, ўзларининг норозиликларини билдирган бир-иккита ҳамюртларимиз ҳам шахсий танқидларини қилишди ва таклифларини билдиришди.
Шимкент шаҳрида истиқомат қилувчи Бахтжон Қосимов делегатларни сайлаш вақтида кўп тушунмовчиликлар бўлаётгани, нега масъул шахслар ўзлари истиқомат қиладиган жойлардаги инсонлар билан кимни сайлаш ҳақида маслаҳатлашмаслигини айтиб ўтди.
– Бу инсоннинг сўзлари тўғри, делегатлар ҳар қишлоқ, туман, шаҳардан сайланадилар. Мен делегат бўлиб бораман, иккита номзод бор, қайси бирини маъқул дейсизлар, дея маслаҳатлашишса бўлади. Сабаби, бир делегат уч минг нафар инсоннинг номидан қатнашади. Келажакда мана шунга аҳамият берсангизлар, ҳурматли раислар. Қурултой ҳақида озгина одам билади, ҳатто, йиғилишга ҳам киритмай қўйишган айримларни, деган хатлар келиб тушаяпти менга ҳозир. Парламентнинг ўзида ўтадиган йиғилишларга “қатнашаман” деган хоҳловчилар учун эшиклар очиқ туради-ку, – дея Рўзақул Холмуродов бу билдирган миллатдошимизнинг айтган танқидининг ўринли эканлигини тасдиқлади.
Сайрам тумани маслаҳатининг собиқ депутати, таниқли тадбиркор Зуҳра Баротова ҳам худди шундай норозилик билан ўртага чиқди.
– Ҳурматли Рўзақул Сотиболди ўғли! Манкент қишлоғидан делегатлар сайлаш учун ўтган йиғилиш қайси сабаблар билан “1 май” мактабида ўтказилди? Ахир, улкан маданият уйимиз бор-ку. 32 000 нафар аҳолиси бор Манкент қишлоғида махфий тарзда ўтган йиғилишда, ҳатто, уч юз нафар киши ҳам қатнашмаган. (Шу вақтда залдан: 28 нафар одам иштирок этди, холос, деган маълумотни берди). Орқаваротдан эшитиб қолиб, борган миллатдошларимизни ҳам айрим кишилар ҳайдаб чиқаришибди. Бунга Тамара Ҳакимова ҳамда Зуҳра Нурметова гувоҳ бўлишган.
“Чақирилмаган жойга борма, чақирилган жойдан қолма!” – нақлига амал қилиб, яхшиям, бормаган эканман. Бу қанақаси бўлди? Нима, шунда делегат сайлаш жараёни коммерцияга айланиб кетганми? Қорасув овул округининг Оқбой қишлоғида яшовчи беш-олти нафар миллатдошларимиз менга қўнғироқ қилишди ва: “Нима, қорасувликлар ўзбек эмасмилар? Нега лоақал бир кишини делегатлар сафига киритмайсизлар?” – дейишди. Қорасув овул округи ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Зикирилло Мусаевга: “Бориб айтинглар тегишли кишиларга!” дедим. Афсуски, масъул шахслар: “Эсимиздан чиқиб кетибсизлар” – деган жавобни Зикирилло акага беришибди. Оқбойлик Усмон ота Мадалиев Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, у хафа бўлса, ўринли, сабаби, Ватанимиз озодлиги учун душман билан курашган, Мақсад ака Анорқулов-чи, у оқсоқоллар кенгаши раиси бўлиб ишлайди. Бунга ўхшаш фаоллар кўп эътироз билдиришмоқда. Махфий тарзда ўтган йиғилиш вақтида салкам олти минг аҳолиси бор қишлоқни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак эди, – деди Элбошимизнинг гендерлик сиёсатига ўз улушини қўшиб келаётган фаол Зуҳра опа.
Шунингдек, у 162 нафар делегатларнинг, атиги 18 нафаригина аёлларни ташкил этаётгани, аёлларга эътибор қаратилмаётгани бир ўзинигина эмас, бошқаларни ҳам ранжитаётганини айтиб ўтди.
Бу каби норозиликлар бартараф этилади, қачонки, Бадриддин Нишонқулов раис этиб сайланса…
Навбат номзодларнинг ишончли вакилларига берилганида Раҳматжон Абдусатторов саҳнага кўтарилар экан, Бадриддин Нишонқуловни залдаги меҳмонлар ва делегатлар билан янада кенгроқ таништирди.
– Президентимиз Нурсултан Абиш ўғли Назарбаевнинг сиёсатини қўллаб, бошқа миллатлар билан бир оиланинг фарзандларидай тобора тотув бўлишимиз учун мен танлаган номзод Бадриддиннинг кучи етади. Тоҳирбек Нишонбоев билан шу ерда танишдим, бир пайтлари не-не акаларимиз сайлов вақтида бир-бирларига овоз беришган. Қани, энди Тоҳирбек мард бўлиб, муносиб ва ягона номзод Бадриддинга ўрин берса…
“Дўстлик” ҳамжамиятининг собиқ раиси Раҳматжон Абдусатторовнинг бу сўзлари Тоҳир Фарҳод ўғлининг юрагини “юмшатмади”. Яъни номзод бошлаган ишини охиригача етказишни ўзига мақсад қилиб қўйди.
Биз эса, делегатлар овоз бергунларига қадар олтиндан қиммат вақтимизда миллатдошларимизнинг айримларидан олган фикрларни қоғозга туширдик.
Баҳодир НУРАЛИЕВ, ҚХА аъзоси, Юсуф Сарёмий номидаги 107-сонли лицей мактаби директори:
– Ҳар иккала номзод ҳам миллатимиз равнақи учун ишлашга тайёр. Лекин мен Бадриддиннинг бир нечта фазилатларини келтириб ўтмоқчиман. Унинг тажрибаси мўл. У Сайрам тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасига раис бўлиб сайланди ва беш йил давомида уни бошқарди. Шу йилларда у ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг ишлари қандай бўлиши кераклигини бошқаларга кўрсата олди. Иккинчидан, Бадриддиннинг ҳулқ-атвори. Инсонни инсон қиладиган, бу – унинг характери. Халқимизда шундай гап бор: отангни ўлдирганга онангни бер, деган. Бадриддин тош отганга ош от, дейдиган йигит. Президентимиз Мустақиллигимизнинг 25 йиллига арафасида 25 нафар юртдошларимизга “Энг сахий меценат” унвонини берган эди. Хабарларингиз бор, улар орасида Бадриддин ҳам бор.
Моҳир бошқарувчи, ўзи ишлайди ва жамоани ҳам бошқара олади. Шу сабабли, бугунги кунда у бошқараётган корхонада, жами 1900 нафар турли миллат вакилларидан ташкил топган ходимлар фаолият кўрсатишмоқда, сафарбарлик эълон қила олади. Агар биз Бадриддинни раис қилиб сайласак, боя ўртага чиқиб билдирилган норозиликларга нуқта қўйиларди.
* * *
Ҳаммамиз интиқлик билан кутган натижалар билан саноқ комиссиясининг раиси Бегмат ака Турдиқулов таништирди.
– Аслида 162 нафар делегат сайловда иштирок этиши керак эди. Лекин, айрим сабабларга кўра, 158 нафар делегат қатнашмоқда. Қутини очганимизда эса, 157 нафар бюллютень чиқди. Ана шулардан Тоҳирбек Фарҳод ўғлига берилган овозлар сони 69 та, Бадриддин Икромжон ўғлига берилган овозлар сони эса, 88 та.
Шундай қилиб, Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқулов Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси этиб сайланди.
* * *
Қурултой муҳокамаси “Сарвар” тўйхонасида чой устида давом этди. Бадриддин Нишонқулов ҳомийлигида барча иштирокчиларга ош тарқатилди.
Залда ўтирганлар томонидан: “Табриклаймиз! Қурултой ҳаққоний ўтди. Аслидаям ушбу ўринга, айнан Бадриддин Нишонқулов лойиқ эди. Бадриддин Нишонқуловнинг моддий аҳволи етарли, раислар бой бўлмаса, қўл қовуштириб ўтираверишади…” – каби эътирофона сўзлар, тўхтовсиз олқишлар янгради.
Икромбой ТЎЙЧИБОЕВ, Қорамурт қишлоғи оқсоқоллар кенгашининг раиси, делегат:
– Мана, ҳозир ниҳоятда яхши анжуман бўлди. Бугунги сайловда номзодларини қўйган иккала йигитимиз ҳам вилоят этномаданият жамоат бирлашмаси раислигига муносиб инсонлар эди. Биз бундан ниҳоятда хурсандмиз. Энди ушбу сайловда, фақатгина бир киши сайланиши керак бўлганлиги боис, ҳамма делегатлар ўзлари муносиб, деб билган номзодга овоз беришди. Ва натижада бу икки муносиб номзоддан Бадриддинни кўпчилик янада муносиброқ билиб, шу укамизга овоз беришди.
Бадриддиннинг, ҳақиқатдан ҳам, хизматлари бисёр. Халққа кўп манфаати тегаяпти, минглаб ёшларнинг бепул ўқишларида унинг хизматлари катта. Ишларига омадлар тилайман. Ҳормай-толмай соғ-омон бўлиб, халқимизга хизмат қилаверсин!
– Мен бугунги анжумандан ниҳоятда хурсандман. Вилоятимиз ўзбекларининг маданияти, хулқ-атвори, уларнинг ўзларини тутишлари, йиғилишда билдирган фикрлари — ҳаммаси менга жудаям ёқди. Бугунги сайловга тушган иккала номзодимиз ҳам билимли, етук. Улар ўзбек халқига хизмат қиламан, дея бел боғлаган йигитлардан эканликлари боис, мен жуда мамнун бўлдим. Халққа хизмат қиламан, деган инсон қандай лавозимда бўлишидан қатъий назар, халқини ўйлайди. Бугунги номзодларимизнинг ана шундай йигитлардан эканлиги бизни қувонтирди.
Худо хоҳласа, келажакда ана шундай йигитларимиз кўпаяверишсин, соғ-омон бўлишсин ва биргаликда катта ютуқларга эришишларини Оллоҳнинг ўзи насиб этсин.
Бугун сайловдан яхши натижалар кўрсатиб ўтган Бадриддин укамга бундан кейинги ишларида омад тилайман, юмушларига ривож тилайман. Ўзбегим деб, Ватаним деб ва халқим деб ёнган Бадриддинга чин кўнгилдан миннатдорчилигимни билдириб, ўз олдига қўйган мақсадларига етишига ва кейинги ишларида фақатгина омад ёр бўлишига истакдошман.
Ҳамроқул ДАВРОНБЕКОВ,
Сайрам туманининг фахрий фуқароси:
– Бундан 18 йил муқаддам Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек этномаданий бирлашмаси раиси этиб, Икромжон Ҳошимжонов сайланган эди. Халқ унга билдирган ишонч йиллар давомида ушалишидан умидвор бўлди. Дастлабки беш йил биз кутган ижобий натижалар юз бериб, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси қошида бир қанча ишлар амалга оширилди. Кейинчалик эса, вилоят ўзбек этномаданият маркази аҳён-аҳёнда ўтказилган қатор тадбирлар билан чеклангандек, жамиятимизда миллатдошларимиз ўртасида муаммолар усти-устига қалашиб, ечимини, жавобини топмаётган муаммолар кучайиб кетди. Дабдабали тўйлар қилиш, ортиқча сарф-харажатлар билан қатор таъзиялардаги исрофгарчиликлар шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг 4 март куни ўтказилган вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раислигига сайловда, менимча, мазкур курсига муносиб, дея топилган киши — Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқулов ушбу масалаларга узоғи билан 4-5 йилда нуқта қўяди. Халқ унга ишонч билдирган ҳолда, кўп овоз билан раисликка лойиқ, дея топди. XXI аср лидери саналган бу йигит ҳар қандай ишда атрофига ишбилармон, тажрибали команда йиғиб, халқ билдирган ишончни оқлаб келмоқда. Ўйлаймиз-ки, навбатдаги ишига ҳам шундай шиддат билан киришиб, зиммасига юклатилган вазифаларни масъулиятлилик билан адо этади.
Навбатдаги қурултой узоқ тортишувлар ва музокараларга сабаб бўлишига қарамай, ҳақиқий, одилона тарзда ўтди. Халқ ишлайман, хизмат қиламан, миллат учун жон куйдираман, дея енг шимариб, билдирилажак ишончдан умидвор бўлган инсонни, яъни қорабулоқлик Бадриддин Икромжон ўғлини сайлади.
Айни инсонга алоҳида таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Сабаби-ки, у бир неча йиллардан бери тарихда юз бермаган талайгина фахрли ишларни амалга ошириб, нафақат вилоятимизда, балки республика миқёсида танилиб улгурди. Шунингдек, олижаноб фазилати, самимийлиги, одамийлиги билан жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда.
Яратган ҳамиша ўз ваъдасига вафоли, меҳнатсевар ва ҳаракатчан, изланувчан, ишбилармон бандасини қўллаган. Биз ҳам рафиқам Баҳринисо ҳожи билан ҳар намозимизда миллатимиз учун жон куйдирган ҳамқишлоғимиз, бир томондан ўғлим, иккинчи томондан шогирдим бўлган Бадриддинни вилоят этномаданият бирлашмаси раислигига муносиб номзод бўлишини тилаган эдик. Намозларимиз қабул бўлиб, ниятларимиз ижобат айланди.
Омад, муваффақият сенга ёр бўлсин, Бадриддин ўғлим! Сен ғалаба қозондинг! Энди халқингнинг ишончини оқлаш йўлида тинмай ҳаракатда бўлгайсан!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

