Алоқа | Обуна

Қорабулоқ – кичик Бразилия!

Миллионлар ўйини бўлган футбол тўғрисида ёзишда давом этамиз. Қорабулоқ футбол федерацияси ҳақида газетамизнинг ўтган сонларида ҳам янгиликларни ёритган эдик.
Футбол мухлисларининг талабларига мувофиқ, яна айни федерация фаолиятига эътиборимизни қаратдик. Қуйида ушбу федерация мураббийи Евгений МОНУЛЕНКО билан ўтказган суҳбатимиз эътиборингизга ҳавола.

– Яқинда 2002 йилги футболчилар “Билғари тўп” турнирида муваффақият қозонишди. Улар ҳозир нималар билан машғуллар?
– Улар шу ерда машғулотлар ўтказишмоқда. 8 футболчи шаҳардаги 7-сонли спорт мактабида август ойида Қарағанди шаҳрида ўтказиладиган Қозоғистон чемпионатига ҳозирлик кўришмоқда. Жароҳат олган футболчиларимиз ҳам бор. Қолган футболчилар ўзларига тенг жамоалар билан чемпионатларда иштирок этишади.
– Ҳозирги пайтда Қорабулоқда ёшлар футболи қанчалик даражада ривожланмоқда?
– Футбол Қорабулоқда ҳозир юқори даражага кўтарилган. Айниқса болалар футболи. Бу йил болалар футболида тарихий воқеа бўлди. Биз икки-уч йил ҳаракат қилиб, жорий йилдан болалар лигасини ўтказишни бошладик. Демак, болалар ва ўсмирлар орасида Қорабулоқ чемпионати ўтказилмоқда.
– Нечта жамоа иштирок этади?
– Катталар ўртасида 11 та жамоа, иккинчи даврадан Қорабулоқ футбол федерациясининг регламентига кўра, катталар билан болалар чемпионатида 8 та клубдан қолишди. Болалар орасида 2000, 2001, 2002, 2003 йилларда туғилганлар. Ўйлайман-ки, бу маҳаллий футболнинг ривожланишига катта туртки бўлди.
Ҳар битта ўйин қизиқарли ўтмоқда. Ўзимга катталардан кўра, ёшлар иштирокидаги учрашувлар ёқаяпти. Болалар ҳаракат қилишмоқда. Бу йил биз икки ёшда лига очган бўлсак, 2001-2002 йилгилар битта жамоа, 2003-2004 йил туғилганлар иккинчи жамоа. Ёшлар орасида катта фарқ йўқ. Бу ташкиллаштирилса, жуда чиройли бўлади. Бунақаси Қозоғистонда Алмати шаҳридан бошқа ҳеч жойда йўқ. Алматида 10 ёш бўйича доимий чемпионатлар ўтказиб келинади.
– Ҳар йили иқтидорли футболчилар чиқмоқда ва шаҳардаги 7-сонли спорт мактабига қўшилади. Бир йилда ўртача кўрсаткичда қанча иқтидорли футболчилар етиштирилаяпти?
– Амалиёт шу йилдан текширилмоқда. Футболчиларимиз 7-сонли спорт мактабида — улар иккинчи лигада иштирок этишади. Қозоғистон премьер лигаси жамоаларининг дубль жамоалари саналади. Бизнинг икки дарвозабонимиз — Жамшид ва Аббос йил сўнгигача иккинчи лигада машғулотлар олиб боришмоқчи. 2002 йилги жамоадан 7-8 нафар футболчи мавжуд. 2004 йилга жамоадан 4 нафар футболчи ўша шаҳардаги 7-сонли спорт мактабига йўл олса, 2003 йилги клубдан 3 нафар футболчи “Ўрдабаси” клубига ўтган”.
– Сизнинг ўзингизга бошқа жамоалардан таклифлар тушганми?
– Таклифлар бор (кулади).
– Масалан?
– Бу тўла аниқ бўлмагани учун ҳозирча маълумот бера олмайман.
– Бу ерда қанча вақтдан бери фаолият олиб бораяпсиз?
– 15 август куни, роппа-роса 4 йил бўлади (суҳбат ўтган ой охирида олинган). Қорабулоқда барчаси яхши. Жамоалар ривожланиб, бошқа жойлардан ҳам турли даражадаги футболчилар келишмоқда. Ўйинчилар жуда иқтидорли ва чиройли ўйин кўрсатишмоқда. Бу ер кичик бир Бразилия…
– Легионерлар, фақат Ўзбекистондан келишмоқдами?
– Йўқ, легионерлар Шимкентдан ва бошқа шаҳарлардан келишмоқда. Ўзбекистондан келаётганлар кўп эмас.
– Масалан, қайси жамоалардан?
– Ҳамма клублар ўзларига ёққан футболчилар билан келишган ҳолда уларни олиб келишади. 10-12 нафар бошқа шаҳарнинг ўйинчилари ҳам тўп тепишмоқда.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Изоҳнинг ҳожати йўқ