Алоқа | Обуна

“NiK” продюсерлик маркази яхши кунларимизда хизматга шай!

Қозоғистондаги ўзбек санъатини ривожлантиришни алоҳида мақсад қилиб қўйган, бироз йил муқаддам ташкил топган “NiK” продюсерлик маркази йил бошидан ўз фаолиятини аллақачон бошлаб юборди. Хоразмлик хушовоз хонанда Дилафрўз Ҳайтметова ўз қўшиқларига клип олиш ниятида бўлса, қизиқчи актёр Рустам-хўжа Саидхўжаев “NiK group” корпорациясининг турли бўлимларида реклама тарзидаги видеолавҳа ва баннерларда суратлар туширишни мақсад қилиб қўйган. Таъкидлаб ўтиш жоиз: ушбу санъаткорлар бу йилдан бошлаб, марказ маъмури билан шартномага имзо қўйишди.

Хонандалар Лобархоним ва Қаҳрамон ака эса, бири биридан ажойиб ва сермазмун қўшиқлари билан юртдошларимизнинг кўнгилларидан жой олишни ният қилишган. Турли миллатларнинг рақсларини ижро этиб, мухлисларининг олқишларига сазовор бўлиб улгурган жажжигина раққоса Руфинахон Йўлдошева рақсларини янада сержило қилиш учун ўз устида ишламоқда. Сеҳргар Владимир Черненконинг сеҳрли ўйинларидан ўтган йили ўтказилган тадбирлардаги меҳмонлар ҳайрон қолишгани ҳам сир эмас.
Асосийси бу эмас. “NiK group” корпорациясининг президенти Бадриддин Нишонқулов ҳомийлиги ва ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказ санъаткорлари томонидан турли байрамларда концертлар уюштирилади. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Қорабулоқ қишлоғидаги Фурқат номидаги 42-сонли мактабда соат 15.00 да , соат 19.00 да “Чарос” тўйхонасида фуршет концертлар бўлиб ўтади. Шукуҳли айём — Наврўз байрами кунлари Шимкент, Кентов ва Туркистон шаҳарлари, Оқсувкент қишлоғи ва Сайрам даҳасида концертлар берилади. Бугунда тайёргарликлар қизғин давом этмоқда.
– Келажакда амалга ошириладиган ишларимиз кўп. Шулардан бири – ўзбекча аскияларни қозоқ тилига таржима қилиш, қозоқ театрлари билан биргаликда Астана ва Алмати шаҳарларидаги саҳналарда ҳам турфа хилдаги чиқишларни уюштириш орқали ўзбек миллатининг қозоқ элида тутган ўрни юқори эканлигини кўрсатгим келади, – ҳаммамизга таниқли Рустам-хўжа Саидхўжаев шундай, дея сўз бошлади унинг фаолияти билан қизиқиб, ўзига мурожаат қилганимизда.
Ҳа, бугунги кунда “NiK” продюсерлик марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Хоразмнинг шўх юлдузи Далафрўз Ҳайтметова, вилоят ўзбек драма театрининг таниқли сўз устаси, актёр ҳамда режиссёр Рустам-хўжа Саидхўжаев, шунингдек, шимкентлик Равшан ака Файзиев раҳбарлигида қадим қарноқлик Қаҳрамон Бухорбоев, сайрамлик Лобархоним Зоҳидова, сеҳргар Владимир Черненко, раққоса Руфинахон фаолият кўрсатишмоқда. Уларнинг турли тадбирларни ташкиллаштиришдаги меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқдир.
Ҳар бир ишда пулинг бўлиши керак! Ҳа, шу ўринда “NiK” продюсерлик маркази томонидан байрамлар муносабати билан ўтказилаётган фуршет концертларда ҳомийлик кўрсатаётган ҳамкорлар ҳақида икки оғиз айтиб ўтишни жоиз топдик.
“NiK group” корхонасининг “NiK” ўқув маркази, “Жануб жарчилари”, “Никоша”, “Лаваш”, “Такси-такса” каби бўлимлари ҳомийлик қилишиб, ушбу марказни қўллашмоқда. Фуршет концертларда эсдалик учун туширилган фотосуратлар ҳамда махсус рамкалар бепул берилади. Қолган суратлар эса, конвертларга солиниб, ўз эгаларига ҳам топширилади.
Шу билан бир қаторда, “Хўжа” театрини ҳам янада ривожлантиришни бу йилги режага киритдик. 1 апрель куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро кулги фестивалидан иштирок этишга таклифнома олдик. Бу фестивалга Қозоғистон, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Республикаларининг кулги дарғалари ташриф буюришади. Айни фестивалда “Хўжа” кулги театри ҳам қатнашиб, финалга чиқсак — ажабмас. Шунингдек, агар гала концертга ҳам чиқишга таклиф этилсак, чиройли чиқишларимиз билан томошабинлар олқишларига сазовор бўламиз, деган яхши ният қилаяпмиз, – дейди Рустам-хўжа билан суҳбатда бўлганимизда.
Яхши ният – ярим давлат! Соф, беғубор қалб эгалари ҳамиша мана шундай яхши ният қилишади. Нима ҳам дердик, мазкур продюсерлик маркази жамоасининг ишларига омадлар тилаган ҳолда, Мустақил диёримизда ўтаётган тўйлар-тантаналарда хизматдан чарчаманглар, дея биз ҳам яхши ният қилиб қоламиз!

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ