
“Сайрам — Өгем” тоғида бугун одам гавжум. Қозоғистон миллий географик ташкилоти, туризм маркази ва Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда беш кун давомида ажойиб тадбир ўтказишди.
Роса катта тайёргарлик билан уюштирилган айни “Этно Арт”фестивалида сайёҳлар учун ҳамма харажатлар бепул. Манзилга тушлик вақтида етиб борганимиз учун, ленгерлик ошпазлар тайёрлаган мазали карам шўрвадан ичган бўлсак, кейин турли миллатларнинг миллий таомларини ҳам баҳам кўрдик.
Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон миллий географик ташкилоти менежери Тоғжан Серик қизини суҳбатга тортдик.
–Тоғжан Серик қизи, беш кундан бери ўтаётган фестивалга қандай баҳо берасиз?
–“Этно Арт” фестивали Қозоғистон миллий географик ташкилоти, туризм маркази ва Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 15 август ва 20 август кунлари оралиғида ўтказилди. Асосий мақсад: қатнашувчиларга Жанубий Қозоғистоннинг табиатини кўрсатиш, уларни мана шундай чиройли жойлар билан таништириш ва Шимкент шаҳрининг бошқа қирралардан қўрсатишдир.
–Меҳмонлар қайси шаҳарлардан ташриф буюрдилар?
– Асосан Шимкент шаҳридан талабалар ва Алмати, Астана шаҳарларидан меҳмонларимиз бор.
–Бугун, мана, ўйин-кулги, миллий урф-одатларимизни намоён этмоқдамиз. Кеча ва ўтган кунлари нима билан машғул бўлдингизлар?
–Қатнашувчилар тоғ бўйлаб сайр қилишди ва кўлга бориб, дам олиб келишди. Миллий спорт турларини ўйнашди.
– Таассуротлар билан ўртоқлашсангиз…
– Хитой ва ўзбек миллатларининг таомларини кўриб, лол қолдим ва бошқа миллатларнинг қўл ҳунарлари мақташга арзийди. Фестиваль жудаям қизиқарли ўтмоқда, менга роса ёқди.
Ҳа, фестиваль жуда қизиқарли бўлди. Турк миллати вакиллари ҳам миллий таомларини тақдим этишди, юнон (грек) дўстларимиз ҳам айни тадбирда фаоллик кўрсатишди.
Интимақ этномаданият жамоат бирлашмаси раисаси Гавхар Тулепова эса — етакчилик вазифасини аъло даражада адо этди.
Вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси номидан Тоштемир Рустемов номидаги 12-сонли гимназия мактабида 1 март — “Алғыс айту” кунида Меҳржон Давронова ташаббуси ташкил этилган “Меҳр” гуруҳи иштирокчилари “Келин салом” ҳамда “Тушов кесиш” маросимларимизни намойиш этишиб, жуда зўр олқишларга сазовор бўлишди.
–Ташкилотчиларнинг ўзлари: биринчи навбатда, сизлар тайёрлаган дастурларингизни саҳнага олиб чиқсак, сабаби, ўзбекча қўшиқлар ҳамма вақтда давраларни қиздиради, дейишгани кайфиятимизни кўтарди, дейди орислик Меҳржон опа.
Орис қишлоғида истиқомат қилувчи Малоҳат опа Усмонова билан фестиваль янаям қизиқарли бўлди, десам — адашмаган бўламан. Боиси, ушбу устоз ташкилий ишларда фаол қатнашиб, даврани тобора қиздирди
Ўқув йили бошланиши олдидан маданий ҳордиқ чиқариб, анча тиниқиб қолган Малоҳат опа:
– Қозоғистон миллий география ташкилоти томонидан уюштирилган “Этно Арт” фестивалининг вазифаси: Жанубий Қозоғистон вилоятининг туристик фаолиятини ўзгаларга танитишдан иборат. Сайёҳларга кўпмиллатли Қозоғистоннинг маданияти қизиқ эканига бугун янаям амин бўлдим. Бугун жанубдаги мавжуд миллий маданият марказлари ўз маданиятларини намоён қилди. Роса хурсанд бўлдик, мен бу ерга биринчи марта келдим. Табиати жудаям ажойиб экан, – дея ташкилотчиларга раҳматларини етказди.
Мана, юқоридагидек тарзда шанба кунини ҳам мароқли ва файзли, ўйин-кулги билан ўтказдик. Шерикларимдан бири: маза қилиб рақсга тушдим, бу шифо масканларидаги икки курс муолажа билан тенг, дея кўтаринки кайфият, кулги, куй ва қўшиқ, рақс тушишнинг ҳар биримизнинг соғлигимиз учун кони фойда эканлигини ҳам уқтириб ўтди.
Ҳа, азизлар, ҳар кунимиз улуғ неъмат, тинчлик ва барқарорлигимизга, миллатлараро ҳамжиҳатлигимизга кўз тегмасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлаверсин!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.







