Алоқа | Обуна

Буйрак – уни асраш керак!

– Ассалому алайкум! Мен бемор сифатида буйрак касаллигининг келиб чиқиши тарихи ва унда тош йиғилиб қолиш сабаблари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлгим келади. Шифокор сифатида менга берар маълумотингиз…

ГУЛНОРА,
Туркистон шаҳри.

Муштарийимиздан келиб тушган саволга Оқсувкент қишлоғидаги туман марказий касалхонасининг нефролог шифокори Халиллула БЕКЖАНОВ жавоб беради.
– Буйраклар организмни тозалашда алоҳида роль ўйнайди. У ҳар суткада қонни ўзидан ўтказиб, уни фильтрлаш ва заҳарли моддаларни чиқаришда, моддалар алмашинувида иштирок этади. Шунингдек, организмдаги ортиқча сувларни чиқаришда муҳим роль ўйнайди.
Буйрак тош касаллиги(Уролитиаз) полиэтиологик касаллик бўлиб, асосан, моддалар алмашинувининг бузилишидан келиб чиқади. Ҳозирги пайтда тош ҳосил бўлишнинг қуйидаги хиллари фарқ қилинади ва бунинг асосида беморларни дифференциаланган даволаш принципи ва рецидив тошлар ҳосил бўлишининг профилактикаси ишлаб чиқилган. Тошлар пайдо бўлишига қараб оксалатли, фосфатли, уратли, цистин тошларига бўлинади. Буйрак тошлари бўлган беморларнинг аксарини оксалатли тошлар ташкил этади.Оксалат тошлар 49-54 фоиз буйрак тош касалликлари бўлган беморларда кузатилади.

Буйрак тош касалликларини ташхислаш беморнинг шикоятлари ва анамнезига, буйрак санчиғи ҳуружига ва буйрак санчиғидан кейин бўладиган гематурияга диққат жалб қилинади. Охирги йилларда буйрак тош касалликлари бўлган беморларни текширишда ультра товуш текшириши, экскретор урографияси ва компьютерли томографиянинг ўрни бўлак. Буйрак тош касалликлари бўлган беморларни даволаш усуллари хилма-хил.
Уларни танлаш кўпинча тошнинг ўлчамига ва жойлашишига, буйракдаги ва юқори сийдик йўлларидаги функционал ва анатомик ўзгаришларга, уродинамика ҳолатига боғлик бўлади. Ҳозирда буйрак ва сийдик найидаги тошларни олиш учун очиқ усулдаги операциялар(пиелолитотомия, буйрак резекцияси, уретеролитотомия) билан бир каторда эндоскопик операциялар(уретеролитоэкскрация,литотрипсия) ва тошларни ташқи тўлқин ёрдамида майдалаш(дистанцияли литотрипсия) беморларни даволашда жуда муҳим ўрин эгаллайди.Буйрак эпитилиялари витамин А га боғлиқ. Витамин А нинг эса, организм учун энг маъқул варианти қизил сабзида. Сабзи қайнатиб ёки қовуриб пиширилганда витамин А миқдори озайиб кетади. Витамин А янги кавланган сабзининг янги сиқиб олинган шарбатида кўп бўлади. Яъни янги тайёрланган ширада электронлар иони фазовий жиҳатидан меъёрида.
Узоқ сақланган ёки пиширилган сабзида ионларнинг фазовий структураси бузила бошлаган бўлади. Инсон организми учун, хусусан, буйраклар эпитилияси функциялари учун, шунингдек, ичаклар эпидемияси учун витамин А нинг аҳамияти ниҳоятда беқиёсдир.
Буйраклар қуйидаги вазифаларни бажаради:
l Организмда азотли бирикмаларнинг маромини белгилаш, ошиқчасини чиқариш.
l Организмда натрий моддасининг барқарорлигини таъминлаш, ошиқчасини чиқариш.
l Организмдаги ҳужайралардан ташқаридаги сув миқдорини меъёрлаш, ошиқчасини чиқариш.
l Қонда ионлар миқдорини белгилаш, ортиқчасини чиқариш.
l Организмдаги, шу жумладан, қондаги ишқорий кислота муҳитининг мувозанатини таъминлаш.
Ҳар хил бўтқа ва ун маҳсулотларида кальций элементи нисбатан кўп. Лекин бу бўтқа ва ун маҳсулотлари оловда пиширилиб, истеъмол қилиниши сабабли овқат таркибидаги бошқа элементлар каби кальций ҳам ўз фазовий структурасини йўқотади. Бундай кальцийларни бола организми ўзлаштира олмайди. Натижада, унинг буйракларида тузлар ёки тошлар ҳосил бўлади.
Ҳазм органларида буйракка келиб қолган ҳар хил микроблар ҳам бу ерда ўрнашиб қолиб, тошлар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Жигар функциясининг бузилиши ҳам буйракларда тошлар, тузлар тўпланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Ёдда сақланг!
Буйрак тоши касаллиги бор бемор семириб кетишдан сақланиши, жисмоний ҳаракатда бўлиши, хамир овқатлар, нон, шакарни, иложи борича, кам ейиши керак.
Қон томир, юрак хасталиклари бўлмаса, бир кунда икки литргача суюқлик ичиш мумкин. Чунки суюқлик тошларни ювади. Спиртли ичимликлар ичиш, асло мумкин эмас. Ичкилик организмдаги тузларнинг эришига тўсқинлик қилади. Бемор шифокор белгилаб берган парҳезга қатъий риоя қилиши зарур.

Султоной БОЛТАБОЕВА суҳбатда бўлди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ