Алоқа | Обуна

Ҳошим сурнайчини ёд этиб…

Сайрамлик уста машшоқ Ҳошим сурнайчи таваллудининг 120 йиллигига ва хотирасига бағишланган 1-Халқаро сурнайчилар фестивали вилоят ўзбек драма театри биносида бўлиб ўтди.

Ўз навбатида марҳум сурнайчи Ҳошим ота ҳақида икки оғиз айтиб ўтишни жоиз топдим. Мирҳошим ота Ортуқмат ўғли, чамаси 1897 йилда Сайрам қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келибди. Холбуви ая билан етти нафар ўғил-қизлар, яъни: Ҳожарбуви, Холбегим, Ойшабону, Минаввар, Мирғани, Мирқодир, Мирабдураҳмонларни вояга етказиб, уйли-жойли қилишган. Бугунги кунда Минаввар ая 81 ёшда, Мирабдураҳмон ота 76 ёшда набираларининг орзу-ҳавасларини кўришмоқда.
Эл орасида Ҳошим сурнайчи номи билан донг таратган Мирҳошим ота 1933-1939 йиллари Тошкентда Кўктерак маҳалласида ҳам яшаб, ижод қилган.
У киши Тўлабий туманининг Ёрғонлиқ қишлоғида яшаб ўтган Ашур метар номи билан машҳур сурнайчига шогирд тушиб, айни сознинг сирларини мукаммал ўрганган.
Яна маълумотларга суянадиган бўлсак, Ҳошим сурнайчи йирик тадбирларда, ҳатто, Катта Фарғона канали қурилишида санъаткорлар сафида бўлган. Ўша даврнинг кўзга кўринган санъаткорлари сафида халқига беминнат хизмат қилган экан.
Фарзандларидан Мирқодир ота (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) отаси изидан бориб, умрининг охиригача халқининг тўйлари-ю ҳашамлари, тантаналарида хизмат қилган.
Бугунги кунда боболари ва отасининг касбини Мирабдумажид Мирқодир ўғли давом эттирмоқда. От изини той босади, деганлари шу бўлса керак-да.
* * *
Икки соатдан ортиқ вақт давом этган мазкур сурнайчилар фестивалида Ўзбекистон Республикасидан Суннатулло Қорабоев, Туркистон шаҳридан Нурмуҳаммад Йўлдошев, Шимкент шаҳридан Умиджон Йўлдошев, Сайрам тумани номидан Мирабдумажид Мирҳошимов, Сайрам ва Қоратепа қишлоқлари номидан Мирадҳам Мирҳожиевлар ўз маҳоратларини томошабинларга намойиш этишди.

Нурмуҳаммад ЙЎЛДОШЕВ, фестиваль қатнашчиси:
– Фестивалдан катта таассуротлар олдим. Сайрамдан кўтаринки кайфият билан қайтдим. Мана шундай фестиваллар тез-тез ўтказилиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби, кўпчилик миллий чолғу асбобларимизнинг қанча турлари борлиги, уларнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида билавермайди. Шундай катта тадбирни уюштириб, биз — санъаткорларнинг бошимизни қўшган инсонларга олқишимиз чексиз, – дея ўз мулоҳазаларини билдирди.
10 йилдан бери Мирабдумажид Мирҳошимовга устозлик қилиб келаётган ўзбекистонлик Суннатулло Қорабоев томонидан ижро этилган куй, айниқса ҳаммага ором бағишлади.
– Раҳматли бувамиз Ҳошим ота хотирасига бағишланган ушбу фестивални ўтказишдан мақсадимиз сурнайчиларнинг куйларини меҳмонларга эшиттириш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ўзбек миллий чолғу асбобларига бўлган қизиқишни орттиришдан иборат, – дейди ташаббускор, “Ғунча” халқ ансамблининг раҳбари Мирабдумажид ака.
“Человек оркестр” номи билан жанубий қозоғистонликларга таниқли бўлган миллатдошимиз, “Офарин!” фондининг президенти Сайдилла ака Маҳмудов ҳам залдаги томошабинлар қаторида бўлди. Сурнайчилар фестивалидан ўзининг маданий ҳордиқ чиқарганини у кишининг қуйидаги сўзларидан билиб олишимиз мумкин:
– Ташкилотчилик ишларида Республика “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов, бош-қош бўлса, Енбекши тумани ўзбек этномаданият марказининг раиси Тоҳирбек Нишонбоев ҳомийлик кўрсатди. Сурнайчиларимиздан куйларидан мириқиб дам олдик. Лекин томошабинлар кам бўлди.

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ