
Бизлар ўспирин вақтларимизда турар-жойлар, уйлар қариндош-уруғлар, ака-укалар, дўст-жўралар ҳамда биродарларнинг иштирокида ҳашар йўли билан қурилар эди. Шунда қурилишнинг ёнидан ўтаётган ёши улуғ кишилар дуо қилардилар. Улар: “Бу уйларда тўйлар томошалар бўлсин, уйларингиз яхшиликларга тўлсин, ёмонликларда мадад бўлсин” – дея омин қилардилар.
Уларнинг дуолари Оллоҳнинг марҳамати билан ижобат бўлиб, қурилган уйларда тўйлар, зиёфатлар, Оллоҳ йўлига эҳсонлар, агар, мабодо оилада вафот этганлар бўлса, уларга аталган маъракалар уюштириларди.
Ўша даврларда уйларимиз 2-3 та хонадан иборат бўларди. Тўйлар, кўпинча қиш фаслида ўтказиларди. Барча хизматларни қариндош- уруғлар ўз зиммаларига олардилар. Қариндош- уруғларнинг жипслиги, меҳр-муҳаббати, одамгарчиликлари тўй-маъракалар мобайнида намоён бўларди.
Ҳозир-чи, уйларнинг баландлиги осмонўпар, қават- қават, хоналарни санаб охирига етолмайсиз, ҳовлилар ҳашамдор: қимматбаҳо плиталар билан текисланган, гулзорга айлантирилган, айрим ҳовлиларда сув отиладиган — сочиладиган фавворалар, тебранадган ўтиргичлар, замонавий электр ёритгичлар, бир сўз билан айтганда: миллатдошларимиз хоҳлаган тўйни ёхуд маъракани ўзларининг уйларида — ҳовлиларида, боғларида уюштирсалар, менинг фикримча, мақсадга мувофиқ бўларди.
Эндиликда ҳудудларимизда кўплаб тўйхоналар, салтанат саройлари, ҳашаматли чойхоналар мавжуд. Тўйлар-маъракаларнинг 80-90 фоизи юқорида кўрсатилган жойларда ўтмоқда. Мен бундай ўтказишларга қарши эмасман, фақат ушбу гўшалардан керак вақтда миллатимизнинг урф-одатларига, динимизнинг қонун-қоидаларига хилофроқ тарзда фойдаланаётганимиздан руҳан қийналмоқдаман.
Қийналишимнинг сабаблари қуйидагилар: биринчидан — вафот этган қариндош-уруғларимизга Оллоҳ розилиги учун аталиб қилинаётган эҳсонлар кечаси замонавий тўйлар ўтказилган тўйхоналарда берилмоқда. Ҳаммамизга аниқ ва равшан-ки, замонавий тўйларда ярим яланғоч хотин-қизлар номаҳрам эркаклар билан маст қиладиган ичимликлар ичиб, замонавий, рақсларга тушиб, маст қилувчи ичимликларни тўйхонага хоҳлаганларича тўкиб-сочадилар. Шу жойларда Қуръони Каримни тиловат қилиш жоизмикан?
Иккинчидан — тўйларимиз тўйхоналарда, улфатлар-у жўраларнинг “қора ҳамён” зиёфатлари, синфдошларга аталган базмлар чойхоналарда, бошқа барча маъракалар салтанат саройларида ўтаверса, мабодо, танишларимизга керак бўлиб қолган тақдиримизда, улар уйимизни топишолмай, хижолатланмасмиканлар?
Учинчиндан — барча маъракалар тўйхоналарда чойхоналарда ўтаверса, қийин меҳнатлар, катта маблағлар эвазига солинган қават-қават, сонсиз хонали уйларимиз, қимматбаҳо плиталар ётқизилган ҳовлиларимизнинг — гулзор боғларимизга ўрнатилган совутгич фаввораларимизнинг кимга кераги бор?! Афсус ва таассуф!
Тўртинчидан — айрим жойларда ўзларини билимдон, дея билган зиёлилар марҳумнинг жаноза намозлари масжидларга ўқилсин, демоқдалар. Бунақада ҳар кимгаям-ки, ўзининг қийналиб қурган уйи, нафақат тўйлари-ю зиёфатларига-ю маъракаларига, ҳатто, жанозаларига ҳам буюрмайди-ку! Бу қандай даҳшат?!
Ҳурматли миллатдошлар! Қачонгача ҳам диний, ҳам дунёвий чаласавод шахсларнинг гапларига кириб, миллатимизга хос-мос бўлган ҳамда аввалдан-азалдан келаётган урф-одатларимизни, анъаналаримизни, ота меросимизни, аниқ-равшан ёзилган исломий тартиб- қонунларимизни: “Қозончининг эрки бор, қаердан қулоқ чиқарса” – деган нақлга асосланиб, бузаверишларига чидайверамиз?
Азиз муштарийлар, булар менинг шахсий фикрларим, илло, сизлар нима дейсизлар?
Оллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!
Эркин АБДУНАҚИБОВ,
Шимкент шаҳри,
Сайрам даҳаси.

