Алоқа | Обуна

Машқ қанчалик қийин — жанг шунчалик осон…

Фарзанд дунё эшигини очган кундан эътиборан, ота-она унинг келажаги ҳақида қайғура бошлайди: қандай бола боғчасига берсам экан, деган саволдан тортиб, то дилбанди ушбу ҳаётда ўз ўрнини топиб олгунига қадар унга йўл кўрсатади, ёрдамлашади.
Бугунги кунда эса, яна шундай долзарб сўроқлардан бири: “Фарзандимни қайси тилда ўқитиладиган мактабга берай?” мазмунидаги масаладир. Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари қозоқ ва рус тилларида бўлгани боис, ушбу саволнинг вазни жуда оғир бўлиб бормоқда.
Мазкур сўроқ юзасидан Сайрамда: “Global Education Sayram” ўқув маркази билан дунёвий рақобатга!” – дея номланган семинар бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари — юртимизнинг нуфузли олийгоҳларига грант асосида киришга муваффақ бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари муаммога айланиб бораётган қайси тилда ўқитиш масаласининг тўғри ечимини топганлар қаторидандир.
Саҳна тўридаги ўқувчилар эса — ўзбек мактабида ўқий туриб, она тилидан бўлак яна учта тилни ўзлаштириш ҳар бир ўқувчининг қўлидан келишини исботлаб бера билдилар. Улар ўзбек тилига дахли йўқ инглиз тилини мукаммал ўзлаштириб, имтиҳонларни ҳам инглизча муваффақиятли топширишган ва халқаро даражадаги: “Назарбаев Университети талабаси!” – деган улуғ мартабага эриша олган, сабрни, матонатни, ўзларида тарбиялай олган қалби қайноқ ёшлардир.
Ўзгалар, атиги олти-етти соат тайёргарлик кўриб, қолган вақтлари дам олаётган бир пайтда 12-13 соат тайёргарлик кўриш, буни узлуксиз равишда ҳар куни такрорлашга ўзларида улкан ғайрат уйғота олган, ўз ғалабаси сари ишонч билан талпинган ўқувчилар ўтирибди.
Буларнинг ҳаммаси Юсуф Сарёмий номли 107-сонли лицей мактабининг директори Баҳодир Нуралиев томонидан берилган саволларга аниқ ва ишонч билан берилган жавоблардан кўриниб турибди. Назарбаев Университетининг талабалари билан ўтказилган очиқ суҳбат билим олиш ҳақидаги бизларнинг фикримизга сингиб қолган қолипларнинг силжишига, янги ўзгаришларни қабул қилиб, улар сари қадам ташлашга бўлган қизиқишни уйғотди. Тадбирга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонда мана шундай янгиликлар ҳосил бўлиб, кўтаринки кўнгил билан қайтди, десак муболаға эмас.
Дилором Мирсолиева, “Global Education Sayram” ўқув маркази директори:
– Инглиз тилини ўрганиш ёшларимизнинг ўз-ўзлигини, маданиятини йўқотишга олиб келади, деган тушунча шаклланиб қолган. Она тилимиз – бизнинг қонимизда-ю жонимизда. Уни биздан ҳеч ким олиб қўя олмайди. Лекин шуни англашимиз керак-ки, бугунги кунда дунёвий даражага чиқиб, дунёвий даражада рақобатбардош бўлишга инглиз тилисиз эриша олмаймиз. Шундай экан, нечун, энди сиз билан бизнинг фарзандларимиз дунёвий даражадаги рақобатбардош инсонлар бўлмасликлари керак?! Нега инглиз тилини ўрганмаслигимиз керак?!
“Global Education Sayram” ўқув маркази жамоамиз, фақат бугунги кун учун эмас, эртанги, ундан кейинги кунлар учун фаолият юритамиз. Ёдингизда бўлса, 2014 йили ўтказилган тадбирда мен: “Бизнинг сайрамликлардан ҳам Назарбаев Университетида, халқаро даражадаги олийгоҳларда ўқийдиган, Америка Қўшма Штатларига бориб ўқийдиган ёшлар чиқади!” – дея айтган эдим. Мана, орадан 3 йил ўтди. Натижаларимиз ёмон эмас. Тўрт йил ичида 11 нафар сайрамлик ёшларимиз Назарбаев Университетининг талабалари аталишди.
Мазкур олийгоҳга кириш учун инглиз тилини билиш камлик қилади. Бунинг учун, фанларни инглизча ўзлаштириш керак. Имтиҳонларни инглизча топшириш керак. Бу даргоҳда ўқиш — дунёнинг олдинги қаторли ҳар қайси дорулфунунида ўқиш билан баробардир. Мазкур олийгоҳ дипломи дунёнинг хоҳлаган четидаги, хоҳлаган компанияда ишлашга имконият беради. Бу мақтанса арзигулик қувонч!
8 нафар ўқувчимиз Америкада бепул ўқиб, дунёқарашини кенгайтириб келган, ундан ташқари, бизнинг 24 нафар тингловчиларимиз дунёвий даражада инглиз тилини билиш даражаси тестини, яъни “IELTS” тестини топшириб, ўртача кўрсаткичлари 6,5 баллни ташкил этди. Ҳатто-ки, Назарбаев интеллектуал мактабларининг кўрсаткичи ҳам бунчалик бўлмаса керак!
Яқиндагина Америка Қўшма Штатларида икки ҳафталик қайта малака ошириш курсидан ўтиб келдим. Сафардан қайтиб, ўз олдимга шундай мақсад қўйдим: эндиликда, фақат ўқувчиларни ўқитиб қолмасдан, малакали устозларни ҳам тайёрламоқчиман. Инглиз тили ўқитувчиларини командамга йиғсам, шунда, мен, фақатгина Сайрам эмас, бошқа қишлоқлар, Туркистон ва бошқа ерларда муваффақиятли инсонларни етиштириб чиқаришга кучимиз етарли бўлади. Юзлаб, минглаб инсонларга йўл кўрсатиш эса — бизнинг асосий мақсадимиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, тадбирга ташриф буюрган меҳмонларни суҳбатга чорлаймиз:
– “Global Education Sayram” ўқув маркази мактабларда берилган асосий билимларга таянган ҳолда, юқори натижаларга эришаяпти. Шунинг учун, Сайрам мактабларининг устозларига ҳам ташаккур!
Агар ўрта асрлардаги инсонлар билан йигирма биринчи аср инсонларини солиштирадиган бўлсак, у пайтдаги одамлар умр бўйи олган маълумотни биз бир кунда олаяпмиз. Шу сабаб ҳам, асримиз маълумотлар асри бўлиб бораяпти. Маълумотларнинг кўпчилиги инглиз тилидадир. Элбошимиз айтганидек, инглиз тилини ўрганмай туриб, 30 та ривожланган давлатлар қаторига кира олмаймиз, – дея тадбирни бошлаган Юсуф Сарёмий номли 107-сонли лицей мактабининг директори Баҳодир Нуралиевнинг чиқиши кўп таълимий маълумотларга бой бўлди.
Ҳалима Усмонова, Назарбаев Университетининг талабаси Муқаддам Хоналиеванинг момоси:
– Муқаддамнинг онаси ҳам мактабда яхши ўқиган, фарзандлариям олий маълумотли. Муқаддам ҳам элимиздаги нуфузли олийгоҳ талабаси бўлди. Жуда ҳам хурсандмиз. Уйдаги учта неварам “Global Education Sayram” ўқув марказининг тингловчиларидир ҳамда уларнинг ҳам олам-олам орзулари бор. Ишқилиб, Оллоҳим ҳаммасини орзуларига етказсин! Ёшларимиз, фақат ва фақат ўқиш билан банд бўлишсин. Агар астойдил ҳаракат этсалар, қилган меҳнатларининг мевасини, албатта тотадилар.
Радмила Рахманқулова, “Global Education Sayram” ўқув марказининг рус тили ўқитувчиси:
– Менинг мазкур ўқув марказида фаолият юритаётганимга 4 йил бўлди. Ҳар мавсумда юздан ортиқ шогирд келаяпти. Бу ерда ишлаётганимдан бағоят хурсандман, мен, фақат ишлаб қолмасдан, ўзим ҳам ривожланиб бораяпман. Буларнинг ҳаммаси директоримиз Дилором Мирсолиева ҳамда тренеримиз Баҳодир Нуралиев туфайлидир.
Ўзимиз ҳам такомиллашиб, болаларга ҳам пухта таълим берамиз. Биз ўз кўрсаткичларимиз билан фахрлана оламиз. Бизнинг тингловчиларимиз, нафақат инглиз тили, балки рус тилини ҳам мукаммал ўрганиб, республикавий ва халқаровий миқёсларда ўтказиладиган олимпиадаларда иштирок этиб, бош ўринларни қўлга киритиб келишаяпти.
Холида Иристоева, Азизбек Иристоевнинг онаси:
– Ўғлим шу ўқув марказининг тингловчиси. Ўғил бола эртанги куни оила қуриб, уни бошқаради, оила тиргаги бўлади. Шу сабабли ҳам, билим олгани маъқул.
“Тил билган одам, дунё кўради, қолаверса, ҳамма вақт ўз фикрингни очиқ-ойдин ифодалаб бера оласан” – дея ўғлимни яхши ниятлар ила мана шу масканга олиб келганман. Иккинчи ўғлимниям олиб келиш ниятим бор. Улар яхши олий ўқув юртларига кириб таҳсил олиб, келажакда ўз ўринларини топишга ҳаракат қилишади, дея ўйлайман.
Ҳар бир фарзанд ота-онасининг юзини ерга қаратмайдиган йигит ёки қиз бўлишига тилакдошман.

* * *

Баҳодир ака Нуралиев Элбошимизнинг руҳоний янгиланиш ҳақидаги мақоласига биноан, рақобатбардош инсон бўлишимиз учун, даставвал ўзимизнинг фикрлаш қобилиятимизни замонавий даражага кўтаришимиз кераклигини яна бир бор такрорлади. Шунингдек, у киши бизнинг Сайрамдан ҳам олимлар-у алломалар чиқиши учун ота-оналарнинг-да хизматлари ва ҳиссалари беқиёслигини ҳар бир ота-онанинг кўнглига жойлаб, фарзандларининг камоли, бевосита уларнинг ўзларига боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

Гулноза УЛУҒБЕК қизи.
Муаллиф тасвирлари.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ