Алоқа | Обуна

Тақдир ҳазили ёхуд “Барселона”нинг, мисли кўрилмаган ғалабаси!

Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финал баҳслари кутилмаган сенсациялар билан бошланганди. 14 февраль куни Францияда “Пари Сен Жермен” кимсан: “Барселона” дарвозасига 4 та жавобсиз гол уриб, барчани ҳайрон қолдирганди. Каталонияликлар сафида тўп сурадиган Месси, Неймар ва Луис Суареси триоси рақибларига ҳеч нарса қила олишмади. Ҳатто-ки, битта ҳам гол ура олинмагани шармандали ҳолат эди.

Ўша баҳсдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Луис Энрике танқидлар остида қолди ва у хатосини тан олиб, мавсум якунида лавозимидан кетишини эълон қилди. Сўнг “Барса” раҳбарлари янги бош мураббийни қидира бошлашди ва Европа телеканаллари янги мавсумда ким каталонияликларни бошқариши ҳақида бир нечта мутахассисларни кўрсатишиб, мухлислар орасида сўровномани бошлаб ҳам юборишди.

Нафақат Европада, балки бизнинг Ватанимизда ҳам мазкур жуфтлик ҳақида баҳс-мунозаралар бошланди. Ҳамкасбларим билан мавжуд вазиятни таҳлил қилар эканмиз, “Барселона”да инқироз бошланганини эътироф этганлар ҳам топилди. Лекин ёш футбол мухлисларидан бири, айни пайтда футбол сирларини ўрганиб келаётган Нурсултан Саттархўжа “Барселона”нинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасига ишончини билдириб, кимларнинг гол уришигача ёзиб, оммага кўрсатди. Бу ҳақида кейинроқ яна тўхталамиз.

“ПСЖ” ва “Барселона” клублари майдонга икки хил кайфиятда чиқдилар. Унай Эмери шогирдлари кўп гол ўтказмасдан, қарши ҳужумда рақибни жазолаш ниятида бўлишди. Ўйинни кўпчилик кўрганини инобатга олиб, асосийси — голларга эътибор қаратамиз. Луис Суаресининг 3-дақиқадаги голи “Барса”га куч берди. 40-дақиқага келиб, Андрес Инестьанинг фаол ҳаракатидан Кюрзава ўз дарвозасини ишғол қилди.

50-дақиқа пенальти ва Лео Мессининг ажойиб зарбаси – 3:0. Ана, энди ҳеч бўлмаса, ҳисобни тенглаштириш учун бир гол қолди. Бу меҳмонлар фойдасига хизмат қилди. Эдинсон Кавани “Барса”ни жазолаб, битта гол урди. Бу, дегани қўшимча вақт бўлмайди ва каталонияликларга яна 3 та гол уриш талаб қилинади.

88-дақиқагача таблодаги ҳисоб ўзгармади. Аммо тақдир ҳазилими, билмадим, ҳакамнинг қўшиб берган 5 дақиқаси мезбонлар учун омадли келди. Неймар, аслида ким эканлигини шунақа муҳим ўйинда кўрсата олди. Жарима зарбасини аъло даражада бажарди. Кейин пенальтидан дубль муаллифига айланди – 5:1.
Сўнгги дақиқаларда дарвозабон Тер Штеген ҳам рақибларининг жарима майдончасига етиб келди. Неймарнинг тўп узатиши ва Серхи Робертонинг голи – 6:1. Фантастика! Стадион ларзага келди. Эмери ва унинг шогирдлари ўзларини қўярга жой топа олмай, нима қилишни билмай қолишди. 7 дақиқа аввал 3 та гол урилишига ҳеч ким ишонмасди, демак, мисли кўрилмаган ишни бажара олишди.

Энди яна Нурсултаннинг тахминига келсак (расмда) Неймар 2 гол урди, Луис Суарес, Месси ва Инестьанинг фаол ҳаракатидан сўнг автогол. Деярли тахмин ўзини оқлади.

Ҳали ҳам “Барселона”нинг иродали ғалабаси ҳақида гапирилмоқда. “ПСЖ” бош мураббийи шогирдларининг бир неча марта имкониятни бой берганликларини ва жамоасининг хатоси ҳақида гапирди. Лекин жамоа уни лавозимидан бўшатмаслигини билдирди. “Пари Сен Жермен” клубининг президенти футболчилар чорак финалга йўлланма олишса, ҳар бирига 1 миллион евродан беришни ваъда қилганди. Бироқ натижа акси бўлди ва улар совғадан қуруқ қолишди.

Хўш, Луис Энрике, энди “Барса”дан кетармикан? Бунга биз мавсум сўнгида жавоб оламиз.
Шу кунгача чорак финалга Испаниянинг икки жамоаси — “Реал” ва “Барселона”, Германиядан иккита клуб — “Бавария” ва “Боруссия” (Дортмунд) йўл олдилар. Қолган жуфтликларни биз шу ҳафта билиб оламиз.

Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ