Алоқа | Обуна

Кимлардир кулишди, кимлардир йиғлашди…

Депутатлар ҳамма вақт халқ билан ҳамнафас… Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳатининг депутатлари ушбу иборанинг тўғрилигини яна бир карра исботлашди. Халқимизнинг ишончли вакилларидан Нурмахан Жолдасов, Зуппархон Чолдонов ҳамда Бадриддин Нишонқуловлар маданият бошқармасига тегишли бир қатор ижодий ташкилотларнинг фаолиятлари билан танишишди.

Биринчи бўлиб, кўргазма марказига кирдик. Бу ерда бизни Жанубий Қозоғистон вилояти маданият бошқармасининг бошлиғи Нурболат Қадир ўғли Ахметжанов қарши олди. Ҳар учала халқ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишгач, Ж. Шанин номидаги академик қозоқ драма театрига ташриф буюришди. Залда эса, навбатдаги спектакль учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда экан. Н. Жолдасов актёрлар ҳамда актрисалар билан суҳбатда бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, ташқаридан кузатган инсон учун ушбу санъат ва маданият даргоҳидаги ишлар бинойидек бораётганга ўхшайди. Аслида бундай эмаслигига театр ҳаёти билан яқинроқ танишганимиздан кейин амин бўлдик. Айни ўринда “Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ” деган мақолни қўллаш айни муддао.
Санъаткорларнинг айримлари: “Ушбу даргоҳда, қарийб 40 йилдан ортиқ муддат фаолият кўрсатаётганлар бор, лекин бирор марта юқоридан бизларнинг ишларимиз баҳоланиб, тақдирланмайди” – дея кўз ёшларини тўкишса, яна баъзилари: “Залда иситиш воситалари ночор бўлганлиги сабабли, қишда тинмай шамоллаб қолаверамиз” – дейишди.
Мана шулар билангина муаммолар битмайди. Театрда ушбу жамоа фаолиятини юқори даражаларга олиб чиқадиган режиссёрлар етишмайди. “Биз ҳам фестивалларга қатнашиб, ишларимизни кўрсатгимиз келади” – дейишди яна бошқалари. “Ўз ишига пухта режиссёрни орамизга сиғдирмаган ўзимиз, негаки, у бизга талабни кучли қўйди” – дея асл ҳақиқатни айтиб берди театр ходимларидан бири. Бунинг сабабини билишга эса, Нурмахан Жолдасов қизиқиб кетди.
– Академик театр номини олганимиз билан, ойлик маошимиз кам, бу ердан топган пул билан бола-чақа асраб, рўзғорни тебратиб бўлмайди. Ойлик оз. Академик бўлмаган театрларнинг актёрлари ва актрисалари билан бирдек ойлик оламиз. Шунинг учун, тўйларда хизмат қилишимизга тўғри келади. Режиссёримиз эса, айрим вақтларда кечқурун ҳам репетиция қилишимизни талаб этадиган қаттиққўл эди. Шунинг учун, кучли режиссёрлар билан узоқ муддат бирга ишлаша олмаймиз, – дейди аёл ходимлардан бири.
Театр масканидаги мана шу каби муаммолар вилоят маслаҳати депутатларининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиладиган бўлди.
Театр ходимлари билан муҳим масалалар муҳокама қилинаётган вақтда, гарчанд ўзи маданият бошқармасига етакчилик қилса-да, Нурболат Ахметжановнинг уяли телефонда тўхтамай кимлар биландир гаплашгани, нафақат депутатлар, балки бошқаларнинг ҳам асабларини бузди. 33-сайлов округидан вилоят маслаҳатининг депутати бўлиб сайланган Н. Жолдасов Нурболат Қадир ўғлини бир эмас, бир неча бор огоҳлантирди.
Сўнгра депутатлар Шамши Қалдаяқов номидаги филармонияга ташриф буюришди. Нурсат Бейсқожанов директорлик қилаётган ушбу даргоҳнинг киравериш эшигидаги чанглар бирданига ҳаммамизнинг диққатимизни тортди. Яна эшик ёпилиб кетмаслиги учун унга ғишт тираб қўйилган. Саҳна полининг бўёғи рангини анча йўқотган.
– Бу ерга томошабин дам олиш учун ташриф буюради, зеро, шундай экан, улар келган вақтда ҳаммаёқ тоза ва озода бўлиши шарт. Нурсат, ушбу камчиликларни бартараф этиш керак. Ҳали ёшсиз, ўйлайман-ки, ўзингиз бош бўлиб, бугун тилга олинган муаммоларнинг ечимини топасиз, – деди Н. Жолдасов.
Лекин филармония артистлари учун бу йил жуда омадли келганлигини ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Улар республикада, ҳатто, Туркияда ўтган халқаро кўрик-танловларда иштирок этишиб, бош совринларни қўлга киритишган. Жамоа аъзолари жуда аҳилликда, иттифоқликда иш олиб боришмоқда. Қўшимча даромад топиш ҳам яхши йўлга қўйилган.
Энди раҳбар чангларни, бино орқасида ахлатларни тозалик ходимларига тозалатиб, деворнинг ёрилиб кетган жойларини тартибга келтирса бўлди.
Шунингдек, депутатлар “Әдет — ғұрып және салт-дастүр” маркази ва “Тарихий ўлкашунослик музейи”нинг фаолиятлари билан ҳам танишишга муваффақ бўлишди.
Минг афсуски, айрим бошлиқларнинг ўзларининг ишларига масъулиятсизлик билан ёндашганликлари туфайли, ҳатто, оддий эшикларнинг тутқичлари ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган.
Умид қиламиз-ки, мутасадди раҳбарлар ўша куни билдирилган танқидларни тўғри қабул қилишиб, ушбу каби камчиликларни тез орада бартараф этишади.

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Изоҳнинг ҳожати йўқ