Алоқа | Обуна

Меҳнат қилган – элда азиз!

Халқимиз орасида: “Ошинг ҳалол бўлса — кўчада ич!” – деган мақол кенг тарқалган. Ҳа, азизлар! Меҳнат қилган инсон, албатта ҳеч хор бўлмайди, камол топади, обрў-эътиборга эришади, эзгу-ишларга бош-қош бўлади.
Шу кунларда Сайрам туманидаги Кўлкент қишлоқ округининг сўлим жойларидан бири, Оқсув дарёси бўйида қишлоқнинг асл фарзандларидан бири, тарихчи, ўз юртининг жонкуяри, Қизил қишлоқ ҳақида ёзилган икки китобнинг муаллифи, спортнинг ашаддий мухлиси ва қатнашчиси, нафақадаги устоз Абдужаббор ака Аҳмедовнинг 64 ёшга тўлиши муносабати билан ҳамда Қозоғистон диёримиз бўйича Спорт куни арафасида волейбол бўйича фахрийлар орасида очиқ майдонда қизиқарли турнир уюштирилди ва унда бешта жамоа иштирок этиб, Абдужаббор ака таъсис этган мукофотлар учун майдонда баҳслашдилар.
Натижада, бош соврин Қорабулоқ қишлоғининг фахрийларига насиб этди, 2-ўрин Шимкент шаҳридан келган спортчиларга буюрди, фахрли 3-ўринни Сайрам даҳасидан келган волейболчилар эгаллашди.
Мусобақанинг очилиш маросимида турнир ташкилотчилари ва қатнашчиларини қишлоқнинг ҳурматли акахонларидан бири, ўзбекзабон газеталаримизнинг жонкуяр мухбири Суннатулла ака Акрамов, қорабулоқлик спорт ишқибози Акмал ака Абдуллаев ва бошқалар қизғин табрикладилар ва ўзларининг миннатдорчиликларини билдиришди.
Шунингдек, турнирнинг энг яхши ўйинчилари ва мухлислари, дея тан олинган Файзаҳмад Расулметов (Сайрам), Тўйчивой Эргешов (Қорабулоқ) ва Абдулҳақ Абдураимов (Кўлкент) махсус совринларнинг эгалари бўлишди.
Энг асосийси: яхши дам – меҳнатга ҳамдам, деганларидек, фахрийларимиз, нафақат майдонда куч синашишган, балки гўзал ва сўлим қишлоқ ҳавосидан нафас олиб, мириқиб кўнгилли ҳордиқ чиқариб қайтишган бўлишса, ажаб эмас.

И. ТОЖИБОЕВ,
Сайрам даҳаси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ