
Астана сари сафарга чиқишни анчадан бери орзу қилиб юрган эдим. Мана, ушбу орзуимни “Жануб жарчилари” газетаси ходимлари билан биргаликда амалга ошириш насиб этган экан. Ҳамкасблар билан ўтган саёҳат жуда мароқли бўлди. Ёлғиз ўзим борган саёҳатдан бунчалик таассуротлар билан қайтмаслигим мумкин эди.
Ростини айтсам, Астананинг кўркамлигини саёҳатга қадар қанча эшитган бўлсам ҳам, менинг кўнглимга бунчалик қувонч ва ҳузур бағишлайди, дея ўйламаган эканман. Пойтахтимиздаги хиёбонларнинг гўзаллиги-ю серҳашам биноларнинг савлатини кўриб, бизнинг мана шундай пойтахтимиз бор, деган ғурурли фикр келди. Шаҳар кўркига кўз тўймайдиган даражада — куни бўйи ажойиботларни томоша қилиб юравергинг келади. “ЭКСПО” шаҳарчаси эса — бош айланадиган даражада катта ва ғаройиблиги билан ажралиб туради.
“Нур Әлем” павильони Қозоғистонга тегишли бўлиб, унинг шаклида ҳам олам-олам маъно бор экан: бу шар – “охирги томчи нефть” бўлиб, энди энергияни нимадан ва қандай қилиб оламиз, деган саволга ҳар бир давлат ўз павильонларида жавобларини тақдим этган. У ердаги ҳар бир павильон инсон кўнглини кўкларга кўтариб қўяди.
Фақат павильонларнинг ўзи шундай бўлса, у ердаги кўргазмалари қандай экан, деб қолдингизми? Ҳар бир давлатнинг кўргазмалари умумий мавзуни ифодалагани ҳолда ўзига хослик билан йўғрилган: ҳар бир давлат келажак энергиясини — оддий кун нуридан, фазодан, шамолдан, ҳатто-ки, ўсимликлардан олиш йўлларини кўрсатади, бунинг учун мўлжалланган асбоб-ускуналар билан таништириб чиқади. Ҳар бир павильонда экспонатлар ҳақида уч тилдаги маълумотларни берувчи кўрсаткичлар ҳам мавжуд.
Ер шаридаги музликларнинг кескин эриши, ҳароратнинг кўтарилиб кетиши каби муаммолардан хабарим бор бўлгани ҳолда, ўз Ватанимиз бўлмиш Ер сайёраси ҳақида қайғурар эдим. Бу кўргазмадан кейин кўнглим таскин топгандай бўлди.
Олимлар меҳнатининг маҳсуллари мана шу кўргазмада намоён бўлган. Бу кўргазмада инсониятнинг фаровон келажаги учун ишонч ҳосил қилдим.
Гулноза УЛУҒБЕК қизи,
“Болалар олами” газетасининг
бош муҳаррири.

