
Аввало, муҳаббат энг холис, энг тоза, энг беминнат туйғудир. Кимнидир ёниб севишнинг ўзи бахт! Севилмоқ – яна бахт! Аммо у билан қовушмагани учун ўзини бахтсиз, дея эълон қилишнинг, тақдирдан нолийверишнинг, ҳаётга беҳафсала қарашнинг бир чеккаси худбинликдир, тор ўйлашдир. Бу муҳаббатдан тама қилишдир. Ҳақиқий муҳаббатга эса — тама бегонадир.
Муҳаббат кишининг ўзлигиданда юқори турувчи умр маёғидир. Унга талпиниб яшашнинг ўзиёқ бахт! У юракнинг тўрида, орзулардан ясалган тахтларда, ҳаётингга ҳеч халақит бермай, унинг ҳамма жабҳаларига нурини узлуксиз сочиб тураверади…
Шоир укам, сиз жуда тўғри айтибсиз: «Журъат бирламчи бўлсин!». Андиша эса, унга эшдир. Мундоқ ўйлаб қарасак, юрак — Журъат, ақл эса — Андиша!
Юрак билан Ақлнинг ҳамкорлиги ҳеч қачон бузилмасин!
МЕРОС ҚАДРИЯТЛАР
Қишнинг поёнидан баҳор топилгунча соғинчларинг дилдираб бўзлайди. Саратон тандирида куз етилгунича жисм-у жонинг ҳароратдан толади. Хайрият-ки, куз ҳар гал қайтади, баҳор қайтади. Аммо умр чексиз йўқотишлардан, йўқотиш бўлганда ҳам мутлоқ қайтмас йўқотишлардан иборат. Қаранг-ки, бу оғриқли айрилиқлар ажиб бир шарофат ҳам келтиради. Яъни қўлингиздаги бор неъматларни қадрлайдиган, уларни асраб-авайлайдиган бўлиб қоласиз. Кўнглингизга шукрона тушади ва бу шукрона ақлингизга, ўтаётган кунингизга тўлиқлик бахш этади.
Мана, авлодлар ўтиб бормоқда. Улар қайтмас бўлиб кетаётир, бизга мерос бўлиб уларнинг ишлари-ю айтмишлари қолмоқда, холос. Мен миллий урф-одатларимизни кўрганим сари, эл қалбини шундоққина кўриб тургандай, кузатишда ичкарилаган сарим, жавоҳир топаётгандай бўламан. Удумларимиз авлодларимизнинг армонлари, орзуларидан, нозик таъби ва самимиятидан, кенг феъли ва саховатидан бунёд бўлгандир.
Отамни йўқотгач, отам севган одат-удумларни эслаб юриб, топдим бу бойликни!
Онамдан айрилгач, онам амал қилган расм-русумларни хотирлаб юриб, рўбарў келдим ва таҳлил этиб кўргач, севиб қолдим бу одатларимизни!
Мен андижонча удумларнинг таъриф-тавсифини, уларнинг келиб чиқиш сабабларини тарих китобларидан қидирмадим, бировдан сўрамадим, суриштирмадим. Кузатишларим асносида юрагимга нимаики нозикроқ тегинган бўлса, шоирона шакл-у шамойилда талқин этдим, холос.
НЕГА КАРНАЙ ЧАЛАДИЛАР?
Рўзғор муқаддас уюшма бўлгани учун ҳам, карнай-сурнай, тароналар билан унинг бошланишига ишора берадилар. Рўзғор мушкул бир фаолият бўлгани боис, кўплашиб дуо бериб, мадад тилайдилар. Илоҳо, бу дуолар ижобат бўлсин!
Андижон тўйларига ҳақиқий тантанаворликни карнай бағишлайди. Шуни ҳам айтиш керак-ки, андижонча карнай усуллари ғоят ўзига хос ва бўлакчадир.
Хўш, нечун чаладилар карнайни?
Назаримда, шундай: икки дилнинг, икки авлод такдирининг боғланиши улкан ҳодисотдир. Карнай янги бир авлод пойдевори қурилаётганини тўрт томонга овоза қилади, бу қутлуғ маросимга гувоҳлар йиғади. Карнай шавқ билан наъра тортади, фалончининг қизига харидор бўлиб келдик, дея келиннинг атроф маҳалласини оёққа турғазади.
Ҳовли-ю тор кўча, айвон-у том одамга тўлади. Қизи чиқиб кетар онда, шу уйнинг улуғи титроқ овоз билан дуо беради, ёш-у қари: «Омин» – дея қўшилишади.
Келинни олиб қайтган карнайлар, энди куёв масканида бонг урадилар: «Ҳой, яхшилар, эшитмадим, деманглар, бир покиза гавҳарни олиб келаяпмиз, у сизларга фарзанд бўлажак! Чиқа қолинг, яхши ният билан қарши олинг» – дея ҳаммани қўзғатиб, ҳаяжонга солади. Бу кун карна-ю сурнай, ноғоранинг гижбадабангидан бутун маҳалла шу икки ёшга бахт тилаш билан машғул бўлади…
Азиз ўғлон ва муҳтарам қизойим! Эл дуо бердими, тамом, шу заҳоти чўнг масъуллик елкангизга тушади. Бу масъуллик сизни ҳамиша рўзғорни асраб-авайлашга ундаб туриши лозим. Эл дуоси элнинг назари, демакдир. Рўзғорни эҳтиёт қилмаслик назардан қочмоқликдир. Бу эса, улкан фожиадир — назардан қолганларнинг оиласи ҳам, авлоди ҳам ҳеч қачон унган эмас, ўсган эмас.
НЕГА КЕЛИНЧАКНИ
КЎТАРИБ ОЛАДИЛАР?
Карнай садолари ила келаётган келин истиқболига куёв дарвозаси олдида катта гулхан ёқилади. Дарвоқе, нечун ёқадилар оловни?! «Келинчак, сени оловдай муҳаббат билан кутаяпмиз» – деганларими бу? Яна: «Келинчак куёвнинг хонадонига оловдай меҳр билан кириб келсин» – деган орзуларими? Ёки: «Жами нохушликлар ичкари ораламай, янги рўзғорнинг остонасида куйиб битсин» – деган маъноларда олов ёқилар, балки.
Олов тинмай чарсиллайди, унинг атрофида чарх уриб рақс тушаётган Андижон йигитларининг товонлари чандон гурсиллайди. Шу оралиқда бир неча йигитлар куёвга тўн кийдириб, шоҳи қийиқ билан белини сириб боғлаб, келинни кўтариб олмоққа созлайдилар, сўнгра келин ўтирган машинадан уй остонасигача бир-бирларига қўл беришиб, куёв муҳофазаси учун занжирсифат жонли йўлак ҳосил қиладилар. Карнай эса: «Мард бўл, шер бўл, бўл, бўл, бўл, бўл!» каби зарб усулларни бошлаб юборади. Куёв шу аснода келин томон йўналади. Карнайнинг бетоқат, тезоб ҳайқириғи, йигитларнинг мадад берувчи қийқириқлари остида куёв келинни даст кўтариб, чимилдиққа олиб келиб қўяди. Бу Андижон тўйларининг энг кўримли, ҳаяжонли манзараларидан биридир.
…Куёв қўлларини чўзганича келин томон одимлар экан, менинг хаёлимга бир ўй урилади. Шоир қалбим билан куёв ўйларини ўқиётганга ўхшайман, мана, куёвнинг кўнглидан кечаётган гаплар:
Юлдузлар ичида ой сайлаганим, келдингми-я!
Қизларнинг орасидан ҳур сайлаганим, келдингми-я!
Тушларимни ростга айлантириб келасан-у,
Сени кўтармай кимни кўтарай!
Дуоларимни чинга айлантириб келасан-у,
Сени кўтармай кимни кўтарай!
Отамнинг ушалган армони бўлиб келаётганим,
Кел, кафтларимга қўн!
Онамнинг дардига дармон бўлгувчим,
Сени кўтармай кимни кўтарай!
Опа-синглимни топиштиргувчи бўлиб келаётганим,
Оғаларимни келиштиргувчи бўлиб келаётганим,
Кел, кафтларимда олиб кирай сени!
Рўзғоримнинг баракаси, кел,
Хонадонимнинг истараси, кел!
Менинг номимда боғлар яратасан-у,
Сени кўтармай кимни кўтарай!
Яхшимни оширарим, ёмонимни яширарим,
Посбоним, кел,
Қўлларимга қўн,
Эл олдида табаррук қилиб, олиб кирай сени!

