Алоқа | Обуна

Ўрнак олса арзийди!

20160517_113710

Қорабулоқ қишлоғидаги Фурқат номли мактабнинг катта залида “Ёшлар – қишлоғимиз фахри!” мавзусида ажойиб тадбир ўтказилди. Бундай дейишимизга сабаб, мазкур анжуман қишлоқнинг илғор ёшларини шарафлашга бағишлангани билан ҳам бошқа тадбирлардан алоҳида ажралиб турди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда қишлоқда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган “NiK”, “Болашақ”, “Интеллект” ва Оқсувкентдаги “Лидер” ўқув марказларининг тарбияланувчилари бир неча йилдан бери Америка Қўшма Штатларининг таълим соҳасидаги давлат ташкилоти томонидан ташкил этилган “FLEX” дастурининг ғолиблари бўлишмоқда. Қорабулоқ, Орис ва Кўлкент қишлоқларидаги умумтаълим мактабларида мазкур дастур асосида чет элда ўқиш бахтига эришган ўқувчиларнинг сони ўн нафарга етганини таъкидлаш жоиз. Ушбу рўйхатда Фурқат номли, Улуғбек номли, Жамбил номли, Рустемов номли, Навоий номли таълим масканлари, “Қорабулоқ” мактаби, шунингдек, Қўнаев номли коллеж ҳам бор.
Бу, авваламбор, таълим муассасаларида ва оилаларда чет тилларини ўрганишга бўлган эътиборнинг ижобий томонга ўзгаргани натижасидир. Жорий йилда мана шундай ғолиблик Қорабулоқдаги Ҳамза номли мактаб ўқувчиси Бекзод Қайнарбековга, Фурқат номли мактаб ўқувчиси Нафиса Абдувалиевага, Кўлкентдаги Навоий номли мактаб ўқувчиси Отабек Султонқуловга насиб этди.
Тадбирда қишлоқ ҳокимлиги, қишлоқдаги жамоат ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари, ота-оналар, мактабларнинг ўқувчилари иштирок этишди.
Дастур ғолиблари – ҳозирги кунда Астана шаҳридаги “Назарбаев университети”да таҳсил олаётган Холида Холдорова ва 10-сонли “Қорабулоқ” ўрта мактабининг 10-синф ўқувчиси Абдулазиз Абдувасиев “FLEX” дастурининг моҳияти, унга қандай қилиб эришиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришди. Бунгача қорабулоқлик Умиджон Жавлонов, Интизор Сайдикаримова, Холида Холдорова, Шаҳноза Ҳалимжоновалар ҳам АҚШда ушбу дастур асосида ўқиб келишган эди.
Тадбирда, дастлаб минбарга кўтарилган вилоят маслаҳати депутати, “NiK” корпорацияси президенти Бадриддин Нишонқулов, таниқли сухандон Ҳамроқул Давронбеков, Қорабулоқ қишлоқ округи ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Шомуродовлар барчани қишлоқ ёшлари қўлга киритган навбатдаги улкан ютуқ билан қутлашди.
– Қишлоғимизда 2007-2008 ўқув йилида инглиз тили курсларининг очилганлиги жуда катта наф берди. Ҳар йили вилоятимиздан жами ўн ўқувчи АҚШга шундай сафарга бораётган бўлса, шуларнинг уч нафари бизнинг қишлоғимиздан эканлиги фахрлидир, – деди Б. Нишонқулов. – Бундай натижаларга ёшларнинг чет тилини чуқур ва пухта ўзлаштиришлари эвазига эришдик. Худди шундай грантни Сайрам даҳасидан икки ўқувчи ютиб олди. Чунки келажакда инглиз тилини билганлар учун ҳар жойда йўл очиқ бўлади…
Жорий йилги танлов натижасига кўра, АҚШда грант асосида бир йил давомида ўқиш шарафига муяссар бўлган Отабек Султонқулов, Нафиса Абдувалиева, Бекзод Қайнарбеков, шунингдек, мактабларнинг директорлари Зокиржон Мавлонқулов, Икром Аҳмедов, Эркин Адаҳамов, Фарҳод Мўминов, ўқувчиларнинг ота-оналаридан Орифжон Усмонов, Мухтор Қайнарбеков, Абдували ота Султонқулов, устозлардан Шаҳноза Йўлдошева, Дилноза Хидирова, Нилуфар Анортоева, Ақмарал Айматова, “NiK” ўқув маркази раҳбари Хадича Маҳаматхонова, “Болашақ” ўқув маркази раҳбарлари Жуманқул Тошпўлатов, Самандар Низомов, “Лидер” ўқув маркази раҳбари Одилбек Абдувалиевларга “Фахрий ёрлиқ”лар ва “NiK” корпорацияси ҳомийлигида уюштирилган совға-саломлар топширилди.
Тадбирда “Оқсув” мактаби директори Эркин Адаҳамов сўз олиб, мактаб ўқувчиси Диана Нишонқулованинг “FLEX” дастурида ғолиб бўлгани, лекин оилавий шароити сабабли уммон ортига ўқишга боролмаганини эслатиб ўтди.
Мазкур дастурнинг 3-босқичидан ўтган, аммо АҚШга бориш имкониятига етишолмаган Фурқат номли мактаб ўқувчиси Мафтуна Йўлдошева, “Қорабулоқ” мактаби ўқувчилари Шоҳруҳ Озодбеков ва Дилдора Тожиева, Т. Рустемов номли мактаб ўқувчиси Мафтуна Қайнарбекова, Жамбил номли мактаб ўқувчиси Баргида Султонова, Қўнаев номли коллеж ўқувчиси Диёра Адаҳамова, Улуғбек номли мактаб ўқувчилари Рўзой Исмоилжонова ва Бекмуҳаммад Абдукаримовлар, Горький номли мактаб ўқувчиси Паризода Хўжаева, “Қорабулоқ” мактаби ўқувчиси Шоҳруҳ Озодбековлар ҳам “Фахрий ёрлиқ”лар ва совғалар билан тақдирланишди.
Тадбирда иштирок этган “Парвоз” доирачилар гуруҳининг мусиқий зарблари, хонанда Бахтиёр Рустамовнинг дилтортар наволари томошабинлар қалбига завқ-шавқ бағишлади.

З. АҲМАДЖОНОВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ