Ҳурматли муштарий! Сиз бизнинг матбуот нашримиздаги “Саломатлик” саҳифасини улкан қизиқиш ва кўпгина керакли маълумотлар олиш учун ўқишингизни яхши биламиз. Бугун ҳам ўзингиз сўраганингиздек, қизларнинг шахсий гигиенаси ҳақида сара ва муҳим маълумотларни беришни маъқул топдик. Бу борада Қорабулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи яқиндагина Санкт-Петербург шаҳрида малака ошириб келган “Нурлы мед” клиникасининг гинеколог шифокори Феруза ЙЎЛДОШОВА саволларга жавоб беради.

– Ассалому алайкум, Феруза опа! Айтинг-чи, кичик ёшдагилар гинекологияси катталарникидан нимаси билан фарқ қилади?
– Қизалоқлардаги гинекологик касалликлар диагностикаси алоҳида касбий тайёргарликни талаб этади, чунки кўпгина ўзгаришлар яширин шаклда кечиб, уларни аниқлаш жуда оғир бўлади. Бундан ташқари, болалар гинекологи руҳшунос ҳам бўлиши лозим: ёши катта аёллар шифокор қабулига келганда улар кўпгина саволларга жавоб беришга тайёр бўлади. Бу саволларнинг кўпчилиги улар учун, гарчи нохуш бўлса-да, шифокорнинг тўғри ташхис қўйиши ва даволашни тайинлашига зарур эканлигини аёллар биладилар.
Шифокор ўз мижозини махфийлик — медицина этикасининг асосий принципларидан бири эканлиги ҳақида огоҳ этиб қўйиши керак. Шу билан бирга, жиддий масалалар вужудга келганда шифокор ёш мижоз қизнинг онаси гувоҳлигида кўрикдан ўтказиши лозим тутилади.
– Қизларнинг гинекологга боришлари керакми?
– Албатта-да! Имкон қадар буни эртароқ қилиш зарур. Гап шунда-ки, болаликда ва ўсмирлик ёшида гинекологик касалликларнинг олдини олиш кейинчалик уни даволашдан кўра анча осондир. Ўсмир қизлар, одатда, гинекологга боришга уяладилар ва фақат жуда зарур бўлгандагина мурожаат қилишга мажбур бўладилар.
2-7 ёшдаги қизалоқларга келсак, одатда, улар ўрнига ота-оналар қизларига гинеколог керак ёки керак эмаслиги ҳақида қарор қабул қиладилар. Бироқ катталар кичик қизалоқлар ҳам балоғат ёшидаги аёллар каби жинсий органларга эга эканликларини унутиб қўядилар, ваҳоланки, ана шу бачадон, бачадон найи, тухумдон каби жинсий аъзоларда қандайдир инфекцион жараёнлар ривожланиши мумкин.
Мутахассисларнинг ҳисоблашича, 20-25 фоиз 2-7 ёшли қизалоқлар ва ўсмир қизлар ҳар хил яллиғланиш касалликлари — киста, миома, ҳайз кўриш даврининг бузилишидан азоб чекишади. Бу касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш зарур бўлади, йўқса, ёши улғайганда бу касалликлар уларнинг туғиш қобилиятига ўз таъсирини кўрсатади.
Қизалоқни биринчи текширишни шифокор туғруқхонада ўтказади. Иккинчи мажбурий кўрик мактабга бораётган пайтда ўтказилади, учинчиси қиз 13-14 ёшга (бироқ бугунда 11-12 ёшда ҳам қизларнинг ҳайз кўриш вазиятлари учраяпти) етганда, яъни кўпчилик қизларда ҳайз кўриш бошланганда ўтказилади.
15 ёшга етган қиз ўзи мустақил равишда гинеколог кўригига бориши мумкин, бироқ бунга ботинадиганлар кам, қизлар шифокорга, фақат оналар билан бирга борилади, деган тўла тушунчада гинекологга боришда давом этадилар.
Дарҳақиқат, кўрикдан ўтказиш чоғида қиздан унинг онасида ҳомиладорлик даври қандай кечганлиги, туғиши қандай ўтганлиги, асорат бўлган-бўлмаганлиги, қизнинг ўзи ёшлигида қандай касалликларни кечирганлиги тўғрисидаги саволларга жавоб беролмаслиги мумкин. Ҳайз кўриш даврини ҳисобга олиш тақвими, баъзан аёллар маслаҳатхонасида берилади, шунингдек, уни ўзлари қилиб олишлари мумкин. Ўсмир қизлар ўзларидаги ҳайз кўриш циклини билиб олгач, уни ушбу тақвимда тахминий ҳайз кунларини белгилаб билишлари керак.
– Яна бир муҳим нарса, яъни жинсий (интим) гигиена қоидалари ҳақида маълумот берсангиз…
– Тўғри айтасиз, жинсий гигиена қоидаларини ҳар бир қиз бола билиши ва уларга амал қилиши керак.
1-қоида. Жинсий (интим) гигиена учун ҳозирда дорихоналарда сотилаётган хусусий интим шампунларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Махсус воситалардан фойдаланиш нозиклик билан тозалаш, бадбўй ҳидни йўқотиш (дезодорация қилиш), зарарли флораларни бартараф этиш ва шиллиқ парда таъсирланишини йўқотишга ёрдам беради. Аёллар жинсий (интим) гигиенаси учун махсус аёллар гигиеник салфеткаларидан фойдаланиш зарур.
2-қоида. Ҳар куни камида икки марта интим душ қабул қилиш, яъни икки марта жинсий аъзолар махсус интим шампунлар лактацид ёки фемофит билан ювилиши зарур. Энг мақбул варианти — ҳар ҳожатга чиққандан сўнг. Айниқса катта ҳожатдан кейин.
Аъзолар тозалиги жинсий соғлик гарови. Бироқ бундай шароитлар ҳамма жойда ҳам яратилмаган бўлиши мумкин. Шу туфайли, зарарсизлантириш (антисептик) лосьони билан тўйинтирилган салфеткаларни эҳтиёт-шарт сақлаб юриш лозим. Уларда шиллиқнинг таъсирланишини қўзғатадиган спирт моддаси йўқ, лекин намловчи ўсимлик мойлари, тинчлантирувчи доривор ўсимликлар экстрактлари сероб. Харид қилаётганда қадоқ идишда «интим» сўзи борлигига эътибор бериш лозим.
3-қоида. Жинсий (интим) гигиена учун кремлар сунъий ҳовузларда ёки очиқ ҳавзаларда чўмилиш вақтида яхшигина ҳимоялаши мумкин. Уларни бевосита чўмилиш олдидан суртиш лозим. Улар тўйинтирилган зарарсизлантирувчи (антисептик) қўшимчалар ва касаллик қўзғатувчи бактерияларга ҳеч бир имконият қолдирмайди. Мазкур маслаҳат ўрта ёшли аёллар учун энг долзарбдир.
– Ташаккур! Ишларингизда ҳамиша омадлар тилаймиз! Саломат бўлинг!
Саҳифани
Султоной НИШОНБОЙ қизи тайёрлади.

