Алоқа | Обуна

Оз-оздан йиғилиб, дарё бўлур!

Дилором Мирсолиева тиришқоқ, пухта билим эгаллашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган миллатдошларимиздан бири. Ўзи ёш бўлса-да, ўрганганларини ёшларга ўргатиб, халқимизнинг олқишларига сазовор бўлмоқда.
«Global Education» ўқув марказини ташкил қилиб, сайрамлик ука-сингилларининг хориж давлатларидаги нуфузли олийгоҳларда ўқиш бахтига эришишлари учун аҳил жамоаси билан бор куч-ғайратини ишга солмоқда. Бугунги кунда ушбу ўқув марказида тил ўрганган 8 нафар сайрамлик ўқувчилар Назарбаев университетида ўқиш грантини қўлга киритишди.

Мазкур муносабат билан ўзимизни қизиқтирган саволлар юзасидан айни ўқув марказининг директори, инглиз тили фани ўқитувчиси Дилором МИРСОЛИЕВА билан мулоқотда бўлдик.
–Мана, ўзингиз айтиб ўтганингиздек, аксар инсонларга армон бўлган шаҳар Алматида бир йилдан ортиқ муддат фаолият юритдингиз. Айтинг-чи, у ердаги ишингиз кўнглингиздан чиқармиди? Демоқчиман-ки, сизни бу тарафларга қайтишга нима мажбур қилди?
– Алмати шаҳрида иш фаолиятим жуда яхши бўлди. Яратилган шароитлар ҳам қувонарли. Лекин ўша пайтлари мени биргина савол қийнарди: “Бир умрга шу ерларда қолиб кетсаммикин ё она қишлоғимга қайтсаммикин” – деган фикрлар оғушида қолардим.
Аммо киндик қони тўкилган макон ҳисси устунроқ келди, чоғи, мен қишлоққа қайтиб, Сайрам даҳасида икки йил билим даргоҳида фаолият юритдим. Лекин биргина устозлик касби билангина чекланиб қолишни истамадим. Ўз ўқув марказимни очиб, унга ёшларни жалб қилсам, келажак авлоднинг сифатлироқ билим олиши учун ўз ҳиссамни қўшсам, деган мақсад билан ишга киришдим. Аммо бу борада озми-кўпми қийинчиликларга дуч келганимни яширмайман.
–Одатда, ҳар бир иш жойининг, янги бинонинг, ўқув марказининг очилиши ва ишга тушиб кетиши борасида анча қийинчиликлар босиб ўтилишининг гувоҳи бўламиз. Сиз ушбу ҳолат ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.
–Тўғри айтасиз. Дастлаб, кичик бир жойдан, хонадан бошланган иш интилиш ва изланиш ортидан кенгайиб боради. Бизда ҳам аввалига иккитагина хона бўлганди. Бугунда улар сони 15 тага етди. Насиб қилса, бундан-да кенгайиш ниятларимиз бор. Алишер Навоий бобокалонимиз айтганидек: “Оз-оздан йиғилиб, дарё бўлур…”. Биз ҳам ўсиб-улғаймоқдамиз.
–Бугунда сиз-у бизга маълум ўқув марказлари сони анча кўп. Шунга қарамасдан, сиз ҳам шу соҳага киришдингиз. Ўқувчиларни тўплаш, ўқийман, деган истакдаги ёшларни топиш қийин бўлмадими?
– Оллоҳга шукур, бизнинг ўқув марказимизни излаб келувчилар жуда кўп. Сабаби, ўқув марказимизда сифатли иш олиб борилади. Мен ўқувчиларни тез ва осон йиға олдим. Боиси, бугунда тилга, билимга, ўқишга бўлган талаб кучли. Ёшлар ҳам қайнаб туришибди. Уларга сифатли билим керак. Ана шундай ўқувчилардан 130 нафарини йиғиб, иш бошлагандик. Бугунда улар сони анчага ортган. Атиги иккитагина синф очиш билан бошланган иш бугунда кенг қулоч ёзиб, парвоз қилмоқда.
Мақсад ягона — ёшларга сифатли билим бериш орқали уларни баркамол авлод сифатида тарбиялаш, етук инсонлар бўлиб етишишларига ҳисса қўшиш. Шунингдек, инглиз тилини мукаммал ўзлаштирган ҳолда ўқувчиларни Назарбаев университетига ўқишга жойлаш ҳамдир.
–Очилганига 4 йил бўлган ўқув марказининг қайси ютуғи билан ҳақли равишда фахрланасиз?
– Ҳали яқин тарихда юз бермаган ва оддий мактаблардан чиқмаган 8 нафар ўқувчи 2013-2017 ўқув йиллари оралиғида “FLEX” дастури асосида АҚШга ўқишга юборилди. Ва бу ишлар келажакда ҳам давом этаверади.
Ютуқларимизни қўлга киритишимизда қатор устозларнинг хизматлари беқиёс. Бугун фурсатдан фойдаланиб, ана шу фидоийларнинг ҳам исм-шарифларини тилга олсак. Улар: Баҳодир Нуралиев, Умиджон Раҳмонқулов, Комилжон Исоқжонов, Оловхон Ҳасанов, Муборак Йўлдошева, Гулшод Мирхолдорова…
– Сизга ушбу йўналишни қўлга киритишда кимлар ёрдам берди?
– Аввало, бундай марказ Қорабулоқ қишлоғида очилган “NiK” ўқув маркази эди. Ўша пайтлари биз ҳам бориб, уни кўриб, қўлдан келган ёрдамимизни бергандик. Шунингдек, вилоятимизда илк бора Назарбаев университетига ҳам қорабулоқлик ўқувчилар киришган. У ҳам бўлса, юқорида тилга олинган ўқув марказининг меҳнати ҳисобига.
Биз ҳам шулардан ўрнак олдик, улар каби бўлишга интилдик, ҳаракат қилдик. Мана, бугунда ўқувчиларимиз давлатимиздаги энг нуфузли олийгоҳларга бепул билим олиш каби ютуқларни қўлга киритишдан ташқари, АҚШда ҳам ўқиб келиш бахтига муяссар бўлишмоқда.
–Энг долзарб муаммо юзасидан мурожаат қилсам. Бугунда, аксар ўқувчилар компьютер ва телефонларга қаттиқ кўнгил қўйишган. Сизда таълим олиш истагида бўлган болаларда аҳвол қандай?
–Албатта буни йўққа чиқариш мумкин эмас. Аммоқўлимиздаги беш бармоқ баробар бўлмагани каби, ҳамма ўқувчиларнинг фикрлари, феъл-атворлари ҳам бир хил эмас. Келажакни ўйлаб, билимли инсонларга ҳавас қиладиган, улар каби бўлишга интиладиган ёшларимиз кўп. Қолаверса, орада учраган бундай тартибдаги ўқувчилар билан алоҳида ишлашга, руҳшунослар билан суҳбат юритишга ҳаракат қиламиз.
Авваллари бизга ишонч билдирмаган ота-оналар, бугунда, ўзлари фарзандларини етаклаб, ўқув марказимизга келишмоқда. Илтимосли хатлар билан мурожаат қилишмоқда, керак вақтда ёрдам қўлини чўзишмоқда.
–Ёш бўлишингизга қарамай, шундай салмоқли ютуқларга эришдингиз. Айтинг-чи, яна қандай ишларни амалга ошириш ниятингиз бор?
–Инсон ҳеч қачон мақсадга эришдим,дея ҳаракатдан тўхтаб қолмаслиги керак, назаримда. Келаси ҳафта АҚШга малака оширгани жўнаб кетаяпман. Шунингдек, Вашингтон шаҳрида ўтказиладиган тренингда қатнашиб, сертификат билан қайтиш ниятидаман.
Яна ўқув марказимизни кенгайтириб, ўқувчилар сонини орттирсам, билимли миллатдошларимиз сафини кенгайтирсам, тил билиш истагидаги ёшларга турли имкониятлар яратсам, шундай йўллар билан давлатимиз равнақига ҳисса қўшсам, деган орзуларим бор.
Малакамни ошириб, инглиз тили фани ўқитувчиларини халқаро даражада тайёрлайдиган, дунёвий илмларга эга ихтисослашган тренер бўлиш менинг асосий мақсадим. Ўзим инглиз тилини халқаро даражада билсам, ўқитувчиларга ҳам билганларимни ўргатаман ва келажакда ўқув марказимизнинг филиалларини кўпайтираман.
–Ҳозирда, ёдда сақлаш қобилияти сустлиги катта-ю кичик кишилар учун умумий муаммо саналмоқда. Бунга сабаб нима, дея ўйлайсиз?
–Эсда сақлаш қобилияти, қачонки, инсон ўз устида ишлашдан чарчамаса, ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш билан ўз мақсадларига интилса, янгиликлар сари силжий олса, менимча,ушбу муаммо ечилади, ёдда сақлаш қобилияти эса, мустаҳкамланади.
– Ўқувчиларни дарсга яна қандай усуллар қўллаб, қизиқтира оласиз?
– Турли психологик тренинглар, суҳбатлар, савол-жавоблар ва шунга ўхшаш турфавоситалар орқали қизиқтириш мумкин. Ҳатто, қизиқиши йўқ ўқувчиларда ҳам ўқишга бўлган интилиш уйғотишда турли услубларни қўлланса бўлади.
Асосийси, марказимизга яхши ниятлар билан келган бирон ўқувчини изига қайтармаслик, қобилиятсиз, дея кўнглини синдирмаслик, олтин даврининг бекорчиликда ўтишига йўл қўймасликдир. Боиси, улар ҳозир эринчоқлик қилишгани билан, келажакда бармоқ тишлашлари, афсус қилишлари, ўкинч билдиришлари мумкин. Оқибатда эса, ёмон иллатларга бўйин буришади. Мана шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш биз – устозларнинг бурчи.
–Келажакда ёшларга тилакларингиз?
– Ўқинг, изланинг, толманг! Ота-она, устозлар, яқинларингиз ишончлариниоқлаб, буюк натижаларга эришинг! Ҳали тарихда юз бермаган ажойиботлар яратиш билан шуҳрат қозонинг! Энг бебаҳо дамларни асраб-авайлаб, улар қадрига етинг! Ёшлигингизда, фақат ва фақат билим олишга, изланишга, янгилик яратишга ҳаракат қилинг!

Эътибор САЙФИДДИН
қизи ёзиб олди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ