Алоқа | Обуна

Бирлигимиз ярашади!

Уч кун давомидаги саёҳат, дил сўзлари, унутилмас таассуротлар!
18, 19, 20 декабрь кунлари Шарқнинг дурдонаси саналмиш Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳатни қисқача, айнан шундай таърифласак бўлади!

20161218_142601

Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг 26 ноябрь куни “Дўстлик” ҳамжамиятида ўтказилган қурултой давомида раисликка ўз номзодини қўйган вилоят маслаҳатининг депутати, “НиК” корпорациясининг президенти Бадриддин Нишонқулов “Дўстлик”нинг раҳбарлигига сайланиш ёки сайланмаслигидан қатъий назар, ҳамма делегатларга Самарқандга саёҳат қилиш учун бепул йўлланма тақдим қилганди.
Ваъдага вафо қилиниб, 50 нафар миллатдошларимиз Самарқанднинг тарихий ёдгорликлари ҳамда обидаларини зиёрат қилишнинг имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур саёҳат инсонлар орасидаги меҳр-муҳаббат, оқибатни янада яқинлаштиради, дўстликни кучайтиради, десак, муболаға эмас. Бу — зиёратга борган 50 нафар делегатларнинг айримлари бизга берган суҳбатларида ҳам мужассам.

20161219_174723-1

Қурбонқул ШЕРМЕТОВ, Қўстанай вилояти ўзбек этномаданият марказининг аъзоси:
– Қурултойда Самарқандга бориш ҳақидаги хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим! Текин бориш имконияти эмас, турли вилоятлар ва шаҳарларимиздаги миллатдошларимиз билан дийдор кўришиш имконияти туғилганидан беҳад хурсанд бўлдим. Ахир, биз бир-бирларимизни яхши танимаймиз. Учрашмасак, кўришмасак, танишмасак – биз қандай халқ бўлдик? Бадриддин Икромжон ўғлига минг раҳмат! Бошимизни қўшиб, бизга шундай таассуротлар олишимизга сабабчи бўлди.
Мен Қозоғистонда шундай сахий, халқимизнинг келажаги ҳақида қайғурадиган, қўйинг-чи, ворисларимиз бўлмиш ёшларимизнинг билим даражасини кўтариш учун оламшумул ишларни амалга ошираётган йигитларимизнинг борлигидан бошим кўкка етди! Қурултойдан қайтаётиб, Бадриддин укамизнинг бажарган ишлари ҳақидаги маълумотларни ўқиб, ҳайратда қолдим. Офарин!
Суннатулла АКРАМОВ, сўлим ва баҳаво Кўлкент қишлоғида яшайди. У кишида Самарқанднинг гўзаллиги, тарихий обидаларнинг кўплиги чуқур таассурот қолдирди.

img-20161219-wa0094

Отабек ЛАЛИЕВ, Қорамурт қишлоғи ўзбек этномаданият марказининг раиси:
– 50 кишидан иборат гуруҳ Самарқанд бўйлаб саёҳатда айланиб юрибмиз. Қадимий минораларни, тарихий обидалар, ёдгорликларни кўриб, барчасидан қувониб кетаяпман.
Аввалига айни сафарга бормайман, дея вақтим йўқлигини баҳона қилган эдим. Лекин кўпчилик ва онажонимнинг сўзларини ерда қолдирмай, дея саёҳатчилар сафига қўшилдим. Мана шундай саёҳатни уюштириб берган вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин акага катта раҳмат!
Бундай сахийлик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Келганимдан ҳечам афсусланмайман. Каримовнинг болалик чоғлари ўтган хонадонни кўрдим, хуллас, ҳаммаси қалбимда зўр ва унутилмас таассурот қолдирди. Ушбу хурсандчилигимни ҳамқишлоқларим билан бўлишаман. Самарқанддек гўзал шаҳарни бунёд этганларнинг охиратлари обод бўлсин!

20161220_081611

Маҳбуба АЙМЕТОВА, Туркистон шаҳри, оқловчи:
– Мана, кўриб турганларингиздек, қиш фасли бўлишига қарамай, ҳамманинг кўнглида завқ-шавқ. Сабаби, биз ўзбекона жамиятда, ўзбекона муносабатда, ўзбекона дастурхонда миллатдошларимиз билан бош қўшиб, саёҳат қилиб, айланиб юрибмиз.
Биримиз тоғдан, биримиз боғдан бўлишимизга қарамай, эски қадрдонлардек тил топишиб, опа-сингил, ака-укадек бўлиб кетдик. Ҳатто, орамизда шу ёшга келса-да, ҳали Самарқанд шаҳрини кўрмаган миллатдошларимиз бор экан. Жумладан, мен ҳам биринчи марта ушбу масканга қадам ранжида қилдим.
Амир Темур, Шоҳи Зинда, Регистон, Бибихоним, Мирзо Улуғбек ёдгорликларини зиёрат қила туриб, ушбу табаррук зотлар ҳақида чуқурроқ маълумотларга эга бўлдик.
Эҳ-ҳе, ҳали биз билмаган, эндиликда ўрганадиган, ҳозирда фахрланадиган нарсаларимиз кўп экан. Мен айни саёҳат давомида ҳаёт қадрини янада теран англагандек бўлдим.
– Инсон ўз ҳаёти давомида кимларгадир қимматбаҳо машина олиб бериши, данғиллама уй солиб бериши, дабдабали тўй қилиб бериши мумкин, аммо маънавий ва руҳий озуқа бериш ҳаммага ҳам хос эмасдир. Аслида ўтган тарихни теран англаб, ота-боболаримизнинг жасоратлари-ю қаҳрамонликларини кўрсата олиш, таништириш орқалигина инсон маънавиятини кенгайтира олар эканмиз. Ана шундай савобли йўлда юрган миллатдошларимиз ҳамиша омон бўлишсин, – дейди Самарқанд саёҳатидан бир олам таассуротлар билан қайтган Сариоғоч шаҳар ўзбек этномаданият марказининг раиси Бахтиёр Анорметов.

img-20161224-wa0084-1

Жабборқул СЕРГАЛИЕВ, Орис қишлоғидаги Рустемов номидаги 12-сонли гимназия мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари:
– Мен ушбу саёҳатнинг бунчалар чиройли, маъноли, қувончли тарзда ўтишини ҳис қилмагандим. Тарихий обидаларга бой, ўзлигимизни англатувчи, ўзбеклигимизни ҳис қилдирувчи манзараларни кузата туриб, ўзбеклигимни чуқурроқ сезиб, ўзимни янада баландларда ҳис қилдим. Ростимни айтсам, шу оз муддат ичида мен руҳий озуқа олиб, сўз билан етказиб бўлмас қувонч билан қайтаяпман. Ташкиллаштирувчиларга мингдан минг раҳмат!

img-20161224-wa0108-1

Шокиржон АСЛАНОВ, Манкент қишлоғи:
– Бадриддин Нишонқулов бошчилигида Самарқанд шаҳрини кўпчилик юртдошларимиз билан биргаликда зиёрат қилдик. Очиғини айтганда, ҳамманинг кўзида қувонч-шодлик, бахтиёрлик, қалбларда эса, чуқур ташаккур чарх уриб турибди. Бадриддин Нишонқулов ҳамиша ўз ваъдасининг устидан чиқиб юрган. Жумладан, мана шу саёҳат орқали у ўзининг қанчалар мардонавор эканлигини яна бир бор исботлади, десам муболаға бўлмас.
Сабаби, сайловда ўтмай қолишига қарамай, барча делегатларни Самарқанд сафарида бирга бўлишга чорлади. Бундай жасорат камдан кам кишиларнинг қўлидан келади, холос. Ҳамиша бошлари омон бўлиб, ишлари ривож топсин. Саёҳат учун раҳмат!

img-20161224-wa0062-1

Рустам НИГМАТЖОНОВ, Қорамурт қишлоғи:
– Самарқандга кириб боришда Ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилдик. Ҳақиқатан, ушбу обиданинг устунларига ўйиб туширилган нақшлар, ҳовлисидаги 565 ёшли чинор қалбимда ўзгача ҳаяжон туғдирди. Бу ерда эсдалик учун суратларга тушиб, совғалар олдик.
Азим Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиш билан бирга, Ўзбекистон давлатини 25 йил бошқарган собиқ президент Ислом Каримов қабрини ҳам кўриб, унинг руҳларига Қуръон тиловатлар қилдик.
Мен булардан жуда хурсандман. Билишимча, атрофимдагилар ҳам шундай ҳиссиётдалар. Бизларнинг бошимизни қўшиб, ўзбеклар бирлигини сақлаб, ҳамжиҳатликни ўзгаларга намуна қилаётган Бадриддин Икромжон ўғли ҳамиша соғ бўлсин. Биз ундан чин маънода миннатдормиз!
Тўлаган АБДУШБОЕВ, Қорамурт қишлоғи:
– Кўҳна Самарқанднинг кўринишига қараганда, ҳозирги Самарқанднинг кўриниши осмон билан ерча фарқ қилади. Айтмоқчиман-ки, бугунги ҳолати жуда чиройли. Давлат мустақилликка эришгач, зиёратгоҳ маконларга анча ўзгаришлар киритилган. Асосийси, қадимий миноралар, тарихий обидалар ўзаги сақланган.
Биз бунга саёҳат давомида амин бўлдик. Илоҳим, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ва халқларининг дўстлиги бардавом бўлаверсин. Бу таассуротларимизни фарзандларимизга, ҳамқишлоқларимизга тўлқинланиб гапириб берадиган бўлдик.
Сизга айтсам, ҳақиқатда, жуда хурсандмиз!

Ҳасан СОБИРОВ, Мақтаарал тумани:
– Мен ўзбек бўла туриб, тарихи теран бобокалонларимиз ҳақида, эндигина кенг маънода маълумот олганимдан афсусландим. Қаранг, мусулмон бўлмаган ўзга миллатларнинг вакиллари, яъни Корея, Америка, Франция давлатларидан катта қизиқиш билан келган саёҳатчилар мазкур заминда бисёр.
Шуни англаб етдим-ки, биз фарзандларимизга ёшликларидан мана шу буюк зотларимиз ҳақида чуқур маълумотлар бериб боришимиз керак экан. Мен буни Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳат пайтида тушуниб етдим. Ташкиллаштирилган 3 кунлик саёҳат ҳаммамизнинг кўнглимиздан чиқди.
Илоҳим, мана шундай савобли ва намунали ишлар ҳаммамизга ўрнак бўлсин!
Тожимат ГУЛБОЕВ, Тўлабий туманига қарашли “Хонариқ” ўрта мактаби директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари:
– Бундан бироз йиллар аввал Самарқандга иш юзасидан борганман, лекин саёҳат қилмагандим. “NiK group” корпорациясининг президенти Бадриддин Нишонқуловнинг ҳомийлиги ва ташаббуси билан яқинда Самарқандга саёҳат учун бориб келганимдан жудаям мамнунман.
Гулираъно синглимгаям катта раҳмат, жуда кўп жойларни бирга айландик, аввал боргани, тегишли жойларни билгани учун бизларни таништириб юрди.
Бу навқирон ва кўркам шаҳардаги тарихий обидаларнинг ўта кучли маҳорат билан ишланганлиги мени ҳайратда қолдирди. Ҳақиқатдан ҳам, кўзлар қамашади. Уларнинг ишланиш усуллари менимча ҳозиргилар учун эртакка айланса керак.
Ташкилотчиларга катта раҳматимни айтиб, кириб келаётган Янги йил байрами билан чин дилдан қутлайман ва ҳамманинг оиласига тинчлик, осойишталик, қут-барака тилайман!

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ