
Ҳозирги кунда вилоятимизнинг турли ҳудудларида ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаларининг олиб бораётган ишларида анчагина фаоллик сезилмоқда. Улар билим, спорт соҳаларида, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизнинг ривожланишида, оилаларда ечимини топмаётган айрим муаммоларнинг олдини олишда, фарзандларимизнинг тарбияси борасида ҳам эл оғалари билан биргаликда талайгина эзгу ишларни амалга ошириб келмоқдалар.
Яхшининг яхшилигини айтиш жоиздир. Яна бир аҳил жамоанинг олиб бораётган савобли ишлари ҳақида Сайрам тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раисининг ўринбосари, Кўлкент қишлоқ округи ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Ирисдавлат ака ҚУРБОНОВ билан суҳбатда бўлдик.
– Ассалому алайкум, Ирисдавлат ака! Сиз билан ўн икки ойнинг султони ҳисобланган муборак рамазон ойида дийдорлашиб турибмиз. Ушбу ой сизга муборак бўлсин. Таҳририятимизга хуш келибсиз!
– Ваалайкум ассалом, хушвақт бўлинг, раҳмат!
– Хабарингиз бор, яқинда муҳтарам президентимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Сиз ҳам ушбу мақола борасида ўз фикрларингизни билдирсангиз…
– Президентимизнинг ушбу битиги халқимиз учун жуда ҳам муҳим эди. Ривожланган ўттизта давлатлар қаторига кириш учун Қозоғистон халқи олдига Элбошимиз керакли вазифаларни очиқ-ойдин қўйиб берди. Ушбу давлатлар қаторига қўшилиш учун янгича фикрлаш, давлатимизнинг иқтисодий аҳволини ривожлантириш, янги технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, ёшларнинг тарбиясига кўпроқ аҳамият бериш, билим ва спорт соҳаларини ривожлантириш, мактабларда уч тилли ўқиш системасини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар кўтарилган.
Мақоланинг яна бир эътиборга лойиқ томони – барча миллатларнинг урф-одатлари, қадриятлари, тиллари ва маданиятларини ривожлантиришга ҳеч қандай тўсиқ ёки ғов бўлмаслиги таъкидланганидир. Инглиз тилини мукаммал ўрганиш ёшларимиз учун кўп қулайликлар яратишига ишончимиз комил. Чунки инглиз тилини билиш жаҳон халқлари билан тиллаша олиш ва чет элларга бориб ўқиш ҳамда саёҳатларга бемалол чиқиш имконини беради.
Иш режаларини аста-секинлик билан амалга ошириш мақсадида инглиз тилини болалар боғчасидан бошлаб ўқитиш, ўн икки йиллик таълим тизими йўлга қўйилмоқда. Ушбу ишларнинг барчаси самарали амалга ошса, ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш учун яна бир қадам олға силжиган бўламиз, албатта.
– Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси қошида ҳайъат аъзолари сайланган. Сизнинг ҳайъат аъзоларингиз кимлар ва уларнинг фаолиятлари ҳақида бироз маълумот берсангиз.
– Суннатулла Акрамов — оқсоқоллар кенгаши, ижодкорлар билан ишлаш йўналиши бўйича; Мунира Мавлонқулова — аёллар кенгашига; Суннат Эгамбердиев ва Тўймурод Эшимов спортни ривожлантириш соҳасига; Саидаҳмад Мирзаев — билим соҳасига; Маъмуржон Шодиев — қишлоқ ҳокими, Шавкат Мавлонқулов — ташкилий ишлар бўйича; Музаффар Гултўраев — ёшлар билан ишлаш бўйича масъулдирлар. Шунингдек, Қобил Умаралиев, Муқаддас Усмонова, Эркин Остонақулов, Абдураҳим Отахонов, Ибодат Абдуқодирова, Абдужаббор Аҳмедов сингари ҳамюрт ака-укалар, опа-сингилларимиз бизнинг ишларимизга ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Қишлоғимизда кейинги пайтларда спорт ва билим соҳаларига кўпроқ кўнгил бўлинмоқда. Жумладан, С. Эгамбердиев Грецияда ўтказилган кураш бўйича жаҳон чемпионатида 3-ўрин соҳиби бўлди. Т. Эшимов мамлакатимизда имконияти чекланган фахрийлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда стол тенниси бўйича ўн марта чемпионлик унвонини қўлга киритди. Бунда вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқуловнинг хизматлари беқиёсдир. Хат орқали у кишидан ҳомийлик қилишини сўраганимизда ҳеч иккиланмай бизга ёрдам қўлини чўзди. Кўлкентликлар номидан Бадриддин Икромжон ўғлига раҳмат. Т. Эшимов кейин маданият марказининг қўллови билан Венгрия давлатининг Егер шаҳрида бўлиб ўтган стол тенниси бўйича очиқ чемпионатда иштирок этиб, махсус лицензияни қўлга киритиш бахтига муяссар бўлди.
Жорий йил 12 майда у Словакияда стол тенниси бўйича ўтказилган дунё биринчилигида Қозоғистон терма жамоаси номидан иштирок этиб қайтди.
Кўлкент қишлоқ округи тарихида биринчи марта “NiK” ўқув марказида қўшимча билим олиб, ўзининг инглиз тилидаги билимларини янада мустаҳкамлаган, А.Навоий номидаги 13-сонли мактаб ўқувчиси Отабек Султонов “FLEX” дастури бўйича Америкада бир йиллик бепул ўқиш грантини ютиб олди.
Қишлоғимизда мини спорт комплексимиз бор. Ёшлар ва фахрийлар ўртасида футбол ва волейбол бўйича турли мусобақалар уюштириб турамиз. Ғолибларга махсус совғалар ҳамда фахрий ёрлиқлар берилиб борилади. Булардан ташқари, Пахтазарбдор, Оқсувобод, Кўлкент қишлоқларининг мактаблари орасида бевосита алоқалар ўрнатиш мақсадида ўқувчилар ўртасида турли фан олимпиадаларини мунтазам равишда ўтказиб турамиз.
Ҳар хил байрамлар муносабатлари билан турли тадбирлар ва турфа концерт дастурлари ташкиллаштириб борилади. Ҳар байрам арафасида Улуғ Ватан уруши ҳамда афғон уруши фахрийларининг уйларига ташриф буюриб, уларга совға-саломлар улашишни одатга айлантирганмиз. Афғон уруши қурбони, ҳамқишлоғимиз Тўлқин Қурбонов хотирасига бағишлаб, ҳар хил спорт турлари бўйича хотира турнирлари ўтказилиб туради.
Муқаддас аёлларимиз бизнинг ҳаётимиздаги доимий ҳамроҳларимиздир. Оқсоқоллар кенгаши аъзолари, Мунира Мавлоқулова билан биргаликда маҳаллаларимизда тўй-маъракаларнинг тартибли равишда ўтишига, айниқса бизнинг урф-одатларимизга ёт бўлган айрим номаъқул қилиқларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Ҳар бир оиланинг моддий шароити ҳар хил. Ҳамманинг ҳам ЗАГС машиналарини ёллашга қурби етавермайди. Буни бирданига йўқ қилиб юбориш мумкин эмас. Ушбу борада кўпгина тушунтириш ишларини олиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Оилалардаги арзимас баҳоналар билан ажралишларга чек қўйиш, мактабни битирмасдан туриб, ёшларни унаштириш кейинги пайтда авжига чиқиб кетди.
Ота-оналар ва мактабларнинг жамоалари ўртасида алоқани мустаҳкамлаб, ёшларимизни оилага ҳамда у ерда учраб турадиган оилавий қийинчиликларга тайёрлаб боришни йўлга қўяяпмиз. Келажакда яна грант соҳибларининг сафлари кенгайиб боради, деган умиддамиз. Мактаб ўқувчиси у ерда бошқа нарсага чалғимай, фақат ўқиш билан банд бўлиши кераклигини ҳар доим таъкидлаб туриш лозим.
Ҳар йили Шимкент шаҳридаги Абай истироҳат боғида ўтказиладиган “Ўзбек халқининг тили ва маданияти, урф-одатлари куни” тадбирида Кўлкент қишлоқ округи ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси ҳайъат аъзолари ва мактаб директорлари билан биргаликда миллий таомлар ва қўл ҳунари, санъат асарлари билан бевосита иштирок этиб, халқаро даражадаги сертификатни қўлга киритдик.
Йилда мактабларда навоийхонлик кечалари уюштирилади ва бунга ижодкорларимиз таклиф этилади. Бу тадбирлардан асосий мақсадимиз ёшларимизни санъатга, адабиётга қизиқтириш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, эл корига ярай оладиган азаматлар бўлиб етишишлари учун, оз бўлса-да, ҳиссамизни қўшишдан иборатдир.
– Ҳозирги кунда битирувчи ёшларимиз қўлларига етуклик аттестатларини олиб, мустақил ҳаёт сари қадам босишди. Мактабни битирганларидан кейин ўтказиладиган хайрлашув кечаларига муносабатингиз қандай?
– Аввало, ушбу кечаларни уюштиришга, кийим-кечак олишга, машиналарнинг ижарасига пул тўлайдиган инсонлар – ота-оналаримиз. Шундай экан, бу масалада улар билан очиқ-ойдин суҳбатлар ўтказиш, тушунтириш ишларини олиб бориш керак, дея ўйлайман.
Кейинги пайтда бир йигит, битта қиздан машинага ўтириб, сайр қилиш авжига чиқиб кетди. Бунинг оқибатида қанча ёшларимиз автоҳалокатга учраб ногиронларга айланса, айримлари ҳаёт билан видолашганларининг ҳам гувоҳи бўлганмиз.
Ахлоқ-одобдан четга чиқмасдан, дабдабали қилмасдан, маҳалла қўмитаси ёки ўқитувчилар иштирокида кичикроқ қилиб ўтказса бўлар, балки. Қўлига аттестат текканидан кейин, битирувчиларга ота-оналаридан бошқа ҳеч кимнинг гапи ўтмай қолиш ҳоллари ҳам учраб туради.
Ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шундан ошириб юбормаганимиз ҳам ўзимизга, ҳам ҳамёнимизга фойдалидир. Чунки фарзандлар тарбиясига барчамиз бирдек масъулмиз!
– “Жануб жарчилари” газетасининг муштарийларига тилакларингиз бўлса…
– “Жануб жарчилари” газетаси билан унинг илк қадамлариданоқ ҳамкорлик қилишни бошлаганмиз. Айни ҳафтанома ҳақидаги фикрларимиз ижобий. “Жануб жарчилари”ни халқимиз орасида ўзбекзабон газеталар қаторида ўз ўрнига, ўзининг ўн минглаб муштарийларига эга, оммабоп, ўқишли газета сифатида биламан.
Ўзингиз юқорида айтиб ўтганингиздай, ҳозир Оллоҳнинг раҳмати ёғиладиган, жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпиладиган, Қуръони Карим оятлари нозил қилина бошлаган рамазон ойида учрашиб турибмиз. Роббимиз ушбу ойда барча дуоларнинг ижобат бўлишлигини ваъда берган.
Шундай экан, барча муштарийларингизга ҳам, таҳририят ходимларига ҳам, барча ҳамюртларимиз, миллатдошларимизга ҳам ушбу ойда ва келажакда не-ки яхши орзу-умидлари, эзгу истаклари бўлса — бари амалга ошишини, муштарийларингизнинг сони кундан-кунга кўпаяверишини, танларингиз-жонларингизга соғлик-саломатлик, ишларингизга ривож, оилавий бахт-саодат тилайман!
Рамазон ойи барчангизга қутлуғ келсин ва келаси йил ушбу дамларга барчамиз тинчлик-хотиржамликда етиб борайлик, Худо хоҳласа!
– Раҳмат, Ирисдавлат ака! Сизга ҳам барча яхшиликларни тилаб қолган ҳолда, қимматли вақтингизни аямай, биз билан суҳбатда бўлганлигингиз учун кўп сонли муштарийларимиз номидан, таҳририятимиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ишларингизга ривож тилаймиз!
Суҳбатни Гулбаҳром
АБАТОВА олиб борди.

