Генерал-майор Имомов Зуннун Имом ўғли таваллудининг 100 йиллигига
Имомов Зуннун Имом ўғли 1917 йилнинг 29 май куни Қўқон хонлигига қарашли Туркистон ўлкасининг қадимий Сайрам қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Имомалихон ўз замонасининг ўқимишлиларидан бири бўлган. Оиланинг энг кичик фарзанди 13 ёшли Зуннун Имом ўғли Тошкентга келиб, фабрика-завод билим юрти(ФЗУ)га ўқишга кирган. Чунки бу ерда касб-ҳунар ва билим олиш билан биргаликда, ётоқхона мавжуд бўлиб, ўқувчиларга, оз бўлса-да, овқат берилган ҳамда педагог мураббийлар тарбиясида бўлган.
Ўқишдан сўнг ва амалиёт пайтларида у поездларда паровоз ўт ёқувчиси бўлиб ишлаган, ҳайдовчилик касбини эгаллаганди. 1934 йилда Зуннун Имом ўғли ёш ишчилар мактабига ўқишга кирган. Бу ҳозирги «коллеж» билан тенглаштирилган билим юрти эди. У ерда аъло ўқиганлиги ва намунали хулқи учун — ёшлар иттифоқи йўлланмаси билан — 1937 йили Зуннун Имомов Саратов шаҳри яқинидаги Вольский ҳарбий ҳаво учувчилари билим юртига ўқишга юборилган ва уни муваффақият билан тугатган.
Билим юрти битирувчиси, кичик лейтенант унвонли ҳарбий учувчи Зуннун Имомов 1939 йилдан жанговар армияда: Совет — Финляндия урушида, 1941 йилдан эса, немис фашизмига қарши совет армиясининг ҳарбий ҳаво кучларининг оғир бомба ташувчи учувчиси сифатида кўплаб жанговар операцияларда қатнашган ва ўзининг ботирлик, қаҳрамонлик хусусиятларини кўрсатган.
1945 йили, урушдан сўнг, ёз ойларида Зуннун Имом ўғли Москвага — Давлат хавфсизлиги комитетинииг «СМЕРШ» мактабига ўқишга юборилган. Чунки ўша пайтда ҳукумат олдида «разведка-контр разведка» ишларини мустаҳкамлаш турган. У 1945 йил охирида Тошкентга ўқишга юборилган ва ушбу ўқишни давом эттирган, чунки Москвадаги билим даргоҳининг бу ерда Ўрта Осиё филиали очилган эди.
Ўқишни тугатганидан сўнг, Зуннун Имомов Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги комитетида тезкор — раҳбарлик лавозимларида 1949-1951 йилларда Қарши шаҳрида хизмат қилиб, 1947-1951 йилларда Тошкент Давлат ҳуқуқшунослик институтини сиртдан тугатган.
1953 йили Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети қисқа вақт бирлаштирилган пайтда, Зуннун ака республика давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилишга қарши курашиш бошқармаси(УБХСС) бошлиғи этиб тайинланади.
Шундай қилиб, собиқ ҳарбий учувчи, собиқ давлат хавфсизлиги ходими, олий маълумотли майор хизматининг охиригача ички ишлар идораларининг ходими бўлиб қолган.
1958 йили Зуннун ака республика Ички ишлар вазирлигининг маъмурий милиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган, тергов, жиноят қидирув, УБХСС тизимларининг хизматларини олиб боришга раҳбарлик қилган. Чунки мазкур бошқармага ҳамма бошқармалар: тергов, УБХСС, жиноят қидирув, жамоат тартибини сақлаш бўлими, хўжалик, кадрлар билан ишлаш хизматлари ва ҳоказо милиция хизматлари бўйсунган бўлиб, ана шу пайтдаги штат лавозимларида вазирнинг ўринбосарлари бўлмаган, унинг вазифасини ушбу хизмат бошқарган.
Билимга иштиёқ, ўз устида ишлаш, хизмат вақтидаги вазифалар ўз вақтида олиб борилиши ва уни чуқурроқ ўрганиш учун Зуннун ака сиртдан 1959 йили аспирантурага ўқишга кирди ва диссертация ишини академик Хадича Сулаймонова раҳбарлигида «Республикада маъмурий ҳуқуқларни такомиллаштириш» мавзусида олиб борди.
Қаҳрамоним тадқиқот ишларини давом эттиролмади. Чунки 1960 йилда у киши Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди. Зуннун Имом ўғли Хоразм вилоятида ИИБни 8 йил бошқариб, жиноятчиликнинг олдини олишда, содир этилган жиноятларнинг тўлиқ очилишида ва жамоат тартибини сақлашда ва ходимларнинг интизомини мустаҳкамлашдаги республика бўйича юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун 1968 йили Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи этиб тайинланган.
У киши Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи этиб тайинланганидан бошлаб, Хоразмда қандай юқори кўрсаткичларга эришган бўлса, бу ерда ҳам, худди шундай иш олиб борди. Ходимлар орасида интизомни кучайтириб, уларнинг маънавий билимларини ошириш Зуннун аканинг энг муҳим ишларидан бири бўлган. Шу йилнинг ўзидаёқ пойтахт кўрсаткичи юқори ўринларни эгаллаган.
Катта жамоага раҳбарлик қилганлиги, пойтахтнинг юқори кўрсаткичларга эришганлиги борасидаги хизматлари учун Зуннун ака Имомовга «генерал-майор» юксак унвони берилди. Чунки ўша пайтда — 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг — бу ерга собиқ иттифоқнинг ҳар томонидан ёрдамга келганлар орасида нопок кимсалар, жиноятчилар мавжуд бўлиб, улар рўйхатсиз вагонларда яшар, кундузи номига ишлаган бўлиб, кечалари жиноят ва тартиббузликлар содир этардилар.
Зуннун ака Имомов Иттифоқ миқёсида биринчилардан бўлиб, профилактика-жиноятнинг олдини олиш ишларини йўлга қўйиш хақидаги масалани кўтарган ва Москвага бу ҳақида тавсиянома жўнатган. ИИБда штат очилиб,ушбу хизматга полковник А.Л.Карасик бошлиқ этиб қўйилган.
Зуннун ака Имомов кун-утунетарли дам олмасдан, меҳнат таътилини тўлиқ ўтказмасдан ушбу лавозимда беш ярим йилдан ортиқ хизмат қилиб, соғлигини йўқотганидан сўнг, 1972 йилда истеъфога чиққанди.
У кишини тантанали равишда нафақага кузатганлар. Қисқа вақт дам олганидан сўнг, ИИВда профилактика – жиноятнинг олдини олиш бўлимини очтириб, у ерда раҳбарлик лавозимида хизмат қилди. Сўнг Тошкент вилояти матлубот жамияти бошлиғи сифатида 8 йил, кейин ушбу жамоа юридик бўлими бошлиғи бўлиб, 6 йилҳалолхизматқилди.
Зуннун ака ДХК, ИИВдаги хизматлари учун давлатнинг юксак мукофотлари: “Қизил юлдуз”, “Ҳурмат белгиси” орденлари ва бир қанча жанговар медаллар, фахрий ёрлиқлар, иттифоқ миқёсида ИИВнинг хизмат кўрсатган ходими кўкрак нишони ва вазирликларнинг бир қанча мукофотлари билан тақдирланган.
У киши қаерда хизмат қилмасин, аввало, 6 нафар фарзандларининг тарбияси ва билимини назорат қилиб турганди. Қизи Тамара филология фанлари номзоди — ИИВ академияси ўқитувчиси бўлган; ўғли Эркин физика-математика фанлари доктори, профессор; қизи Динара ИИВ ходими бўлган — майор; ўғли Элбек юридик фанлар доктори, профессор — Москвада яшайди, масъул лавозимда хизмат қилади; ўғли Улуғбек Тошкент Давлат консерваториясида профессор вазифасини бажарувчи; ўғли Равшан олий маълумотли хусусий тадбиркор. Шунингдек, бирқанча набиралариЎзбекистон, Россия ва Европанинг нуфузли олийгоҳларини битирганлар ва уларнинг талабаларидир.
Зуннун ака Имомов ҳаёт бўлганида 100 ёшни қаршилаган бўлар эди. У кишига бутун ҳаёти мобайнидаги оғир кунларида ҳамдард бўлиб яшаган умр йўлдоши Роза хола Газизовна эса — 93 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идораларининг фахрийси, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси фахрийлари кенгашининг раиси, истеьфодаги полковник:
А.С.ИСАХОНОВ.


