Алоқа | Обуна

Пайғамбар ёшингиз қутлуғ-муборак!

“Ҳаётда бирор натижага эришмоқ учун баъзи нарсаларнинг бағридан воз кечишга тўғри келади” – деган фалсафий қоида борлиги кўпчилигимизга маълум. Ҳақиқатда ҳам шундай. Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда эрта туриб, қаёқдадир шошиламиз, олдимизга қўйган мақсад ва режаларимизни амалга ошириш учун тинмай изланамиз, югурамиз, еламиз ва унинг натижасини кўришга шошиламиз. Бундай ҳолатлар барча соҳаларда тез-тез учраб туради ва бизлар эса, уларнинг гувоҳларига айланиб қолганмиз.
Ҳозирги кунда юртимизда ёшлар тарбиясида спорт ва жисмоний тарбиянинг роли ҳақида кўплаб гапирилади ва чора-тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Элбошимиз Н. Назарбаевнинг ўзлари ҳам доимий равишда спорт билан шуғулланиб келганлиги сабабли ҳам, Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида 2020 йилга борганда қозоғистонликларнинг 30 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланишлари зарур, деган ғояни олға сурган.
Сайрам даҳасидаги 12-сонли спорт мактабининг жамоаси ўсиб келаётган ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда, уларни жисмонан етук инсонлар этиб тарбиялашда ҳам ўзига хос чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда ва мактабнинг спортчилари турли даражадаги мусобақаларда олдинги сафларда келишмоқда десак, адашмаймиз.
Мактабнинг кўпйиллик ютуқларида шу кунларда ўзининг 63 — пайғамбар ёшини тўйлаётган стол тенниси бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, олий тоифали устоз-мураббий, Сайрамда биринчилар қаторида ўқувчи ёшлар орасида стол тенниси спортини жонлантирган, ривожлантирган, кўплаб ажойиб теннисчиларни тарбиялаган, стол теннисидан саккиз нафар спорт устасини халқимизга “совға” қилган (улар — Ҳайитбоева Гулмира, Эшонқулова Мухтабар, Комилжонова Гулноза, Ҳавазметов Раҳимжон, Илҳомжонова Малика, Ирисалиев Сарвар, Азатова Озода ва Турсиналиева Малика), турли даражадаги республика қамровидаги, халқаро миқёсдаги мусобақаларга бошчилик қилиб келаётган, камтарин, оддийгина, камгап, лекин ўз касбининг фидойиси, ақлли ва доно, қарийб 32 йилдан бери бир жойда хизмат қилиб келаётган, “Мустақилликнинг 20 йиллиги” медали, “Жамоат фидойиси” ҳамда “Спортдаги алоҳида меҳнатлари учун” кўкрак нишонлари соҳиби, оилапарвар Мирёқуб Мираслановнинг қўшиб келаётган ҳиссалари бисёрдир.
Юқорида келтирилган фалсафий қоидага амал қилиб келаётган мақоламиз қаҳрамонига пайғамбар ёшингиз қутлуғ-муборак бўлсин, деймиз ҳамда у кишига қарата: – Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилангизга хотиржамлик, мазмунли кексалик, албатта кўп йиллик меҳнат ва ҳаёт тажрибаларингизни ёш мутахассисларга ўргатишда сабр-тоқат тилаймиз, оила қўрғонини мустаҳкам сақлашда эса — Оллоҳимнинг ўзи сизга куч-қувват, мададкор бўлсин. Оила фариштаси Инобат ая билан ширин ва тотли ҳаёт кечирингизлар, ўзларингизга фарзандлар ва набираларнинг роҳатларини кўриш насиб этсин, дея эзгу тилаклар изҳор этамиз.
Устознинг фарзандлари ҳам ҳаётда ўз ўринларини топишган, ота изидан бораётган ўғиллари Ўктам 12-сонли спорт мактабида илмий бўлим мудири, Рустам эса — Алмати шаҳридаги иқтидорли болалар спорт интернатида ёшларга стол тенниси бўйича устозлик қилиб келмоқда, қизлари Дилноза ўқитувчилик, Шаҳноза ҳамширалик касбларини ўзларига маъқул кўришган, отахоннинг 12 нафар набиралари у кишининг “кўз қорачиғи”.
Яна бир бор фахрийлик ва пайғамбар ёши муборак бўлиб, умрингизни узоғидан ҳамда баракалисидан берган бўлсин! Ҳаётдаги тутган ўрнингизга ҳамманинг ҳаваси келади ва кўпларга ибрат ўрнида хизмат қилади, десак — ортиқ кетмайди, устоз!

И. ТОЖИБОЕВ,
маориф аълочиси, спорт арбоби.
Сайрам даҳаси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ