
“Оллоҳ таолога имон келтиришдан сўнгра, амалларнинг афзали бандалар бир-бирига муҳаббат этмакларидир” – деганлар Пайғамбаримиз.
Қариндош – ким бу? Қариндош бир қориндан талашиб тушган ака-укалар, опа-сингиллардир. Ота йўналишидан қариндошлар: амакилар, аммалар. Она йўналишидан эса: холалар, тоғалар. Ана шу йўналишлар бўйича борди-келди қилишади.
Уларни бир-бирига меҳрибон ва яқин қиладиган нарса меҳр-оқибатдир. Меҳр-оқибат борди-келдидан иборат нарса бўлиб, фақат тўй-маъракада эмас, балки бошга мусибат тушганда мардонавор туриш ҳамдир. Айрим одамларнинг қариндош-уруғчилик борасида тушунчаси унча етук бўлмайди ёки бўлмаса, ана шу тушунчага енгил-елпи қарайди. Чуқурроқ ўйланиб қарасангиз, бу ёлғон дунёга ҳаммамиз меҳмонмиз, холос.
Ёшга қаралмайди, катта-кичик вақти битган куни фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга рихлат қилишади. Айтинг-чи, бирор одамнинг қўлида 100 ёшга чиқаман, деган ҳужжати борми? Йўқ, шундай экан, қариндош-уруғларни яқинлаштирадиган нарса меҳрдир. Уни пайдо қиладиган нарса – борди-келди. Нафақат тўй-ҳашамлар, байрам кунлари, ҳайит байрамлари, қайғули ва оддий кунларда ҳам ака-уками, амаки-додами, момо-холалар ва яна қўни-қўшниларни эслаб, зиёрат қилишиб, дийдорлашиб турмоқ ғаниматдир. Ўлгандан кейин минг йил йиғлагандан кўра, тириклигида бир кун кўриш ғаниматдир.
Кекса оталаримизни, оналаримизни кўришга борсак, жуда хурсанд бўлиб қолишади. Биз бўлсак ҳар хил нарсаларни дастак, рўкач қилиб тирикчилик баҳонасида шошамиз.
Кексалар ҳамма нарсаларни кўриб ўтган. Шунинг учун, қариндошлар-фарзандлар дийдорига тўймай, яна бир пас ўтиришини сўрайдилар. Сабаби, инсон учун дийдор ғанимат. Бизлар эса, уларни тушунмаймиз, гўё дунёга устун бўладигандай ўйлаймиз. Бунинг ҳаммаси ўткинчи. Қариндош-уруғ ғанимат, дийдор ғанимат, меҳр-оқибат ғанимат, суҳбатлашиб ўтириш ғаниматдир. Кўзга кўз тушса, меҳр тушади, дея бекор айтишмайди. “Қариндош – қон ичгунча, ёт – ёғ ичгунча” – дея бекорга айтишмайди.
Оталаримиз ҳар хил нарсаларни баҳона қилиб, тез-тез уйга чақириб туришарди. Бу бежиз эмас экан. Кузнинг куни йиғим-теримга аталган худойи оши ёки бўлмаса, ният қилган худойи оши, ёки бўлмаса кичикроқ кўринишда ис чиқариш, ундан ташқари, калла осиб, ошга чақиришади. Буларнинг ҳаммаси, ош баҳона дийдорни ғанимат, дея билишдир. Аслида мана шу ишлар бизларга ўрнак, намуна — отадан бизга ўтиши керак бўлган тарбиядир.
Ҳозир-чи, ҳозирам шундай кишилар бордир, лекин жуда озчиликни ташкил этади. Айрим шахслар уйида ош қилса, акасини ёинки укасини чақиришни истамайдилар.
Сабаби, ака ёки уканинг сўзлари бир-бирига мос келмайди, мол-дунё кўпайган, фикрлар бошқа-бошқа. Ука акани тингламайди, ака укага сўз тушунтира олмайди. Шунинг учун ўзлари бемалол ўтиришиб, овқат ейишади.
Инсонлар орасида йўқ бўлиб кетишига яқин иккита нарса бор: биринчиси — самимийлик, иккинчиси — меҳр-оқибат.
Одамлар ўз туғишганларидан воз кечиб, етти ёт бегоналар билан ака-ука бўлишга ҳаракат қиладилар. Агар мантиққа қараб баҳолайдиган бўлсак, ўз туғишган ака-укасига вафо қилмаган одам, ўзгага вафо қиладими, деган ўринли савол туғилади.
Туғишганга уйғонмаган меҳр-оқибат қандай қилиб, бегона одамга уйғонади. Бегона одамга бўлган интилиш, меҳр-оқибат замирида моддий манфаатдорлик, амал учун хушомадгўйлик ва яна қандайдир фойда кўзланмаётганмикин? Демак, ёғ ичиш манфатдорлиги мавжуд. Инсонларни меҳрдан аввал, ишонч яқинлаштиради ва нафратдан аввал, ишончсизлик узоқлаштиради. Айримлар кимнингдир қадрсизланганида эмас, ўзи қадрсизлангандагина инсон экани ёдига тушади.
Телевизорда қандайдир сериални кўриб, йиғлаб ўтиришади. Шайтон қутидаги нотаниш одамларга жонлари ачийди. Лекин ўзининг туғишганларини эсларидан чиқариб қўйишади. Ака уканинг овқатига ука аканинг овқатига зор эмас. Ҳозирги замонда, Худога шукур, ҳамманинг қора қозони қайнаб турибди.
Махтумқулининг: “Келган ош, деб келмас — сен бурмагил юз” – деган қўшиғи бор. Эскирган ошни молга, итга ташлашади. Ана шу нарсанинг фарқига боришмайди, айрим одамлар. Қариндош-уруғларингиздан бирортаси билан кўришсангиз гаплашиб, суҳбатлашиб дардингиз енгиллашади, ичингиз бўшайди, меҳрингиз жўшиб, анча енгил тортиб қоласиз.
Қариндошлар давраси, суҳбати, ўтириши ҳар қандай зиёфатдан афзалдир. Айниқса ораларида оқил, тушунчаси яхши кексалар бўлса. Уларнинг маъноли, оқил гаплари бизларга йўлланма юлдуз. Кўпчилик ёшларимизни хато йўллардан қайтарувчи, ёшларни тарбияловчи кенгаш бўлиб ҳам ҳисобланади.
Шундайлар бор-ки, бундай давра суҳбатига зор. Бугунги кунимизнинг кўнгилсиз воқеалари ана шундай давраларнинг йўқлигидандир. Бирор туғишганингга танбеҳ берсанг, ўзингга қараб сакрайди ёки гапингни, умуман тингламайди.
Аслида қариндош-уруғлар даврасидаги суҳбатлар давомида айтилган танбеҳлар ёшларга жуда яхши таъсирини кўрсатади. Сабаби, бундай машваратлар туғишганлар орасидаги олий мажлисдир. Нега бизлар энг зарур бўлган қариндош-уруғлар ва ёшлар тарбиясига панжа орасидан қараймиз. Бунга йўл қўймаслигимиз даркор.
Атрофимизда бўлаётган кўнгилсиз воқеаларнинг, гўё бизга алоқаси йўқ, дея ҳисоблаймиз. Йўқ, ундай эмас, маҳаллада бўлаётган бемаъни нарсалар сизнинг хонадонингизга ҳам кириб келиши мумкин. Ўғил бола, қиз бола тарбияси бир пасда бузилиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун доимо фарзандларимизга сергак туришимиз керак. Бизлар, гўё ўзимизга алоқаси йўқдай беғам, беташвиш бўлиб юрибмиз. Оқибатда турли хил мусибатларни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма. Ҳаммамиз ана шу қабилда иш тутсак, ғам-ташвиш камроқ бўларди.
Ҳамқишлоғимиз, ҳурматли укамиз Ғиёс Бойтоевнинг: “Меҳрли бўлайлик, азиз одамлар!” – деган қўшиғи кўпчиликни меҳр-оқибатга чақиргандай жаранглайди қулоқларимиз тагида. У чиндан ҳам шундай, шунчаки, оддий қўшиқ эмас у, балки чақириқ ва ундов ҳамдир.
Бошимизга мусибат тушганида қариндош-уруғларнинг мардонавор туришлари инсон кўнглига анча далда бўлиши аниқ. Бу ота-бобомиздан келаётган дастур. Бу биргина бизларда эмас, барча миллатларда бор. Ана шунга қараб, авлодларга баҳо берилади. Кўпчилик авлодлар иттифоқи, аҳиллиги кўпчиликка ўрнак-намуна бўлиб хизмат қилади. Айрим авлодларда унинг тескариси. Бунинг билан биз авлодларни қораламоқчи эмасмиз, балки уларни аҳилликка, иттифоққа чорламоқчимиз.
Демак, кўпчилик одамлар авлодлар иттифоқига, меҳр-оқибатга бефарқ эмас эканлар. Бундай меҳрнинг танқислиги ҳаммамизни ҳайратга солиши аниқ. Шундай экан, ёлғон дунёда яшар эканмиз, ҳеч бўлмаса, бир-биримизнинг меҳримизга қониб яшайлик, азиз қариндош-уруғлар!
Абдужаббор АҲМЕДОВ,
фахрий устоз.
Қорабулоқ қишлоғи.

