
Қозоғистон Республикасининг президенти Нурсултан Назарбаевнинг халқимизга йўллаган “Келажакка нигоҳ: жамоатчилик онгини янгиланган тарзда шакллантириш” мақоласида баён қилинган фикрлари жуда муҳим ва маънолидир.
Элбошимиз барчамизни ўз устимизда ишлашга, маънавий ва маданий яшаш учун ҳаракат қилишга, бу йўлдаги қийинчиликларни енгиб ўтишга ва ўзимизнинг олий мақсадимизга етишимизга чорлайди. Шунингдек, унда биз – оналарнингайни юмушга ўз муносиб улушларимизни қўшишимиз кераклиги уқтирилган.
Кўпчилик оналарнинганча вақтларини ҳинд ёки турк сериалларини кўриш билан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ўша вақтларда кўчада болаларинингвақтлари беҳуда ўйинлар билан ўтмоқда. Мен истардим-ки, ҳар бир хонадонда оилавий ишларнинг режалари тузилиб, болалар ўз вақтида овқатлантирилиб, дарслари ҳам вақтида кузатилиб, тайёрлатилиб, сўнгра ҳар куни 2 соат меҳнат тарбияси билан шуғуллантирилса…
Болаларнинг қизиқишлари ҳисобга олиниб, улар керакли тўгаракларга қатнаштирилса ва шу йўл билан билим ва меҳнат тарбиялари ривожлантирилса, болаларимиз мактабда ҳам сифатли билим олишса, албатта жамиятга фойдаси тегадиган, баркамол авлодни етиштирган бўламиз.
Ҳурматли юртдошлар! Қозоғистонимизнинг келажаги учун, Қозоғистон халқининг бахтли ҳаёт кечириши учун ғамхўрлик ва меҳрибонлик билан иш олиб бораётган Элбошимиз Нурсултан Назарбаевга Оллоҳнинг раҳмати ёғилсин, президентимизни яратган Оллоҳга ҳамдлар-у санолар бўлсин!
Мана шу ерда бир ривоятни айтиб ўтишни лозим кўрдим.
* * *
Ҳазрати Умар (р.а.) бир мўътабар одамни шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлдилар. Котиб фармонни ёзишга киришган онда бир гўдак кириб, амиралмуслиминнинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркаладилар. Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб:
– Бу гўдак ўз ўғлингизми? – дея сўради
– Йўқ, бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман, – дедилар Ҳазрати Умар.
У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқатли, марҳаматли эканликларига ажабланганича, деди:
– Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб ўпмайман. Болаларим мени кўришганида қўрқиб туришади. Ахир, ота шундай бўлиши керак эмасми?!
Халифа бу сўзларни эшитгач, ёзилган фармонни йиртиб ташладилар-да:
– Бу одамни ҳоким этиб тайинламайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин? – дедилар.
* * *
Хулоса қилиб айтганда, Элбошимиз болалар уйи, ногиронлар уйи, етим болалар уйи, мактабгача муассалар, болалар боғчалари, мактаблар, касалхоналар қурилишларини тезкорлик билан амалга оширишларини талаб қилмоқда. Бу талаб халқимизнинг яшаш тарзи янада янгича, замонавий даражада бўлишини таъминлаш мақсадида, албатта.
Азиз оналар! Бизларнинг ҳар биримиз ўз фарзандларимиз, невараларимиз тарбиясини замон талабига жавоб бера оладиган даражада олиб бориб, уларни комил инсонлар этиб тарбиялаб, президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг чақириқларига “лаббай” дея жавоб бериб, эл-юртимиз равнақига ўз улушларимизни қўшайлик.
Фурсатдан фойдаланиб, “Жануб жарчилари” газетасида фаолият кўрсатаётган ҳамма ижодкорларни касбий байрами билан табриклайман. Ижодда юксак парвозлар ҳамроҳ бўлаверсин!
П. АБДАЗИМОВА,
жамоатчи мухбир.

