Мазкур янги ўқув йили вилоятимиз учун муваффақиятли воқеалар билан бошланди. Яъни вилоятимиз устозлари қавми учун кўпдан кутилган вилоят таълим бошқармаси қошида очилган методик кабинет яхши янгиликларнинг дебочаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Таълим-тарбиянинг бугунги кунда асосий вазифаси бўлмиш ёш авлодни ватанпарвар, замонавий билим, кўникма ва малакаларни пухта ўзлаштирган ҳамда эгаллаган билимларини ҳаётда қўллана оладиган, жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга қодир бўлган – комилликка интиладиган баркамол авлодни вояга етказишдек улкан масъулият устозлар зиммасида экан, методик кабинетнинг вазифаси ҳам ана шу устозларга машаққатли меҳнатини енгиллаштириш, самарали, натижали этиб ташкиллаштиришда методик ёрдам кўрсатиш муҳимдир.
Бугунги кунда илм-фан, техника соҳаларининг жуда тез суръатларда — жадаллик билан ривожланиши барча таълим муассасаларида таълим-тарбия масалаларига янгича ёндашишни талаб қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ўқитувчилар зиммасига янада юксак жавобгарлик ва вазифаларни юклайди. Шундай экан, устозлардан виждонан меҳнат қилиш, кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб жавоб бериш талаб этилади. Буларнинг барчаси фарзандларимизнинг чуқур билим олишларида асосий роль ўйнайдиган сифатли дарсларда ўз аксини топиши барчамизга маълум.
Бугунги кунда ҳар бир ўқитувчи ўзига ишониб топширилган ҳар бир соат дарсни муқаддас, дея билиши ва унга заррача хиёнат қилиб бўлмаслигини ҳис этиши лозим. Бу борада, айниқса жорий этилган уч тилли таълим тизими бўйича дарс берадиган ўқитувчилардан кўпроқ тайёргарлик талаб этилишини атаб ўтиш жоиз.
Мана, бир неча йил давомида тажрибада синалаётган миллий тилда ўқитиладиган таълим муассасаларининг кўптилли ёки билингвал таълим тизими асосида билим эгаллашлари эса, фарзандларимизнинг кўпмаданиятли оламда ўз ўрнини эгаллашларида, рақобатбардош шахс сифатида камол топишларида қўл келувчи услуб бўлиб қолмоқда.
Худди ана шундай масалаларни қамраб олган ҳамда шу мавзу юзасидан ўзаро тажриба алмашувни, ўзаро ўқиш-ўқитишни мақсад қилиб қўйган “Фан билан тилни мувофиқлаштириб ўқитиш (СLIL) ҳамда тилларни коммуникатив ўқитиш услублари” мавзусида ўтган тўрт кунлик семинар-тренинг фикримизнинг далилидир.
Ушбу семинар-тренинг Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлигининг 2015 йил 5 ноябрдаги 622-сонли буйруғи билан тасдиқланган 2015-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, Жанубий Қозоғистон вилояти таълим бошқармасининг методик кабинети ҳамда ЕХҲТ (ОБСЕ)нинг озсонли миллатлар иши бўйича олий комиссариати ҳамкорлигида ташкил этилди.
Шимкент шаҳридаги 107-сонли лицей мактаби базасида ўтган ушбу тадбирга вилоятимизнинг ўзбек, тожик тилларида фаолият юритадиган 15 билингвал ўқитиш тизими бўйича таянч мактабларининг ўқитувчилари ҳамда вилоят методик кабинети методистлари, вилоят “Өрлеу” малака ошириш институти тренерлари (жами: 95 педагог-ходимлар) қатнашдилар.
Мактабларда кўптилли таълим тизимини жорий этиш бўйича методик ёрдам кўрсатиш мақсадида семинар-тренинг ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўйди:
• Тренер, методистларнинг ушбу соҳадаги салоҳиятини, шунингдек, “Фан билан тилни мувофиқлаштириб ўқитиш (СLIL) ҳамда тилларни коммуникатив ўқитиш услублари” мавзуси доирасида кўптилли мактаб ўқитувчиларининг билимдонлигини ошириш;
• Кўптилли ва кўпмаданиятли таълимнинг турли жиҳатлари бўйича тажриба алмашиш ва кенгашиш; режалаштириш; кўптилли дастурлар тақдим этиш; иккинчи тилни ўқитиш ва фан билан тилни мувофиқлаштириб ўқитиш масалалари; ўқитувчилар малакасини ошириш; кўптилли ва кўпмаданиятли таълим учун ўқув материалларини тайёрлаш масалалари.
Ўртада ҳақиқий жонли мулоқот ўрнатилиб, машғулотлар гуруҳларда олиб борилди.
Уч гуруҳдаги иш уч йўналишда ташкил этилди: биринчи гуруҳда она тили ўқитувчилари, иккинчи гуруҳда иккинчи тил, яъни қозоқ, рус тили ўқитувчилари, учинчи гуруҳда эса, асосий фан, яъни математика, химия, биология, информатика, физика фанлари ўқитувчилари иштирок этдилар.
Тўрт кун давом этган семинар мобайнида ўқитувчилар ўз фаолиятлари давомида туғилган қийинчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари, билингвал таълим тизими доирасида фан билан тилни мувофиқлаштириб, дарсни ташкил этишга хос нозик жиҳатлар, иккинчи тилни ўрганишга хос усуллар, тилларни комммуникатив ўқитиш услуби ҳамда билингвал таълим тизими шароитларида она тилининг роли бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Самарали, унумли, қизиқарли ҳамда натижали машғулотлари билан семинар-тренинг ўз мақсадига эришди. Семинар якунида барча иштирокчилар сертификатларга эга бўлдилар.
Умуман, ўз миллий тилида таълим олаётган ўқувчиларимиз учун кўптилли таълимнинг роли жуда катта. Чунки улар она тили билан биргаликда уч тилни эгаллаб, натижада тўрт тилда эркин мулоқот қила оладиган мустақил шахс сифатида камол топадилар.
Умид қиламиз-ки, семинарда назарий билим олган муҳтарам устозлар ўзлаштирган янгиликлар, ташаббусларни амалда, ўзларининг иш тажрибаларида татбиқ этадилар.
Ҳурматли устозлар, фарзандларимизни баркамол инсонлар сифатида тарбиялаш йўлидаги фаолиятларингизда муваффақиятлар ёр бўлсин!
Шаҳло НАРАЛИЕВА,
Жанубий Қозоғистон вилояти таълим бошқармаси методик кабинетининг
ўзбек тили ва адабиёти фани методисти.

