Алоқа | Обуна

Эзгуликка бахшида умр

Йил бошидан тадбирларга бой бўлган қишлоғимизда яна бир улкан тадбир бўлиб ўтди. Фурқат номидаги 42-сонли мактабнинг мажлислар зали яна меҳмонлар ва ўқувчилар билан лиқ тўлди. Бугунги тадбир қаҳрамони “NiK group” компаниясининг бош директори, вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов ҳамда у кишининг падари бузруквори Икромжон ота эдилар.

IMG_3349

Ушбу тадбир “NiK” ўқув маркази ходимлари ва Қорабулоқ, Орис, Кўлкент қишлоқлари ҳудудларидаги мактабларнинг директорлари томонидан уюштирилди. Даврани театримизнинг таниқли актёри, сухандон Рустам Саидхўжаев олиб борди.
Сўз навбатини олган инсонларнинг барчаси Икромжон ота ҳамда Бадриддин аканинг қилган савобли ҳамда эзгу ишларини эътироф этдилар. Илк сўзга чиққан И. Ирисметов ҳамда Ҳ. Давронбеков тадбир қаҳрамонига Қозоғистон ўзбекларининг лидер ўғлони, дея таъриф беришди.
Мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари номидан Э. Абдураҳмонов, Т. Режаметов, қишлоқ ҳокими А. Абдуқодиров, Сайрам тумани маслаҳатининг депутати М. Сиддиқов, Орис қишлоғи ўзбек этномаданият марказининг раиси Ж. Сергалиев, ижодкорлар: С. Акрамов, П. Абдазимова, Г. Ҳасанова, С. Камолова, З. Аҳмедова, спортчилар номидан С. Эгамбердиев, Т. Эшметов, “NiK” ўқув маркази номидан Ғ. Мавлонқулов ўзларининг дил истакларини таваллуд айёмларининг эгаларига самимий тилаклари ила етказдилар.
Кўпйиллик меҳнатларнинг тотли мевалари бўлган “NiK” ўқув марказини битириб, бугунги кунда Хитой, Малайзия, Сингапур, мустақил диёримизнинг турли нуфузли ўқув юртларининг талабалари ҳам ўзларининг тилакларини интернет орқали етказишди.

DSC_0057

Кутилмаган совға, ўз навбатида Бадриддин Икромжон ўғлини хурсанд қилди. Жумладан, Ш. Мўлайхонов, Дилноза Мамаева, Интизор Саидкаримова, Умиджон, Раҳбарой сингари ўғил-қизларимиз ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтдилар.
Тадбирда “NiK” ўқув марказининг ўқувчилари тўрт тилда табрик шеърлари ва қўшиқларини меҳмонларга ва туғилган кунларнинг соҳибларига тақдим этдилар. Ундан ташқари, “Қорабулоқ” мактабининг директори М. Тожибоев, хонанда Д. Эргешованинг қўшиқлари ҳамда “Оқсув” мактаби ва 104-сонли мактабнинг раққос ва раққоса ўғил-қизларининг ижросидаги қўшиқлар ва рақслар ўтирганларга завқ бағишлади.
Тадбирнинг иккинчи қисми “Рауан” тўйхонасида давом этди. Қариндош-уруғлар, дўст-ёрлар, синфдошлар, катта-кичик меҳмонлар безатилган дастурхон атрофидан жой олдилар.
Қўшни Ўзбекистон Республикасидан ташриф буюрган, 30 январь куни ўзининг 70 ёшини қарши олаётган Ортиқ Отажонов, хоразмлик хушовоз хонанда Дилафрўз Ҳайтметова, туркистонлик Қаҳрамон Бухорбоевнинг дилрабо қўшиқлари, раққоса қизларнинг чиройли хиромлари даврага янада файз қўшди, десак, муболаға эмас.
Тўйхонада ҳам табриклар давом этди. Сўзга чиққан устозлар-у шогирдлар, сайрамликлардан Т. Хонхўжаев, Э. Абдунақибов, қавм-у қариндошларнинг барчаси ўзларининг эзгу ниятларини билдиришди. Рустам Саидхўжаевнинг ичакузди ҳангомаларини тинглаганлар маза қилиб ҳордиқ чиқаришга ҳам улгуришди. Тўйхонада тушган расмларнинг бепул тарқатилиши эса, кўпчиликнинг кўнглидан чиқди.

DSC_0098

Очиқкўнгил, сахий, мурувватли, лафзли, саховатли билимли… Бу сўзларнинг тизимини яна давом эттиришимиз мумкин. Бадриддин ака томонидан отаси Икромжон отага ҳамда икки опасига муборак умра — ҳаж сафарига сертификат берилиши ушбу тадбирнинг энг савобли ишларидан бири бўлди.
Олмон шоири Гёте: “Одамнинг ҳаёти унинг ёши билан ўлчанмайди, қилган ишлари билан ўлчанади” – деган экан. “Эллик йил – тарих саҳифаларида ярим аср, дегани. Сен қилган ишларинг билан мақтанма, сенинг нафинг теккан одамлар гапирсин” – дейишган экан донишмандларимиз.
Биз ҳам таваллуд айёмларининг соҳибларини табаррук ёшлари — 80 ҳамда 50 ёшлари билан чин дилдан табриклаймиз ва қуйидаги шеърий мисралар ила қутлаймиз:

Арғумоқдир эр йигитнинг қаноти,
“NiK” номи-ла элга таралди оти.
Икром ота, Қумри аянинг асл зурриёди,
Ярим асрлик ёшингиз бўлсин муборак!

Саёҳатлар уюштирар, мисли Самарқанд,
Савобли ишлари қаддига монанд.
Бундан бутун халқимиз баҳраманд,
Ярим асрлик ёшингиз бўлсин муборак!

Муҳтожлар қалбига яқин шитоби,
Эҳсонларга тўлиб борар китоби,
Илм олинг, ўрганинг, деган хитоби,
Ярим асрлик ёшингиз бўлсин муборак!

Оллоҳдан берилган сизга барокат,
Босган ҳар бир изингиздир ибрат,
Бўласиз дўст-ёрга яхши ҳамсуҳбат,
Ярим асрлик ёшингиз бўлсин муборак!

ГУЛБЕГИМ,
“Далабозор” асосий мактабининг лаборанти.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ