Салобатли, виқорли, савлат тўкиб, уй тўрида ўтириш ҳар бир оиланинг таянчи, суянчи бўлган оталаримизга ярашади. Негаки, улар фарзандлари учун қор-ёмғирга, иссиқ саратонга, кузнинг совуқ ҳавосига қарамай, тиним билмай меҳнат қиладилар. Уй-рўзғорнинг бутлиги, бекамлиги учун фидойи жонлари минг бир ҳалак бўлади.

Оталар бор: ниятни тонгдан яхши қилиб, қўлларига иш асбобларини олиб, кўчага чиқадилар. Оиласи учун ноннинг ҳалолидан топиш мақсадида меҳнатларнинг оғир-енгилига қарамай, уларни бажаришга рози бўладилар. Кўплари давлат ишларида фаолият юритсалар-да, қўшимча юмушлардан ҳам бош тортмай, чин кўнгилдан бажарадилар.
Бир сўз билан айтар бўлсак, тунги зулматда ой бўлиб, кундузда кўкдаги қуёш бўлиб, йўлимизни ёритгувчи, қалбимизни илитгувчи зотлар – падари бузрукворларимиздир. Тоғдек қадди биз учун дол бўлади, жиндек ютуғимиздан кўнгиллари тоғ бўлиб яйрайди…
Оталаримиз қариган чоғларида белига қувват, қалбига юпанч бўла оламизми ёки йўқ? Шунча қилган меҳнатлари, чеккан заҳматлари учун биз қанчалар раҳмат келтирамиз уларга?!
* * *
Улуғбек ота-онасининг кўзининг оқ-у қораси — ёлғиз ўғил фарзанди эди. Қатор қизлардан кейин туғилганлиги учун, у оилага бахт ва қувонч улашди.
Хонадон соҳиби Мирзаҳмат аканинг касби дурадгорлик, у киши ўзининг беминнат хизматлари, чиройли безаклар солиб ясалган эшик — ромлари билан эл оғзига тушганди. Бирин-кетин улғайиб, вояга етган қизларини турмуш ўртоғи билан биргаликда яхши жойларга узатиб улгурди.
Дастлаб мактаб ўқувчиси бўлган Улуғбек, аввалига яхши баҳолар билан ўқиди. Отасига айтавериб, охири, компьютер олдирди. Илгари отасига ёрдам берар, бўш вақтларида дарс тайёрлаб, китоб ўқирди.
Энди тун ярмигача компьютердан кўз узмас, эрталаб дарсга ҳам кечикиб борарди. Устозларининг танбеҳларига парво ҳам қилмасди. Улуғбекнинг хатти-ҳаракатларидан норизо бўлганлар ҳам ота-оналар мажлисида унинг онасига шикоят қилардилар. Лекин Гулнора опа буни отасига билдирмасликка ҳаракат қиларди.
Охир-оқибат, касални яширсанг иситмаси ошкора этади, демоқчи, Улуғбек отасига ҳам тик келиб, унинг айтганларини қилмай қўйди. Мактабни битирмай туриб, 10-синфда ўқийдиган қизни олиб қочди. Оила қуришга ҳали тайёр бўлмаган Улуғбек ушбу ишидан афсусланмади ҳам.
Қизнинг ота-онаси бундай номаъқулчиликка, эл-у юртнинг сўзларидан уяла-уяла, кўникишга мажбур бўлишди. Ўғлининг ушбу ишидан отанинг кўнгли ранжиди. Илло, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган Нигинанинг ёш бошига оналикнинг оғир синовлари тушди. Ҳомиладорликнинг илк ойлариданоқ қаттиқ қийналди. Ҳали фарзандли бўлишга тайёрланмаган Нигина тўлғоқ азобидан беҳуш бўлди. Фарзанди ҳам ночор аҳволда туғилиб, икки-уч кун ичида нобуд бўлди. Нигинани уйига олиб келганида Мирзаҳмат ака уни тезда қайтаришни таъкидлаганди. Лекин Улуғбек ўз сўзида туриб олди.
– Дада, менинг қарорим қатъий. Мен Нигинани яхши кўраман, у билан бахтли яшашга ҳақлиман, – деди
– Ўғлим, сенинг ёшингдаги муҳаббат вақтинчалик, ҳали турмуш қуришинг, оила боқишинг учун жудаям ёшлик қиласан. Эндигина 11-синф ўқувчиси бўлсанг. Бу аҳмоқлигинг нимаси? Бировнинг қизининг орзу- ҳавасларини барбод қилаяпсан. Ота-онанинг розилигисиз қурилган турмушнинг, албатта ишкали чиқади. Ҳали кунларинг олдинда. Ўзинг ҳам ота бўлганингда менинг мана шу ҳолатимни тушуниб етасан. Аммо у пайтда жудаям кеч бўлади болам, – деди Мирзаҳмат ака. Ёлғизидан бундайни кутмаган отанинг қудалари олдида эгилмаган боши эгилди. Қудаларнинг ҳам гапида жон бор.
– Болангизнинг тарбиясини яхши бермабсиз. Шунинг учун ҳам, шундай қилмишга қўл урган. Бизниям, сизниям юзингизни ерга қаратди. Қизимизнинг шунчалик азоб чекишига сабаб бўлди, – дейишди қудалари. Нигина яна икки марта вақтидан олдин бўшанди. Бу унинг соғлигига жиддий таъсир кўрсатди ва, оқибатда, она бўлиш бахтидан мосуво бўлди…
Ота қарғиши ўқ, деганлар доно халқимизда. Бу, аввал Оллоҳнинг тақдир ёзмиши бўлса, қолаверса, отанинг дилидаги норозилигининг бир учқунидан ҳосил бўлган тақдир бўлса — не ажаб?!
Оилада ўғил болаларнинг ва оталарнинг тутган ўрни, уларга берилаётган эътибор қай аҳволда эканлиги, нима учун болаларнинг ўқишга бўлган эътиборлари, ихлослари камайиб кетган, деган саволлар юзасидан олдинлари ҳам кўп баҳс-мунозаралар юритилганди. Яна шу савол юзасидан бир неча ҳамюрт оталаримизга мурожаат этдим.
“Далабозор” асосий мактабининг директори Ҳасан БЎТАБЕКОВ:
– Оиланинг устуни ота ҳисобланса-да, асосий ролни оналар ҳам ўйнаши мумкин. Менинг уч нафар ўғил фарзандим бор, аёлим ҳам ўқитувчи. Ҳар иккаламиз давлат иши билан банд бўлганимиз учун, фарзандларимнинг тарбияси билан волидаи муҳтарамам шуғулланиб қолади.
Уйда кечқурунлари болаларнинг кундаликларини, дарс тайёрлаш жараёнларини кузатиб туришга ҳаракат қиламан. Барибир, ўғил бола учун отанинг тарбияси муҳим, дея ҳисоблайман. Компьютердан ҳам вақти-вақти билан фойдаланишлари учун рухсат бераман, чунки ҳозирги кунда компьютерсиз, интернетсиз ўзимизни тасаввур қилолмай қолдик.
Фарзандларимнинг ҳам келажакда нуфузли ўқишларда ўқиб, яхши касб эгалари бўлиб етишишларидан умидворман. Умуман олганда, камчиликлар ва хатоларни яхши гап билан тушунтириш керак, дея ўйлайман. Агар бу самара бермаса, қаттиққўлликни меъёридан оширмаган ҳолда қўллаш мумкин.
Дарахтнинг бесўнақай ўсган шохларини кесиб ташласак, у бақувват ва тўғри бўлиб ўсади. Агар ўз ихтиёрига қўйсак, ўтиндан бошқасига ярамайди. Фарзандларимиз ҳам, худди шундай ёш ниҳолга ўхшайдилар.
Кўпчилик ота-оналар билимни ҳам тарбияни, ҳам бола мактабдан олади, дея ҳисоблайдилар. Бу гапда ҳам жон бор. Лекин у мактабда бор-йўғи 6-7 соат мобайнида бўлади. Қолган вақт ичида ота-онаси ёнида бўлади. Боланинг ўқишига эътибор ҳар иккала томондан бирдек, яхши томонга йўналтирилса, кутилган натижаларга эришамиз, деган фикрдаман.
Тарбия борасида ўғил болаларга кўпроқ диққат қаратилишига сабаб, улар келажакдаги оила тебратувчи, оиланинг қўрғони ҳисобланадиган шахслардир. Бу борада оталаримизга кўпгина масъулиятли вазифалар юклатилган. Ва биз – оталар ушбу шарафли вазифаларни оила, дея аталмиш жамият ичидаги кичик бир жамиятнинг соҳиблари бўлганлигимиз учун, уни пойдеворидан бошлаб, мустаҳкамлаб боришимиз зарур. Бу эса, албатта келажакда ўзининг ижобий самарасини бермай қолмайди.
ГУЛИ,
жамоатчи мухбир.

