
Янги йил яқинлашмоқда. Бундай кезда ҳамма – оддий фуқародан тортиб, идора-ю ташкилотларгача, ишчи-ю жамоаларгача, хуллас, ҳамма-ҳамма ўтган йилга якун ясаб, яхши-ёмонларни бир тарозига солиб, келажакка режалар тузиб чиқиши одатга айланган. Бу – яхши, албатта, негаки, ушбу нарса одамни келажакка ,умид ва ишончга ундайди. Демак, яшашга завқ уйғотади, интилиб яшашга чорлайди.
Касбим тақозоси билан, аввалги ишхонамга тез-тез бориб тураман, собиқ касбдошларим билан суҳбатлашиб, муаммоларни бирга баҳам кўраман, фикр алмашиб, баҳслашиб, маслаҳатлашиб, ўтганларни эслашиб, чақчақлашиб қайтаман. Кўнглим тоғдек кўтарилиб, завқланиб, анча пайтгача аъло кайфиятда юраман. Демак, одам тафтини одам олади, деганлари шу экан-да, дея ўзимга таскин бераман.
Навбатдаги ташрифларимдан бирида таҳририят ходимларидан бири қўлимга хат тутқазиб:
– Юсуфжон ака, сизнинг даврингизда ҳам мана шундай антиқа хатлар келиб турармиди? – деди.
Мен қизиқиб, хатни ўқиб чиқдим.
“Ассалому алайкум, қимматли Қорбобо!
Ўқитувчимиз Лайло опам айтдилар-ки, Янги йил арафасида болаларнинг нима тилаклари бўлса, шуни ёзиб, Қорбобога юборишса, Янги йилда ўша тилаклар, албатта ижобат бўларкан, деб. Мен ҳам тенгдошларим каби кўпгина орзу-тилаклар оғушида яшайман. Бошқаларга ўхшаб, Қорбободан қимматли совғалар сўролмайман. Компьютерим ҳам, велосипедим ҳам, коптогим ҳам, бошқа ўйинчоқларим ҳам бор, Худога шукур, ҳаммаси етарли.
Фақат мени катталарнинг бир ташвиши ўйлантиради. Нега улар шундай тўкин замонда шукроналик билан шод-у хандон, бизнинг қувончимиздан қувониб, бахтиёр яшашмайди? Уларга нима етишмайди? Ахир улар шод бўлишса, бахтиёр бўлишса, бизлар бахтиёр, бизлар шодон эмасмизми?!
Биз бўлак турамиз. Янги уйга чиқиб кетганмиз. Мактабимиз додам-опамлар яшайдиган уйнинг яқинида. Шунинг учун ҳам, ўша мактабга қатнаб ўқиймиз.
Ҳар куни мактабга борганимизда опам икки челак, додам ярим челак сувни аранг кўтариб, уйга келаётганларини кўриб, жуда раҳмим келади. Ёрдам берай десам, кўтара олмайман. Хижолат бўлиб, мактабга чиқиб кетаман.
Додам ҳам, опам ҳам пенсиядаги қариялар. Уларнинг уйда роҳат қилиб ўтириш ўрнига мана шундай азобларни бошидан кечиришларига ким сабабчи? Эшитишимча, ўқиганимча, бундай муаммоларни Президентимизнинг жойлардаги ваколатли органлари, ҳокимликлар ҳал этиши керак экан. Хўш, шундай бўлса, нега улар ушбу масалани ҳал этмайдилар? Ичимлик сув масаласи қишлоғимизда шунчалик муаммоми?
Ахир қишлоғимизнинг икки ёнидан серсув, зилол Қорасув оқиб ётибди-ку?! Водопровод масаласи 50-60 йил илгари ҳал этилган экан. Лекин унинг ҳам муддати чексиз эмас. Ҳаммаси эскирган, чириган. Ҳар куни бирон жойи тешилиб, сув оқиб ётибди.
Демак, водопровод тармоғини ҳам янгилаш керак. Айтишларича, у ҳам хусусий бўлиб кетганмиш. Унинг хўжайини қишлоғимизнинг турғуни экан. Уни яна Элбоши бошқарадиган партиянинг қишлоқдаги бўлими етакчиси, дейишяпти. Шу киши бироз жон куйдирса, сув масаласи ўз-ўзидан ҳал этилармиш. Шу ростми, Қорбобожон?
Хуллас, бобожон, сизга айтадиган гапларим жуда кўп-у, лекин қўлларим толиқиб, ёзувларим чаплашиб кетяпти, қолганини 5-синфга ўтганимда ёзарман. Ҳозирча, хайр! Салом билан, жавобини кутиб қоламан, Умиджон”.
Болакайнинг мактубини ўқиб чиқиб, ҳам қувондим, ҳам ўйга толдим. Зиғирдеккина болани одамларнинг ижтимоий муаммолари шунчалик ташвишлантирган экан, демак, ёшларимиз биз ўйлаганчалик турмушга, ҳаётга лоқайд эмаслар.
Яна уларнинг дунёқарашлари саёзланиб, лойқаланиб қолмаган экан. Уларнинг келажагимиз ҳақидаги ўй-фикрлари унчалик саёз эмаслигидан қувондим ва менга хатни тутқазган қизга самимий жилмайиб: “Мазкур хатни эълон қилиш керакми ёки йўқми эканлигини билмоқчисан-да? – дедим. – Бундай ноёб хатлар бизнинг кезимизда ҳам бўлган. Ундан ҳам кескинроқ масалалар кўтарилган. Эълон қилинмаган тақдирда ҳам, таҳририят топшириғига кўра, ёзма равишда жавоб қайтарилган. Лекин ҳозир демократияни ҳар ким ўзича тушунади. Хоҳласа, жавоб беради, хоҳламаса, ташлаб қўяди. Менинг маслаҳатим: шов-шув қилиб юбормай, қишлоқ ҳокимининг олдидан ўтиб кўрайлик. Бу вазифани мен ўз зиммамга олақолай.
Биринчидан, ҳоким яқинда сайланди. Демократик асосда. Бу – қишлоғимиз тарихида биринчи бўлаётган воқеа.
Қолаверса, ҳокимга ҳам имкон берайлик-да, у ёқ-бу ёққа қараб олсин, имкониятларини чамалаб кўрсин. Сўнг бирон жавобини айтар.
Иккинчидан, янги ҳокимни мен яхши танийман. Зиёли, ўқимишли, замонавий йигит. Бошқарув тизимида ишлаб, мўл тажриба тўплаган мутахассис. Халқнинг дардини тушунадиган, элпарвар, камтар, ишчан, вазифасини пухта ҳис этадиган, замонавий раҳбар.
Мен сизга айтсам, эл уни қўллаб, ишонч билдирди, депутатлар бир овоздан қувватлашди. Бу бекорга эмас. Қолаверса, янги ҳоким илгари тайинланган ҳокимлардан ажралиб туради. Бир гапдан хулоса чиқара олади. Одамни тўғри тушунади. Инсофли, диёнатли, тили чечан, зийрак, синчков. Қозоқ, рус, ўзбек тилларида эркин муомала қилади…
Шу ўринда, янги ҳокимга мен ортиқча баҳо бериб юбормадиммикан, дея ўйланиб қоламан. Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, дея бежиз айтмайди халқимиз.
Майли, кўрайлик. Олдинда ҳали талай довонлар турибди. Улардан ошиб ўтиш ҳокимнинг билимига, иқтидорига, савиясига, тажрибаси-ю инсофига, эътиқодига боғлиқ. Камина унинг салоҳияти, ишчанлиги, камтарлиги-ю камсуқумлиги, билимдонлиги ва ушбу вазифани ёруғ юз билан адо этишига ишонаман.
Янги раҳбарни, тамойилга кўра, хонасига кириб табриклашга одатланганмиз. Бунинг имкони бўлмагани учун, ушбу ёзганларимни ҳам табрик, ҳам Янги йил қутлови сифатида қабул қилишини истайман.
Юсуф САИД,
Қорабулоқ қишлоғи.

