“Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти ўз муштарийлари орасида миллий кийимларимиз бўйича флешмоб эълон қилади. Унга кўра, миллий либос кийиб, унга изоҳ ёзиб, телефон рақамидаги “Watsapp”га юборишингиз керак. Бизлар эса, улардан энг яхшиларини, яъни чиройли туширилган расмлар ва изоҳларни “Жануб жарчилари” ва “Руҳият дунёси” газеталарида ёритиб турамиз.

Флешмобнинг илк иштирокчиси Сайрам даҳасида истиқомат қилувчи таниқли ҳамюртимиз Турсунхўжа Хонхўжаевнинг набираси — Мунаввар Фарҳодова. У ўзининг бизга йўллаган мақоласида ўзбек миллий кийимларини кийиб юриш ўзи учун ғурур эканлигини таъкидлаган.
“Ҳа, мен Турсунхўжа бувамнинг сўзларини ерда қолдирмай, тўйимда атлас кўйлак кийдим, лекин ўзимда ҳам бунга олдиндан қизиқиш бор эди. Сабаби: мен бошқалардан ажралиб туришни истайман. Бошқа қизлар тўйларида оппоқ либослар кийишмоқда. Мен эса, миллий либосни танладим. Демак, мен ўзгалардан фарқ қилдим” – дея бошланган мактубда қуйидаги сўзлар ҳам мавжуд:

– Ўзбек халқининг урф-одатлари кўпгина миллатлар учун катта қизиқиш ҳамда ҳавас уйғотади. Чет эллардан ташриф буюрган сайёҳларнинг миллий либосларимиз ҳамда ҳунармандчилигимизга ҳам кўпроқ эътибор қаратишлари бежиз эмас. Чунки эгнида ипакдан тикилган атлас, узун сочларга ярашган ироқи дўппилар кийган қизлар ҳар қандай инсоннинг кўзларини қувонтиради.
Ёшлигимдан миллий кийимларга бўлган қизиқишим ўзгача. Тўйим Наврўз айёми арафасида бўлгани ҳам оиламиз билан миллий кийимларни кийишимизга туртки бўлди. Онам, опа-сингилларимга ҳам атлас либосларни ўзим танлаб бердим.
Келин бўлиб тушганимдан сўнг, менга кўпчилик танишларим қўнғироқ қилишиб, никоҳ кечамизда атласлар билан безак берилган кўйлак кийганим учун ўзларининг раҳматларини айтишди. Уларнинг ораларида: қизларимизнинг тўйларида миллий матодан тикилган келин либосларини танлаб берамиз, дея ҳавас қилганлар ҳам йўқ эмас. Атлас кўйлагим кўпгина қизларнинг бахтли кунларида хизмат қилганидан ўзим ҳам хурсандман.

Ҳали насиҳат берадиган ёшда эмасман. Лекин шуни хоҳлардим-ки, қизларимиз Нодирабегим, Раъно, Кумуш, Зулфия опаларимиз каби миллий либослар кийиб юришса, Ғарб маданиятидан ўзимизнинг шарқона либосларимизнинг гўзал эканлигини тушунишса, дейман.
Юқорида номи тилган олинган бувам Турсунхўжа Хонхўжаевнинг, қолаверса, “Жануб жарчилари” таҳририяти ижодкорларининг журналист бўлиб шаклланишимда қўшган ҳиссалари катта.
Эндиликда ушбу жамоа томонидан ташкил қилинган флешмобда иштирок этаётганимдан мамнунман ва келгуси сафар бошқа опа-сингилларимизнинг ҳам унда қатнашишларини истайман.
Мунаввар Ойбек қизи
ФАРҲОДОВА,
журналист.

