
26 апрель куни қозоғистонликлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Қозоғистон Халқи ассамблеяси (ҚХА)нинг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтди. Мазкур улкан анжуманда “Жануб жарчилари” медиахолдингининг директори Гулираъно Анварбек қизи Расулова ҳам иштирок этди.
Бугун мана шундай шарафга муносиб кўрилган Гулираъно РАСУЛОВА билан мазкур сессия таассуротлари ҳақидаги суҳбатимизни сизларнинг эътиборларингиз учун ҳавола этамиз.
– Гулираъно Анварбек қизи, сизни олий анжуманда қатнашишдек юксак сазоворлик билан табриклаймиз!
– Раҳмат! Ҳа, дарҳақиқат, бу – ҳаётимдаги тарихий воқеа бўлди. Сабаби, биринчидан, ушбу ноёб юбилейдаги, яъни сессиянинг 25-марта ўтказилишидаги иштироким бўлса, иккинчидан, Элбошимизнинг ёнида, президиумда ўтириб, Қозоғистондаги барча ўзбеклар, ўзбек аёллари номидан вакил бўлиш менга насиб қилди.
– “Гулираъно Расуловадан бошқа ҳам хизматлари сингган аёллар бор эди-ку, аслида сессияда қатнашиш ана шундайларнинг ҳуқуқи эмасмиди?” – деган гапларни ҳам эшитаяпмиз. Сиз бундай иддаоларга қандай жавоб берасиз?
– Тўғри айтасиз, балким, улар ҳақдирлар. Албатта мазкур ўринга бир неча номзодлар бор эди. Сессиядан олдин ҚХА марказига таржимаи ҳолларимизни ҳамда суратларимизни юбордик. Президент девонидагиларнинг ўзлари бўлғуси иштирокчиларни, саралаш орқали, танлаб олишлари тақозо этиларкан. Шундай экан, демак, каминанинг қандайдир хислатлари маъқул тушган бўлса керак-да.
Менга ушбу галда айни имконият насиб этди, кейинги навбатда бошқа одам бориши керак. ҚХА анжуманларига ҳар доим битта шахснинг боравергани ҳам тўғри эмас, дея ўйлайман. Сабаби, қанча кўп инсон шу ерга келса, ўша жойдаги муҳитни кўрса, дунёқараши ҳам ўзгаради.
– Аслида сессия бир ярим соат бўлиши керак эди, ваҳоланки, 1200 нафардан ортиқ меҳмонлар уч соат давомида, асосан Президентимизнинг маърузасини тинглашди.
– Сабаби, маъруза жудаям қизиқ бўлди-да. Юбилей сессиясида 1200 нафардан кўпроқ киши иштирок этди. Сенат ва Парламент депутатлари, ҳамма вилоят, шаҳарларнинг ҳокимлари, Вазирлар маҳкамасининг барча аъзолари, хориж давлатларидаги элчилар, яъни дипломатлар, чақирилган меҳмонлар, ҚХАаъзолари иштирок этишди.
Мазкур улкан йиғин ҳар йили тинчлик ва тотувлик саройида бўлиб ўтади. Ҳар қайси миллатнингнамояндалари миллий либосларини кийиб, даврага янаям кўрк қўшишди. Бошқа миллатларнинг вакиллари билан танишиб, этномаданият марказларидаги ишлар ҳақида суҳбат қилдик.1,5 соатга мўлжалланган сессия уч соат давом этди.
Президентимиз ўзининг 12 апрелда эълон этилган “Келажакка нигоҳ: жамоатчилик онгини янгиланган тарзда шакллантириш” мавзусидаги мақоласига асосланиб, жуда ҳам яхши маъруза қилди.
Бир ярим миллиард нафардан ортиқ аҳолиси бор Хитой давлатида Қозоғистоннинг маданияти, санъатини намойиш этиб, 2-ўринни қўлга киритган Димаш Қудайберган ажойиб қутловларини йўллади. Унинг сўзларидан сўнг Президентимиз томонидан тайёрланаётган, яъни яқиндан бошлаб амалга оширилиши кўзда тутилаётган “Юз янги қиёфа” лойиҳасига мос инсонлар бўлишимиз кераклигини англаб етдим.
ҚХА кенгаши бор, ана шу кенгашнинг йиғилишида Республика “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон ака Ҳошимжонов 84 нафар ҳамюртларимиз орасида нутқ сўзлади. Биз бу йиғилишда иштирок этганимиз йўқ. Икромжон аканинг маърузасига ҚХА кенгашининг раисаси Гулшара Абдиқалиқова юқори баҳо берибди ва: “Республика мақомидаги бошқа этномаданият бирлашмаларига “Дўстлик” ҳамжамиятининг олиб бораётган ишларини тарғибот қилса бўлади” мазмунидаги ижобий фикрларини айтибди. Бу ҳақида И. Ҳошимжоновнинг Астана шаҳридаги ўринбосари Ҳасан ака Шариповнинг “Шаҳрисабз” ресторанида ўтган бошқўшувда ҚХА раисининг ўринбосари Рўзақул ака Холмуродов гапириб берди. Бу ҳам бизнинг фахрланса арзийдиган ютуғимиздир!
– Фурсати келганида Элбошимиз мақоласининг аҳамияти хусусида ҳам муштарийларимизга икки оғиз айтиб ўтсангиз…
– У жудаям ўз вақтида эълон этилган долзарб ҳамда зўр мақола, илло, ўзим яхшилаб танишиб чиққанимдан кейин шундай хулосага келдим. Айни битикда менга манзур бўлгани: биз кўп йиллар мобайнида, худди кимлардир қаёқлардандир келиб, биз учун нималарнидир қилиб берадигандай ҳолатга ўрганиб қолган эканмиз. Ҳолбуки, айнан ўзимиз ишлаётган жойимизга, яшаётган манзилимизга, Қозоғистонимизга қандай фойда келтира олаяпмиз, нима қила олаяпмиз? – деган саволга жавоб топмоғимиз даркор.
Тағин: “Ўзимизнинг билимимиз билан, ўзимизнинг ҳунаримиз билан, хулқимиз билан нима қилиб бера оламиз?” – деган саволниям ўзимизга беришимиз керак. Сабаби: ҳозир, умумдунёвий инқироз вақти, биров ҳеч нарса қилиб бермайди. Ҳаммамиз биргаликда, ишлаётган жойимизга, яшаётган манзилимизга,Ватанимизга манфаат келтирсак, ишламайдиганлар эса, фарзандларининг тарбияси билан муносиб тарзда шуғуллансалар, уларга замонавий билим беришга эришсалар, тарбиясини яхши қилиб қўйсалар -мана шу талаблар бугунги кунда юқори ўринга чиқмоқда.
Президентимиз ҳар доим қўлимизни қовуштириб ўтирмасдан, чора излашимиз лозимлигини таъкидлаб келади. Давлат томонидан кўп имкониятлар берилган. Ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш, миллатлар ўз тилини, маданиятини сақлаб қолиш, турли миллат вакиллари катта-катта ишларга жойлашиш борасида ҳаммага тенг имкониятни, шароитни яратиб берган. Фақат улардан ўзимиз қандай фойдаланаяпмиз? Умуман фойдалана олаяпмизми ёхуд йўқми?! Албатта бизнинг хаёлимизда ҳали: “Вой, бизни ишлатишмайди-ю, вой, бизларга иш беришмайди-ю…” – деган фикрлар қолиплашиб қолган. Албатта биз бундай тўсиқларни енгишимиз керак. Лекин қандай қилиб?!
Менинг таклифим: – Президентимизнинг мақоласини ҳамма ўқиб чиқса, ҳозир у жуда кўп жамоаларда муҳокама қилинмоқда. Аммо ҳар ким шахсан ўзи ўқиб кўриб, ўзи хулоса чиқариши керак, дея ўйлайман. Ҳозир вақтимиз беҳуда, яъни сериаллар кўриш, бировларнинг ғийбатини қилиш ва ортиқча тўйларга кетмоқда.
Элбошимиз айтганидек, энди бизнинг ўзимиз ўзгаришимиз керак. Биз бутун дунёни, бир қараганда ўзгартира олмаймиз, бироқ ўзимизни ўзгартира оламиз. Бошқачасига ўйлашимиз, замонавийчасига мулоҳаза юритишимиз зарур.
Танқидий фикрлаш, деган тушунча бор. Катта нуқсонимиз: кўпчилигимиз айбни бировлардан излаймиз. Бирор иш битмай қолса, айбни ўзгалардан қидирамиз. Айни ўринда шундай ҳаққоний савол туғилади: хўш, бизнинг ўзимиз шундайвазиятни нимага юзага келтирдик, ўз вақтида назорат қилмадик, ёрдам бермадик?!
Биз олдин айбни ўзимиздан излашимиз даркор. Яъниўзимизга нисбатан танқидий ёндашишимиз шарт. Мен мана шу ишни нима учун қилмадим? Мана шу вазифани нима учун бажара олмадим? Билимим етмадими, вақтим етмадими, ёки бўлмасам, ялқовлигим тутдими, каби саволларга жавоб излашимиз даркор.
Бошқаларни айблайверсак, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Унда биз ҳозирги даражада қолиб кетаверамиз, рақобатбардош бўла олмаймиз. Ана шу нарсани, ана шу ғояни ҳозир давлатимиз раҳбари олдинга сурмоқда. Кечаги сессияда ҳам мана шу нарсалар кўпроқ айтилди.
– Муҳтарам Элбошимиз Нурсултан Назарбаев ўзининг донолиги ва билимдонлиги билан кўпчиликни ҳайратга солади. Мана, сиз у киши билан юзма-юз учрашиш бахтига муяссар бўлдингиз. Қалбингизда қандай ҳиссиётлар пайдо бўлди?
– Сессия тугаганидан сўнг Президентимиз биринчи қаторда ўтирганларнинг қўлларини олди. Мен ҳам биринчи қаторда ўтиргандим. У киши: “Ўзбек қизлари ҳам бор экан”– деди жилмайиб камина билан қўл олишиб саломлашар экан. “Сизга Сайрамдан салом!” – деганимда, у киши: “Сайрам – тарихий жой!” – дея қадим ҳамда азим Сайрам диёри билан фахрланишини яширмади. Қаранг, шунинг ўзи катта фахр-ифтихор эмасми!Шу билан биргаликда, зиммаларимизга улкан масъулият ҳам юклайди. Сабаби, Президентимиз халқига йўллаётган мактублар, мақолаларнинг моҳиятини кимлардир тушунади, кимлардир тушунмайди. Шахсан менинг ўзим у кишининг кенгқамровли билимига тан бераман.
Президентимиз, ҳақиқатдан, узоқни кўзлайдиган раҳнамодир! Ҳадемай, яъни уч йилдан сўнг 80 ёшга тўлишига қарамасдан, замонавий фикрлайди, узоқни кўра олади. Айнан шундай қобилияти юқорилиги учун “Қазақстан-2030, “Қазақстан-2050” стратегияларини тайёрлаган.
Қўлида маъруза матни бор эса-да, лекин унга бир-икки мартагина қаради, холос. Гапларининг ҳаммасини тушунарли қилиб айтди. Ора-орада қизиқ лутфлари билан бизларни кулдириб ҳам улгурди. Авваллари ойнаижаҳон орқали сессияни томоша қилганимда одамлар ўзларидан ўзлари қарсак чалаверади-я, дея ўйлардим. У киши шундай гапираркан-ки, хоҳлайсизми-йўқми, қарсак чаласиз, олқишлайсиз!
Хуллас, муҳтарам Элбошимиздан ўрганадиганларимиз ҳали бисёр экан. Шу ёшга келиб, қоғозга қарамасдан соатлаб маъруза қилиши ниҳоятда бетакрор салоҳият!
– Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун ташаккур! Юртимиз бўйлаб нишонланаётган байрамлар сизгаям муборак бўлсин!
– Раҳмат! Барча қозоғистонликларга Бирдамлик ҳамда Ғалаба айёмлари қутлуғ бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз очиқ бўлсин!
Мусоҳиб: Эътибор АҲМАДЖОНОВА.

