Ҳеч иккиланмасдан: Мустақиллик бизларга кўп имкониятлар берди, орзуларга эришишимизга кенг йўллар очиб берди, дея айта оламиз. Айниқса ёшларимизнинг билимли, салоҳиятли, рақобатбардош бўлиб етишишлари учун муҳтарам Президентимиз Нурсултан Абиш ўғли Назарбаев хориж мамлакатлари билан алоқани йўлга қўйиб, қозоғистонлик болаларнинг ҳам чет эллардаги мактаблар, университетларда таҳсил олишларини йўлга қўйди.
Бугунги кунда кўпгина ўзбек ёшлари ҳам хорижий давлатлардаги университетларнинг талабаларидир. Ундан ташқари, Америка мактабларида ўқиш имкониятини берадиган халқаро дастурлар, олимпиадалар ҳам ўтказилмоқда.
2011 йили “FLEX” дастури асосида Америкадаги Пенсильвания штатининг Нью-Кастл шаҳридаги мактабнинг 12-синфида ўқиш имкониятига сазовор бўлган юртдошимиз Фахриддин Абдуллаев олам-олам таассуротлар билан қишлоғига қайтганди. Бугун “FLEX” дастурининг илк ғолибларидан бири бўлган Фахриддин Абдуллаев билан бўлган суҳбатимиз эътиборларингизга ҳавола.

Мухтасар маълумот:
Фахриддин Абдуллаев 1994 йили 7 августда Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган. 9-синфгача “Далабозор” асосий ўрта мактабида ўқиб, 10-синфни Д. Қўнаев номидаги 48-сонли лицей мактабида ўқиган. 11-синф учун эса, Американинг Пенсильвания штати, Нью — Кастл шаҳридаги мактабнинг 12-синфини тамомлади. Бугунги кунда Алмати шаҳридаги Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетининг 4-босқич талабаси.
– Сиз ҳозирги кунда Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетида физика-техника факультетининг 4-курс талабасисиз. Айнан шу соҳани нима сабабдан танладингиз?
– Насиб қилса, ўқишимни тугатиб, радиотехника, электроника ва телекоммуникация соҳасининг инженери бўлиб ишлайман. Ёшлигимдан инженерия соҳасига қизиқаман. Шунингдек, ушбу касбни танлашимда устозларимнинг ҳам ҳиссалари бор. Бу соҳани тугатган мутахассисларга талаб юқорилигини менга тушунтириб берган раҳматли устозим Турсумат додамдир.
Америкада таҳсил олиб юрган вақтимда Билбард исмли устозим менга дарсдан кейин физика фанидан қўшимча дарс ўтарди. Ана шу киши ҳам шу соҳани танлашимда тўғри йўлланма берди. Насиб қилса, бирор халқаро компанияда ёки оилавий корхона ташкил этиб ишлаш режаларим бор.
– Тўлиқ инглиз тилини билган ўқувчи “FLEX” дастурининг ғолиби бўлиши мумкинми?
– Бўлиши ҳам мумкин, агар омадли бўлса, лекин ушбу дастурда юқори балл жамлаб, тўртта шартга муносиб баҳо олса.
Бу программада қатнашишнинг ўзи болалар учун катта бахт. Ўзим билишимча, улар бу дастурда ўз билимларини синаб кўришга қизиқишади. “FLEX” программасида иштирок этиб, керакли баллни жамлай олмаган ўқувчилар айрим вақтда хафа бўлиб қолишади. Йўқ, ундай қилмаслик керак, хорижда таҳсил олиш учун программалар кўп. “FLEX” бўлмаса, бошқаларида иштирок этиб кўрсаям бўлади. Айтмоқчи бўлганим: инсон бирор мағлубиятга учрадими, тўхтаб қолмаслиги, аксинча, биринчи уринишда нималарга аҳамият бермади, қаерда хатоликка йўл қўйди, шуни таҳлил қилиши, келажакда бундай хатоларни такрорламасликни ўрганишга одатланиши даркор. Бир сўз билан айтганда, бизни олдинда нималар кутиб туришидан қатъий назар, ортга чекинмаслик керак.
– Ҳар биримизнинг бирор бир ютуққа эришишимизда, албатта устозларимизнинг ҳиссаси бўлади. Сизнинг ҳам ютуқларингизда улушини қўшган ўқитувчиларингиз бор, шундайми?
– Албатта, шу ёшга келиб, нимага эришган бўлсам, буларнинг барчасида сахий инсонлар, меҳрибон ўқитувчиларимнинг меҳнатлари мужассам. 2008 йили 7 ноябрда биринчи марта Бадриддин ака Нишонқуловнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қишлоғимиздаги Фурқат номли мактабда “НиК” ўқув маркази очилган эди. Мен 15 ноябрь куни келиб, мана шу ўқув марказининг инглиз тили курсида ўқий бошладим. Мени бу курс сари етаклаган инсон “Далабозор” мактабининг информатика фани ўқитувчиси Шуҳрат ака Файзуллаев бўлади. “НиК” ўқув марказида менга тил ўргатишга ўз ҳиссаларини қўшган Одилбек Абдивалиев, Нодира Аботоева, Ғайрат ака Мавлонқулов, шунингдек, Ёқубовлар оиласидагилардан миннатдорман.
– Ўз тенгдошларингизга, ука-сингилларингизга ўзга тилларни билишнинг қанчалик аҳамияти юқори эканлигини айтиб ўтсангиз…
– Тил билган инсон қоқилмайди, дунё юзида содир бўлаётган турли янгиликлардан хабардор бўлади. ҚР Таълим ва фан вазирлиги томонидан ҳам уч тиллилик дастури ишлаб чиқилди. Яқин йилларда насиб қилса, мактабларда маълум фанлар уч тилда ўқитилади. Айрим инсонлар бунга салбий муносабатларини билдиришмоқда. Йўқ, буни тўғри тушуниш керак. Фараз қилинг: қизингиз она тилидан ташқари, яна уч тилда иншо ёзса, ўзи ҳақида маълумот беришни билса, бу сиз учун жуда катта ютуқ-ку… Ёшлигидан тилларни ўрганган ўқувчи қоқилмай, инглиз тилли университетларга кира олади.
Интернет манбаларида келтирилган маълумотларга суянадиган бўлсам, кейинчалик корхоналарда ҳам сервислар инглиз тилида юритилиши кутилмоқда экан. Бу, дегани корхона раҳбари инглиз тилини билмаган кадрни ишга қабул қилмайди. Демак, бизлар бунга тайёр туришимиз керак.
Қозоқ, рус тилларини ҳам ўрганиш бугунги куннинг талаби. Сабаби, қозоқ тили давлат тили, ўз Республикасини, унинг қонун-қоидаларини ҳурмат қилган инсон ушбу тилда хатосиз ёзиш, гапиришни билиши керак. Рус тилини биламиз: у алоқа тили. Кўпгина янгиликлар рус тилида берилади, кўрсатилади.
Шу ўринда айтадиганим: ҳар бир тилнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ўзгача. Тил инсон дунёқарашининг кенг шаклланишида катта ёрдам беришини ота-оналар ўз ўғил-қизларига тўғри тушунтиришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби, мен ўзим гувоҳи бўлдим, инглиз, рус, қозоқ тилларини яхши ўзлаштирган ходимларга, бошқаларга нисбатан, ойлик маош ҳам юқори тўланар экан.
– Фахриддин, “FLEX” нинг афзалликлари ҳақида кенгроқ айтиб ўтсангиз…
– “Флекс” программасининг асосчиси – Билл Брадли, деган америкалик инсон. Ана шу киши ўйлаб топган дастур орқали кўпгина ёшларимиз Америкада бепул ўқиш бахтига муяссар бўлишмоқда. Собиқ Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, “FLEX” дастури ишлай бошлаган ва бунга ҳам 25 йилдан ошди. Асосий мақсади Осиё мамлакатлари ва Америка орасидаги дўстликни кучайтириш, маданий алоқаларни йўлга қўйиш ва болаларнинг қалбида тилга бўлган ҳурматни, қизиқишни оширишдан иборат. Ўзим кўп тенгдошларим билан дўст бўлиб қолдим, улар Хорватия, Германия, Австралия, Канада ва бошқа давлатлардан келиб, мен билан бирга ўқишган, шу кунгача алоқани узганимиз йўқ.
Мазкур программа қайсидир маънода: пулинг бўлса, орзуингга етасан, дея тор ўйлайдиган инсонларнинг кўзларини очади. Сабаби, ҳар учала босқичдан ўтиш давомида ҳеч бир иштирокчидан пул талаб қилинмайди, яъни ҳаққоний тарзда ўтказилади.
– Америкада ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги муносабат қандай? Биздаги билан солиштирилса — фарқ борми?
– Бизда ўқувчилар устозлари билан кўпроқ, фақат мактаб ҳаётига боғлиқ мавзулар юзасидан суҳбатлашадилар. Америкада эса, қандай мавзу бўлишидан қатъий назар, бир-бирлари билан бемалол, очиқ-ойдин сўзлашишар экан. Уларнинг мана шу жиҳати менга ёқди.
– Ўқитиш тизимида-чи?
– Қозоғистондаги билан Америкадаги ўқитиш тизимлари, умуман бошқача. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бизда бир синфда 20 ёки 25 ўқувчи таҳсил олса, у томонда бундай эмас. Яъни мана шунча ўқувчи бир синфда таҳсил олиши керак, дея чеклаб қўйилмаган.
Ўқувчилар учун етти фанни ўқиш мажбурий, қолганларини ҳар ким ўзининг ихтиёрига биноан танлайди. Ҳамма шароитлар яратиб берилган, парталарда қалам, ручка каби ўқув қуроллари мужассам. Хоҳ ўқувчи бўлсин, хоҳ талаба бўлсин, фақат қаламда ёзишар экан. Қаламда ёзилса, хатоликка йўл қўйганда тезда ўчириб юборамиз. Бу — бир, иккинчи томони эса, қаламнинг кўзга зиёни йўқ экан.
– Америкада таҳсил олиш, яшашнинг тарбиявий аҳамияти бўлдими?
– Ота-она, киндик қонимиз тўкилган юртнинг қадрига етишни ҳис этдим. Инсонларга яхшилик қилиш, маданият, жамоат жойларида катталар билан яхши муносабатда бўлишни, одамларнинг фикрларини ҳурмат қилишни кўпроқ ўргандим. Америка менга жудаям ёқиб қолди.
– Суҳбатингиз учун раҳмат! Ўқишларингизга омад ва муваффақиятлар ёр бўлаверсин! Танлаган касбингиз орқали юртимизга астойдил хизмат қиладиган инсон бўлиш сизга насиб қилсин!
– Раҳмат! Сизларнинг ҳам ижодларингизга омад! “Жануб жарчилари” газетасини ўзим севиб ўқийман. Таҳририят ходимлари доим бирор янгилик яратиш билан банд. Кутубхоначиларни Самарқанд шаҳрига олиб бордингизлар, энди эса, 100 нафар обуна жамлаган инсонлар Астанага бориш учун бепул йўлланма олар эканлар. Яқинда юқори синф ўқувчилари учун сизларнинг ташаббусларингиз ва қўлловларингиз орқали подшивка йўлга қўйилибди. Энди телефондан, интернетдан бош кўтармайдиган айрим ўқувчилар, мана, “Жануб жарчилари” газетасини ўқишади, деган умиддаман.
Сўзим сўнгида қорабулоқлик талабалар номидан ҳаммангизни Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан чин қалбдан табриклайман. Ватанимиздаги тинчлик, тотувлик барқарор бўлсин! Биз – ёшлар ўзимизга давлатимиз томонидан берилаётган қулай имкониятлардан фойдаланишни ўрганайлик!
Эътибор САЙФИДДИН
қизи суҳбатлашди.

