
Меҳр нури ёғар доим,
Юзингиздан устозлар.
Юрсам, дейман шу табаррук,
Изингиздан устозлар!
Устоз отангдек улуғ, дея бежиз айтилмаган. Устоз – табаррук зот. Фарзандларимизнинг тарбияли бўлиб вояга етишлари, нуфузли касб соҳиблари, яхши уй бекалари бўлишларида уларнинг ҳиссалари катта. Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган мураббий, ўз ишининг устаси, ҳамкасблари, шогирдлари, атрофидагиларга бўлган самимий муносабати билан ажралиб турадиган Лола Мавлоновадир.
У 1980 йили 16 майда Қорабулоқ қишлоғининг Қир даҳасида зиёлилар оиласида дунёга келди. Отаси Файзулла ака Абдуллаев Ҳамза номли мактабда узоқ йиллар директорлик вазифасини бажариб, эндиликда фахрий ҳордиқда. Ҳозирда маҳалла қўмитасининг раиси вазифасини бажариб келмоқда. Онаси Гулкарам Файзуллаева уй бекаси.
Лола ўқувчилик давридаёқ бошқа ўқувчилардан тартиби ва тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Отасининг касбига қизиққани ҳолда устозлик соҳасини танлади. Мактабни аъло баҳоларга, 1998 йили эса, Жанубий Қозоғистон гуманитар университетини “қизил диплом” билан битирди.
Ўша йили билимдон қиз Ҳамза номли умумий ўрта мактабга ишга қабул қилинди. Мана, 17 йилдир-ки Лола Файзулла қизи ёш авлодга яхши таълим-тарбия бериб келмоқда. Унинг талабчанлиги, бошқалардан билимини аямаслиги, ўқувчиларини ўз фарзандларидек тарбиялаши таҳсинга лойиқдир.
Лола устозгина эмас, маҳалламиз, яъни қайнюртининг, қайнота ва қайнонасининг севимли келини, турмуш ўртоғининг вафоли ёри, 4 нафар фарзандларининг суюкли онажонидир.
Фидойи муаллима Лола Мавлоновага мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик доимо ёр бўлаверсин, ёш авлодга намунали таълим-тарбия беришида Оллоҳ мададкор бўлаверсин!
Гулбаҳор ПАРПИЕВА.

