“Агар кимда ким бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган биноларга боқсин!”.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз мана шундай, дея ёзиб қолдирганди. Дарҳақиқат, қўҳна ва қадим шаҳар Самарқанддаги бинолар-у миноралар ҳар қандай сайёҳнинг ҳайратини оширади.
“NiK group” корпорациясининг президенти, сахийқалб инсон Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқуловнинг ҳомийлигида кўплаб миллатдошларимиз Самарқанд бўйлаб саёҳатда бўлишмоқда. Уларнинг таассуротлари олам-олам. “Уйда ўтиравермай, бобокалонларимиз яшаган жойлар, қурган минораларни кўришимиз, тарихлари билан танишишимиз керак экан, аслида” – дейишмоқда уларнинг кўпчилиги ўз таассуротларида.

Ҳақиқатдан ҳам, ўтмишсиз келажак йўқ. Тегишли манбаларда келтирилган маълумотларга суянадиган бўлсак, Самарқанд – жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, Рим, Афина, Вавилонларнинг тенгдошидир.
Ўтмишнинг шоирлари ва тарихчилари уни чинакам «Шарқнинг жаннатмакон боғи», «Ер юзининг сайқали», «Шарқ оламининг бебаҳо дурдонаси», «Жаҳон мамлакатларнинг безаги», «Шарқнинг Рим каби шаҳри»… ва ҳоказолар каби гўзал ўхшатишларни бежиз бағишлашмаган.
Яқинда ушбу тарихий шаҳарда уч кун саёҳатда бўлган Бадриддин Нишонқуловнинг қариндош-уруғлариям бунга ўзлари амин бўлиб қайтишди.

Қодиржон НИШОНҚУЛОВ, Бадриддин Нишонқуловнинг амакиси:
– Бадриддин Нишонқулов Сайрам туманидан анча одамларни Самарқанд шаҳрига саёҳатга олиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Навбат бизларга ҳам етиб келди. Бундан хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Оиламиз ва қариндош-уруғларимиз билан биргаликда Самарқанд шаҳрига боришга муяссар бўлдик.
Касбим ҳайдовчи бўлганлиги учун 1968 йили Манкент нон заводининг ишчиларини Самарқандга саёҳатга олиб борганман. Ўша вақтдаги Самарқанд билан ҳозиргисида жуда катта фарқ бор. Шаҳар мутлақо ўзгариб, янада гўзаллашган.
Бадриддиннинг сахийлиги ҳамда инсонпарварлиги сабабли замонавий Самарқандни кўриш насиб этди. Биз бундан оила аъзоларимиз билан чексиз миннатдормиз.
Бадриддин масжидлар ва қишлоғимиз аҳолиси учун ҳар доим ёрдам беришга тайёр. Унинг ташаббуси ва ҳомийлигида очилган “NiK” ўқув марказида ёшларимиз таҳсил олишиб, тил ўрганишмоқда, чет мамлакатлардаги билим юртларида илм эгаллашмоқда.
Мен фурсатдан фойдаланиб, укамнинг келгусидаги ишларига ривожлар тилайман. Оллоҳ ҳамиша ишларини ўнгласин!
Зулхумор опа Ҳайитмуродова 1993 йилда турмуш ўртоғидан айрилиб қолган. Ўғил-қизларига ўзи ҳам оталик, ҳам оналик қилиб, тарбия берди, оқ ювди, оқ таради. У қийналган вақтларида Нишонқуловлар оиласи қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Буни Зулхумор опа бизга берган суҳбатида айтиб ўтди.
– Бадриддин қайнимнинг падари бузруквори ажойиб инсон, келинойим раҳматли Қумри опа ҳам ақлли, ширинсўз, меҳрибон, оқила аёл эди. Уларнинг оилалари бизларга жуда кўп яхшилик қилишган. Мен буни унутмайман.
Яқинда ана шундай инсонларнинг ўғли Бадриддин Нишонқулов ҳомийлигида Самарқандга бориб келдим. Маза қилиб дам олиб, маданий ҳордиқ чиқариб қайтдик.

Баҳром НИШОНҚУЛОВ, ташкилотчи:
Самарқандга борсам мен, агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман,
Ул қон йиғлаб турар ҳар сафар –
Мен дардимни кимга айтаман,
деганларидек, мен ҳам Самарқанддаги сайёҳлар сафида бор эдим. Мирзо Улуғбек бобомиз коинотни ўрганган расадхонани томоша қилдим. Ҳар хил кўринишлар тарихимиз, ўтмишимиздан дарак бергандай, гўё.
Ростдан ҳам Самарқанд афсонавий шаҳар экан. Бу ерда ҳар бир тош, жарлик ёки сув ҳавзаси — ўтмишдан сўйловчи тирик бир эртак, шаҳарнинг ҳар бир даҳаси (гузари ёки маҳалласи) ўз афсоналарини, гўёки шажараси каби сақлаб келади. Баъзан ҳар бир самарқандликнинг қалбига азиз бўлган бирор бир тарихий воқеа ёки жой ҳам афсоналарга кўмилади.
Ташкилотчи ва ҳомий Бадриддин акамга улкан раҳмат! Оллоҳ ёмон кўзлардан асрасин!
– “NiK group” корпорациясининг президенти, вилоят маслаҳатининг депутати, сахий, қўли очиқ инсон Бадриддин Нишонқулов Самарқандга бориш учун йўлланма берганидан ғоятда хурсанд бўлдим. Самарқанддаги “Зилол-Бахт” меҳмонхонасида уч кун давомида тунаб, бу шаҳарнинг гўзалликлари, тарихий обидалари билан танишдим. Имом Ал-Бухорий зиёратгоҳи, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, қолаверса, Шоҳизиндани зиёрат қилиб, кўнглим кўтарилди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғани ўғли Каримов ҳақига Қуръон тиловат қилдик. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Илоҳим, халқининг ҳақиқий мард ўғлони Бадриддин Икромжон ўғлининг ишлари ҳамиша бароридан келаверсин!
Саёҳатчилар сафидаги Сайёра Абдираззоқова мана шундай, дея ўзининг таассуротларини билдирди.
Ҳалима ТОШХЎЖАЕВА, сайёҳ:
– От изини той босади, деганларидек, Бадриддиннинг ҳозирги юксак даражага етишига ҳиссаларини қўшган инсонларга раҳматимизни айтмоғимиз даркор. Икромжон акам билан раҳматли келинойим Қумри опанинг бир кунлик кун тартибини сизларга сўзлаб бермоқчиман.
1971 йиллари Тошкент вилоятининг Киров номли совхозида яшаб юрган вақтларида келинойим мактабда илмий мудирлик қилар, математика фанидан дарс берарди. Акам эса, шу совхозда директор лавозимида ишларди.
Ана шу зиёли инсонлар саҳар туриб, молларга қараб, сигирларни соғиб, сўнг полизда ишлардилар. Бу инсонлар чарчаш нималигини билишмасди. Ва болаларини ҳам меҳнат инсонни улуғлашига ўргатдилар.
Оллоҳга беадад шукурлар бўлсин-ки, бугун улар тарбиялаган икки ўғил ва бир қиз ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллашди. Ана шулардан бири — Бадриддин Нишонқулов. Унинг қилаётган ишлари жуда кўп: кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бермоқда, қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи учун тиниб билмай ишламоқда. Офарин!
Самарқанд, Астана каби йирик шаҳарларга ўз ҳисобидан саёҳатлар ташкил этиб, мени ҳам чақирди. Самарқандда кўрганларим ҳали кўз олдимда, бир умр ёдимдан чиқмайди.
– Замонавий Самарқанд – аҳолисининг сони ва ҳудудининг катталиги, саноат аҳамиятига кўра, Ўзбекистоннинг Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда турувчи шаҳри бўлиб, жаҳон туризмининг маркази эканлигини саёҳатимиз давомида гидлар тушунтириб беришди. Табиатнинг ўзи Самарқандга гўзал иқлим ва тоза сув инъом этган.
Бизлар учун мана шундай саёҳатни ташкил этиб берган Бадриддин Нишонқуловдан чексиз миннатдорман. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин! Ҳамиша омадли бўлишини Оллоҳимдан тилайман. Уни ўстирган Икромжон акамга, Қумри опага (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) раҳмат!
Мана шу тариқа миннатдорчилигини изҳор этган Тўти ая Усмонтоевага биз ҳам: кўп яшанг, умрингиз узоқ, тан-жонингиз соғ бўлсин, деймиз.
* * *
Мана, азизлар, биргина Самарқанд сафаридан миллатдошларимизнинг олган таассуротлари мана шундай.
Насиб қилса, 400 нафар ҳамюртларимиз вилоят ўзбек этномаданият маркази раислигига муносиб ягона номзод Бадриддин Икромжон ўғли Нишонқулов ҳомийлигида республикамизнинг юраги саналмиш Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган “ЭКСПО-2017” кўргазмасига боришади. Уларнинг таассуротларини ҳам кўпчилигимизга севимли бўлган “Жануб жарчилари” газетасида ёритиш насиб этсин!
“Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар” – деганларидек, нуроний отахонларимиз-у кайвони онахонларимизнинг ҳурматли меценат, ўзи эмас, миллатининг тақдири, урф-одатлари, азалий қадриятлари учун жонини ҳам, пулини ҳам аямайдиган Бадриддин Икромжон ўғлига бераётган дуолари ижобат бўлиб, баҳорнинг илк кунларида сиз-у биз интиқлик билан кутаётган қурултойда юзи ёруғ бўлишига астойдил истакдошмиз!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

