Алоқа | Обуна

XXI аср устози қандай бўлиши керак?

Бугунги янги жамият ўқитувчиси ким? У қандай бўлиши керак? “Ўқитувчи – яратилишидан ўзига айтилганни етук тушуна оладиган, кўрган, эшитган ҳамда билганларини хотирасида яхши сақлайдиган ва ёдидан чиқармайдиган, тез илғаб оладиган ақл эгаси, гапга чечан, илм-ҳунарга чанқоқ, жуда ҳам сабрли, интилувчан ва ор-номусни ардоқлай оладиган, яқин ва бегона одамларга адолатли, эл-юртнинг барига яхшилик ва эзгуликни намоён этиб, қўрқиш ва инжиқликни билмайдиган, мард, довюрак бўлмоғи керак” – деган эди Ал-Форобий бобомиз.
Хўш, эртанги кунимизнинг давомчилари бўлган ёшларимизга сабоқ бераётган бугунги устозларимизга қандай таъриф берсак бўлади? Замонавий ўқитувчи қандай бўлмоғи даркор?
Мана шулар каби саволларга жавоб олиш мақсадида малакали педагог, Қозоғистон халқ маорифи аълочиси, Сайрам туманининг фахрий фуқароси, “Арғумоқ” ҳамда вилоят ҳокимининг “Бауырмал” мукофотлари лауреати, “Лучшие люди” — Россия, Белоруссия, Қозоғистон ҳамдўстлик мамлакатлари катта энциклопедиясининг фахрий нишони эгаси, устозлик соҳасида 55 йиллик иш тажрибаси бор, ҳозирги кунда агро-иқтисодиёт коллежи директорининг маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритаётган Каримжон ака ЮСВАЛИЕВ билан суҳбатда бўлдик.

– Ассалому алайкум, Каримжон ака! Таҳририятимизга хуш келибсиз, устоз!
– Ваалайкум ассалом, хушвақт бўлинг!
– Ҳозирги кунда устоз ва шогирд ўртасидаги муносабатлар кескин ўзгарган давр. Бисёр йиллик иш тажрибангизга суянган ҳолда олдинги иш жараёни ҳамда ҳозиргиси орасида қандай фарқ бор, дея ўйлайсиз?
– Тўғри айтасиз. Илгари ишда, биринчи навбатда, талабчанлик кучли эди. Дарс программалари ҳозирги кундагидек мураккаб бўлмаса-да, ҳар бир ўқитувчи ўз ишига масъулият билан қараши шарт эди. Ишга кечикиб келиш ҳоллари, умуман бўлган эмас. Сабабсиз кечикишлар учун қаттиқ чоралар кўрилган. Мактаб директорлари ҳар бир ўқитувчининг дарс ўтиш жараёнини дамо-дам кузатиб борган, хато-камчиликлар айтилиб ,эслатма берилиб туриларди.
Устозликнинг бошқа касблардан фарқи шунда-ки, у инсонларнинг фарзандларини камолотга етказа оладиган, уларга оқ-қорани танита оладиган, ҳар томонлама етук, идеал шахс бўлиши керак. Ўқитувчи дарсга кечикиб кирди, деган сўз, бу ўз касбига, ўз шогирдларига нисбатан ҳурматсизлик белгисидир. Уларга ўрнак бўла оладиган яхши сифат эгалари бўлсалар ҳозир ҳам олдингидай иш олиб бориш мумкин.
Ҳозирги кундаги устозларимизнинг олдингига қараганда билим даражаси нисбатан юқори. Уларда ўз имкониятларидан фойдаланиш учун қулайликлар етарли.
Илгари мактаб ва ота-оналар ўртасидаги муносабатлар яхши йўлга қўйилганди. Ҳозир бирор мактаб ёки билим юртига ота-оналарни таклиф этсангиз, нари борса, 10-20 фоизигина иштирок этади. Бу ҳам ўз фарзандларининг тақдирига бефарқ қараётган ота-оналаримизнинг кўпчиликни ташкил этишини далиллаб турибди.
Олдинлари бир синфдан бир ёки икки ота-она келмай қолиши мумкин эди. Шунда ҳам, келаси сафар улар мактабга тушунтириш хати ёзардилар. Илгари ўқитиш жараёнида ўқитувчи бош ролни бажарган бўлса, ҳозирда ўқувчининг активлик кўрсатадиган пайти келди.
– Ҳозирги давр устози, сизнинг фикрингизча, қандай бўлиши керак?
– XXI асрнинг устози ўта талабчан, ўз устида ишлай оладиган, барча қийинчиликларга тўзимли бўла олиши шарт, деб ўйлайман. Бугунги ўқитувчининг мақсади рақобатга қобилиятли, билимли, илмга юқори қизиқиши бўлган, маданиятли, ватанпарвар, халқ дарди билан яшайдиган, ҳар тарафлама ривожланган, руҳий дунёси бой ёшларни тарбиялашдан иборатдир.
Янги жамият ўқитувчиси ижодкор, миллатпарвар, ўз-ўзини бошқара оладиган, ота-оналар билан ишлай оладиган, ўз соҳасини, фанини чуқур биладиган, психология ва педагогикани яхши билган, янги услубларни моҳирона татбиқ эта оладиган, билим моҳиятини тушунадиган, замонавий педагогик технологияларни эгаллаган фан ва техника ютуқлари асосида касбий тайёргарлиги бор одам бўлиши керак.
Улуғ чех педагоги Ян Амос Коменский: “Ўқитувчининг фаолияти жуда катта аҳамиятга эга, унга шундай нуфузли лавозим берилган-ки, бу лавозимдан баландроқ мансаб дунёда йўқдир” – деган эди. Бу ҳолат унинг дунёқарашидан, юрагидан келиб чиқади. Унинг зиммасида, фақатгина болага ёки шогирдига билим бериш эмас, унинг нимага қобилиятли эканлигини аниқлаб, шунга яраша тўғри йўналиш бера олиш ҳам бор.
Дастурли дарсларда ўқувчилар тайёр билим билан танишадилар. Янги ўтиладиган дарсларда бола ўзи ҳаракат қилиб, изланиб, жавоб беришга интилади. Устознинг равон нутқи, ҳарфларни тўғри талаффуз этиши, сўзлардаги урғу, жумлалар бенуқсон бўлиши, шевадаги сўзларни ишлатмаслик ва шу нутқ орқали билими, фикрига, ишончга эга бўлишларига имкон яратади. Болалар билан тўғри муносабатда бўлиш, ғамхўрлик қилиш, жонкуярлик, хушмуомалалик кўрсатиш улардаги инсон қадр-қимматини ҳурматлаш, демакдир.
Ўқитувчи одоби унинг сабр-матонатида намоён бўлади. Болаларнинг ортиқча шўхлиги, ҳаракатчанлиги уни ғазаблантирмаслиги керак, чунки ҳаракатчанлик болага хос табиий сифат. У ўз сўзини қадрлаши керак. Бир фикрни қайтаравериш, болаларнинг жиғига тегавериш уларда ёмон таассурот қолдиради.
Тарбиялашда истак билдириш, илтимос, маслаҳат, ишонтириш, талаб қилиш, танбеҳ бериш, огоҳлантириш, жазолаш, рағбатлантириш, обрў қозониш каби педагогик тарбия усулларидан фойдаланиш яхши тарбиявий самара беради. Ўқувчининг ички ҳолатини кўра билиш, унинг фикрини пайқаш, кайфиятини тушунишнинг педагог учун аҳамияти катта. Устоз тарбиячидир, тарбия эса, доноликни талаб этади. Бепарво, ҳамма нарсага беҳафсала қарайдиган, касбини севмайдиган, завқланмайдиган, мамнун бўлмайдиган ўқитувчи яхши ўқитувчи бўла олмайди.
Касбий маҳорат, ижодий меҳнат, ўқув-тарбия ишларини янгича ўзгаришлар билан ташкил эта билиш, яъни инновация хизматини юзага оширишни талаб этади. Бу вазифаларни, фақат ишчан, саводли, билимли мутахассисларгина амалга ошира оладилар.
– Устозларимиз, албатта юқорида билдирган фикрларингизни қўллаб-қувватлашади, деган умиддаман. Бу ерда яна бир масала мавжуд. Шунча иқтидор ва қобилият эгалари бўлган устозларимизга ҳозирги кундаги шогирдларнинг муносабатлари қониқарли, одоб доирасига мос келади, дея ўйлайсизми? Кўпгина устозларимизни мана шу масала кўпроқ ўйлантириб келмоқда…
– Фарзанд илк тарбияни оиладан олади. Ҳозир: “Уят нима?”, “Андиша нима?”, “ Ор-номус нималигини биласанми?” – деган саволларни берсангиз, нафақат болалар, ҳатто-ки, уларни тарбиялаб, вояга етказаётган ота-оналари ҳам бундай тушунчалардан йироқда эканликларини пайқаб қоласиз.
“Бола азиз, одоби ундан азиз” – деган халқ нақлини таъкидлаш жоиз. Дарс жараёнини кузатиш натижасида ўқувчиларда кўпроқ телефон ўйинларига қизиқиш кучлилиги, устозга нисбатан ҳурматсизлик ҳоллари учраб туради. Тўғри, интернет тармоқларининг ҳам фойдаси йўқ, деб айта олмайман. Лекин, айнан ўқитувчи дарс ўтаётган пайтда уни бошқа нарсаларга чалғитиш, фикрини бўлиш, бўлар-бўлмас дарсдан ташқари саволларни бериш одобдан эмас.
Ўқувчилар ҳозир илгаригидек, бугун дарсда қанча баҳо оламан, жавоб беришга қийналиб қолмайманми, ўқитувчимиз бугун қандай мавзуни ўтар экан, деган хаёллар билан келишмайди, менимча. “Беш бармоқ баробар эмас” албатта. Ҳозир шароитдан фойдаланиб, чет элларда ўқиётган ёшларимиз қанчадан-қанча. Бу ҳам ўша жонкуяр устозларимизнинг тинимсиз меҳнатларининг самараси, дея биламан.
– Сиз газетамизнинг жамоатчи мухбири сифатида ҳам фаолият юритасиз. Энди анъанавий саволимизни бермоқчийдим. Газетамизнинг жонкуярлари ва муштарийларига тилакларингиз бўлса, марҳамат…
– Аввало, барчасини айём билан муборакбод этаман. Таҳририят ходимларига ҳам, “Жануб жарчилари” газетасининг директор — бош муҳаррири Гулираъно Анварбек қизига ҳам, ҳар сонини интиқлик билан кутадиган кўпсонли муштарийларингизга ҳам узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман. Ҳеч қачон уларнинг юзларидан табассум аримасин, кўзлари мутолаадан толмасин, ҳар доим газетамизни қўллаб-қувватлаб, обуна бўлишдан қолмасин, деган тилакларни билдирган бўлардим. Ҳамиша ишларингизга омад ёр бўлсин, илоҳим!
– Сизга ҳам мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Оддий устоз хабар қилади, яхши устоз тушунтиради, зўр устоз кўрсата олади, улуғ устоз илҳомлантиради, деган фикрлар билан суҳбатимизни якунласак. Сизнинг ҳам ишларингизга ривож тилаймиз.

Суҳбатни Гулбаҳром
АБАТОВА олиб борди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ