
Жорий йилнинг ўн тўртинчи апрель куни соат учлар чамасида уйдан чиқиб, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида жойлашган Миллий театр томон йўл олдим. Ниятим театр директори Фатхулла Маъсудов билан учрашиб, қисқа маълумот олиш эди. У киши съёмкада экан.
Айни боисдан, Ўзбекистон халқ артисти Эркин ака Комилов билан суҳбат қуриш бахтига сазовор бўлдим. Эркин ака ўз вақтини аямай, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Хонасига бошлаб олиб кирди. Йўл-йўлакай ўзимни таништирдим.
Шинамгина хона: атрофимга разм солдим. Ш. Бурҳонов, Э. Комилов ҳамда А. Набиевнинг ролларни ижро этган пайтларидаги суратлари.
Эркин ака:
– Бу хона устозим Шукур ака Бурҳоновнинг хонаси. Энди менинг ва шогирдим Асадилланинг тасарруфимизда. Бу ерда грим қилиб, кийинамиз ва дам оламиз, – деди устозининг суратига фахр билан қараб.
Дераза томондаги стол устида Эркин аканинг сиймоси акс эттирилган ҳайкалча. Хона ёруғ, расмлар ва гуллар билан янаям файзли кўринарди.
Хонага истаралигина йигит кириб келди. Эркин аканинг таништирувидан кейин унинг Асадилла Набиев эканлигидан воқиф бўлдим. Унинг ортидан кириб келган икки ёш йигит: Шукур Сўфиев ва талаба Бахтиёр Алихонов экан.
Эркин ака ва Асадилла роллар ижро этадиган “Тақдир синови” пьесаси бошланишига оз вақт қолганлиги сабабли, биз қисқа мулоқотда бўлдик.
– Ўзингиз ва оилангиз ҳақида гапириб берсангиз…
– Онам ёшлигимда мени театрга ўзлари бошлаб олиб келганлар. Томошани кўриб, таъсирланиб, онамдан бу нима, дея сўраганман. Онамнинг: бу – театр, дегани ёдимда. Театрга муҳаббат ўша болалигимдан уйғонган. Менинг 7 нафар фарзандим, 28 нафар неварам, 2 нафар эварам бор, – дея ғурурланиб кулиб қўйди. – Кенжа фарзандим менинг изимдан бориб, режиссёрликка ўқияпти. Фарзандларим олий маълумотли.
– Ижодингиздаги янгиликлар ҳақида айтсангиз?
– Яқиндагина 8 ой мобайнида ишлаб, “Мирзо Улуғбек” спектаклида бош ролни ижро этиш бахтига муяссар бўлдим. Айни саҳна асари, аввал Самарқанд театрида, сўнг ўзимизнинг Миллий театримизда намойиш этилди. Театр доимо мухлислар билан гавжум. Бундан бағоят хурсандман.
– Ҳаётда эришолмаган орзуингиз ёки ушалмаган армонингиз борми?
– Армон ўзи нима? Ният қилган барча орзуларимга эришдим. Армоним бор, десам, Оллоҳга ношукурлик қилган бўламан. Минг бора шукурлар бўлсин-ки, Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлдим ва элнинг ардоғидаман, минглаб мухлисларимнинг ҳурмати ва меҳрини қозондим.
– Қозоғистонда чоп этилаётган “Жануб жарчилари” газетасининг муштарийларига айтарларингиз…
– Авваламбор, Шимкентда ўзбекзабон газеталар ва журналларнинг кўплаб чоп этилаётганидан хурсандман. Мана, газета, китоб бердингиз, раҳмат! Сайрамдаги ўзбек театрларингизда ҳам истеъдодли актёрларнинг борлигидан воқифман. Орамиздаги дўстлик яна ҳам мустаҳкам бўлаверсин! Газета ва журналларнинг ададлари янада кўпаяверсин! “Жануб жарчилари”нинг ижодий ходимларига соғлик, омад ва ғайрат тилайман. Тошкентга келганларингизда, албатта театримизга ташриф буюриб, бизларни хурсанд қилинглар. Энди спектаклимизни кўриб, таассуротларингизни намойишдан кейин айтиб кетасиз, – дея соатига қараб олди ва шогирдига бизни бошлаб боринг, деди.
Ўзбекистонлик шоира Маликахон билан залга кирдик. Зал секин-аста мухлислар билан тўлди. Уларга қараб, ҳавасим келди. Пьеса тамом бўлгач, Ш. Сўфиев кутиб олди ва яна Эркин аканинг хонасига бошлаб борди. Эркин ака билан дилдан суҳбатлашиб бўлгач, яна шундай яхши кунларда кўришиш насиб қилсин, дея хайрлашдик.
Нурхон АЮБ қизи,
жамоатчи мухбир.
Тошкент шаҳридан махсус
“Жануб жарчилари” учун.

