Ривоятларда келтирилиши-ча, бир йигитнинг отаси қаттиқ хасталаниб қолибди. Унинг хасталик давридаги инжиқликлари, дори-дармонларининг харажатлари йигитга малол келиб, отасини қопга солиб, одам оёғи етмайдиган жойларга олиб бориб ташламоқчи бўлиб, йўлга чиқибди.
Отасини орқалаб кетаётганида унинг елкалари оғриб, бели зирқирабди. Шунда кўзи сал нарироқда турган бир харсанг тошга тушибди. Отаси солинган қопни ерга қўйиб, шу ерда дам олишни ният қилибди. Шу пайт отаси қаттиқ кулиб юборибди.
– Дада, нега кулаяпсиз? Мен сизни узоққа ташлаб кетмоқчиман. Сиз эса, кулаяпсиз, – деса, дадаси унга жавобан шундай дебди:
– Ўғлим, мен ҳам, худди сенга ўхшаб, хаста отамни олиб кетаётганимда, шу харсангтош устида дам олгандим…
* * *
Бир йигитнинг оиласида нуқул нотинчлик ҳукмрон экан. У вақтларда юртда очарчилик бошланиб, ҳамма нон топиб еёлмайдиган даврлар эди. Йигитнинг кекса онаси бўлиб, ишга яроқсиз бўлиб қолганди. Хотинининг сўзлари унинг юрак-бағрини эзарди. Олиб бориб ташлай деса, якка-ю ягона ғамхўри, меҳрибони.
Кунларнинг бирида аёли жуда қаттиқ тўполон қилибди ва эрига қараб:
– Сизнинг онангиз очофат. Сиз келтирган таомларни болаларингизга едирмай, ўзи еб қўяяпти. Ишонмасангиз қаранг, куни билан оғзи қимирлаб, жағи тинмайди. Етар, энди, бу уйда ё онангиз турсин, ёки мен, – дебди.
Йигит узоқ ўйланибди-да, охири, онасини ташлаб келишга рози бўлибди. Чунки онаси, ҳақиқатдан ҳам, куни билан жағини қимирлатиб, ниманидир оғзида айлантириб ўтираркан.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, юртга осойишталик келиб, тўқчилик замони бўлибди. Йигитнинг эсига онаси тушиб, уни соғинибди ва қидириб йўлга тушибди. Мўлжал билан онасини ташлаб кетган жойга етиб борибди. Борса улкан ўрик дарахти ва ёнида бир булоқ қайнаб турган экан. Ўғил ўрикни еб, қорнини тўйдирибди, булоқдан сув ичиб, чанқоғини босибди. Кейин хаёл билан ўз-ўзига гапира бошлабди:
– Ё, тавба! Мен онамни шу ерда қолдиргандим. У кекса бўлса, бунинг устига бемор эди. Шундай саҳрои кабирада ўрик ва булоқнинг қайнаб туриши не синоат? – дебди.
Шунда Оллоҳнинг амри ила ўрик дарахти тилга кирибди:
– Эй, бадбахт ўғил! Сен бу дунёдаги энг қимматбаҳо бойлигингни йўқотдинг. Шунда ҳам онанг то жони чиққунича Тангрига шундай дуо қилиб, ёлворди: “Эй, бандаларининг раҳмини егувчи Зот! Менинг ёлғиз ўғлимнинг гуноҳларини авф эт. Унинг болаларини омон сақла, оиласига фаровонлик бахш айла. Ўғлим мени бир куни қидириб келади. У мени бу ерга мажбурликдан олиб келиб келди. Агар қидириб келса, очликдан силласи қуриб, чанқаганидан томоқлари қақраб кетади. Оғзимдаги туршак данагидан кўчат кўкартиргин, кўзларимдан оққан аччиқ кўз ёшларимни ширин булоққа айлантиргин, дея дуо қиларди, – деди.
Йигитнинг кўз олдига тинимсиз оғзида ниманидир айлантираётган онаси келди. Болалари оч қолиб кетмасин, дея ўзини туршак билан овунтирган онаси учун аччиқ кўз ёшларини тўкди, лекин бундан, энди ҳеч қандай наф йўқ эди, минг бор афсус…
Оллоҳ умримизни берса, кексалик ҳам, ҳадемай, эшик қоқади. Ҳар кунимизнинг сарҳисоби олдинда. Шундай ғанимат неъматлари бор инсонлар нақадар бахтлидирлар. Лекин шоли курмаксиз бўлмаганидек, орамизда уларнинг қадрига етмаётганларимиз-да бисёрдир.
Каримжон ака ва Зулхумор ая ўзларининг саккиз нафар фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдилар. Ўғилларини ўз уясига, қизларини ўз қиясига қўндириб улгурдилар.
Болани туққанингиз билан уни феълини туғмас экансиз. Нимагадир фарзандлари улғайгач, бир-бирига меҳрсиз бўлиб кетгандилар. Олдинлари бир дастурхон атрофида ўтириб, овқатланиб ўтиришарди. Бора-бора, уйдан оёқлари узилиб кетди. Қўнғироқ қилса, ҳар хил баҳонани топиб турадиган бўлишди. Отасининг ҳол-аҳвол сўраганини улар бошқа маънода қабул қилишарди.
– Салом, дада! Тинчликми? Уйда ун-ёғнинг теги кўриниб қолдими? Ё бирор ерингиз оғрияптими?
– Йўқ, ўғлим. Ҳамма нарса бор, соғлигим жойида, фақат…
Отанинг сўзи бўғзида қолди, телефон узилди. Ўғиллари унинг қолган гапини эшитишни хоҳламасдилар. Болаларининг дийдорига маҳтал бўлган ота-онанинг кўнглига бундай муомала оғир ботарди.
Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, деганларидек, бир кун соғ, бир кун касал бўлади одам, дегани. Оёқларининг зирқираши, кўзларининг парда босиши қаричиликнинг аломати эканлигига шубҳа йўқ. Лекин кўнгил, дегани нозик масала экан. Оқибат — арзон замонда ширин сўзнинг гадоси бўлиб қолганимизни ўзимиз ҳам билмай қоларканмиз. Ўзимизни қанчалик овутмайлик, барибир, болаларимиз, невараларимиз дийдорига маҳталлик устун бўларкан.
Каримжон ака ҳам, Зулхумор ая ҳам фарзандларининг қўлига эмас, йўлига интиқ бўлиб қарашарди. Буни англаб етганимизда кеч бўлиб қолиши мумкин, азизлар! Кексалик ҳам, аслида ғанимат бир давр. Бу кунга етганлар бор, етмаганлар бор. Қариси бор уйнинг париси бор, дейдилар.
Ўша дуогўй, фаришталаримизнинг умри поёнига етмаган чоғида кўнгилларига йўл топишга ҳаракат қилайлик. Негаки, Оллоҳнинг тўртта муқаддас китобларида ўзгармаган биттагина ибора бор, дейишади: “Ота-онаси ундан рози бўлмаган фарзанд жаннатга кирмайди!”
Сиз ҳам кексалик даврини суришлик ёшига етинг, иншооллоҳ. Унутманг-ки, бунда ота-онангиз дуоларининг ҳиссаси беқиёсдир.
Гулбаҳром АБАТОВА,
жамоатчи мухбир.

