
Ассалому алайкум, “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятининг ҳурматли ходимлари! Жорий йил газетангизда “Сўз сўрайман!” танловига оид йигирмага яқин мавзулар берилганини ўқиб қолдим. Жамоатчи мухбир сифатида, кеч бўлса-да, “Қайнона-жон, сиз ҳам келин бўлгансиз-ку!” мавзусини танлаб, қуйидаги ҳикояни муштарийларимиз эътиборига ҳавола қилмоқчиман.
Қайнона… Мана шу битта сўз келинлар орасида, нафақат улар, бола-чақали бўлиб кетган аёллар орасидаям гап бўлиб, мавзу айланиб қолгудек бўлса, албатта кимлардир пешонаси тиришиб, қайноналари ҳақида салбий фикр билдирадилар. Зеро, ”Қарс икки қўлдан чиқади” – дейилган халқ нақлларида. Улар ушбу нақлни эсларидан чиқариб, қайноналарини айблайдилар.
Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу воқеани ўқиганларингиздан кейин, улар ҳақидаги фикрингиз ижобий томонга ўзгаришига чин дилдан ишонаман.
Нурмат билан Лазокатнинг икки қизи бор. Каттаси Нозима 7-синфни, кичиги Нафиса эса, 5-синфни битираяпти. Лазокат қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди, Нурмат эса, заводда ишлаган вақтида оёғига темир тушиб кетганлиги сабабли, ногиронлик нафақасини оладиган бўлиб қолганди.
Лазокат эрининг, қайнота-қайнонасининг ҳурматларини жойига қўйиб, қизларининг ҳам тарбиясига алоҳида эътибор берарди. Баъзан қайнотасининг: “Ўғил невара кўрмай ўтадиган бўлдик” – деган гапларини илғаб қолса, дили оғрир эди.
Бир куни кечки овқатдан кейин озгина мева-чеваларни ювиб, қайнота-қайнонасининг хонасига олиб кирмоқчи бўлди. Чол-кампир телевизор кўриб, гаплашиб ўтиришган экан.
– Ойижон, дадажон! Кечки дориларингизни ичиб олдиларингизми, дея бир хабар олгани кирган эдим. Мана, чойнакда иссиққина чой бор. Бу меваларни ётишдан олдин тановул қиласизлар, дея атайлаб сизлар учун ювиб келтирдим, – деди келин тортинибгина.
– Қизим, беш-ўн дақиқа вақтингни бизларга ажрата олсанг, сенга айтадиган гапимиз бор эди, – деди қайнотаси.
– Ҳа, албатта, дадажон, бемалол айтаверинг, қулоғим сизда. Невараларингиз дарсларини тайёрлашмоқда, ўғлингиз озгина мазаси қочиб, вақтлироқ ётишга кириб кетганди. Нима гап экан? – дея жавоб қайтарди мулойимлик билан Лазокат.
– Ўзинг биласан, Мурод тоғанг билан Эрмат амакингнинг невара тўйларида кийган сарполаримиз бор. Биз эса, ҳали невара тўйи қилмадик. Уч-тўртта яхши чопон, онангга берилган матоларни анави сандиққа солган бўйича турибди. Шуларни бўйнимизга қарз қилмай, тўй-маъракаларида қайтарсанг, яна қишлоғимизда авваллари оламдан ўтганларнинг худойисида бир оқ дастрўмолга бир пачка чой тугиб бериларди. Ҳозир бу удумлар қолиб кетган. Лекин сендан илтимос, онангни билмадим-у, мен ўлсам 200 дона чит рўмолга бир пачкадан чой солиб, эл-юртга тарқатсанг, сендан рози бўлардим.
Ўзинг биласан, эрингнинг асаблари бузилмасин, дея сенга айтаяпман. Кўчадагилардан қарздор бўлиб кетишни истамайман. Қолаверса, уйимизда сендан бошқа ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Онанг иккимиз ҳам озгина ўлимлигимизни йиғиб қўйганмиз. Ўғлимизга айтмай қўяқол, дарров жаҳли чиқиб кетмасин, – деди қайнотасининг кўзлари намланиб.
– Дадажон, ўғил неварангиз бўлмаса, ана, қиз невараларингиз катта бўлиб қолди. Шуларнинг тўйларини кўринглар, Худо хоҳласа. Ҳали бизга кўп кераксизлар, уйимизнинг баракаси, обрў-эътиборисизлар. Қарз бўлсак яхшиликларда қайтарармиз. Ўлим ҳақида ўйламангизлар, илтимос! Сизлар бағримизнинг бутунисизлар. Сизлардан айрилиб, яна етим бўлишни хоҳламайман, – деди-да, Лазокатнинг ҳам кўзлари жиққа ёшга тўлди. У ҳар иккаласининг юзларидан сийпалаб ўпди ва йиғлаб чиқиб кетди.
Эрталаб қайнотаси бошқалар чойга чиқмасидан олдин:
– Қизим, сени хафа қилмоқчи эмасдик. Бу, шунчаки, чол-кампирнинг сенга қилган васияти эди, холос. Биздай ношуд одамларни кечир, қизим, – деди.
– Мени хижолатга қўйманг, дадажон! Ахир, ота ҳам ўз фарзандидан кечирим сўрайдими? Аслида, мени сизлар кечирингизлар, сизларнинг орзуларингиздаги неварани дунёга келтира олмадим, ниятларингизга етказа олмадим, – деди келини унга жавобан…
Ҳаёт бешафқатдир. Ўзининг ўлимидан хабардор одамдек, ота орадан тўрт ой ўтгач, оламдан кўз юмди. Лазокат қайнотасининг айтганларини ерда қолдирмай, барини тўла-тўкис қилиб, васиятини бажарди. Чойларни рўмолчага тугиб, еттиси куни бўладиган маъракасига тайёрлаб қўйди. Энди биргина эрига билдириш қолган эди.
– Дадаси, сизга бир маслаҳатли иш бор эди. Сиз домладан рухсат олиб берсангиз бўлгани, – деди.
Ўзи учун кутилмаган янгиликдан Нурмат ҳайрон бўлиб:
– Нега буларнинг ҳаммасини сенга айтади, – дегандек хотинига саволомуз назар ташлади. Хотини унинг мазаси бўлмай, ётиб қолганлигини, уйқуси бузилмасин, дея уйғотмаганлигини ётиғи билан тушунтирди.
Маъракалар ўтиб, март ойи, яъни баҳор фасли ҳам бошланиб қолганди. Аёллар байрами олдидан Нурмат бозордаги дўконда сотувчилик қилаётган дўкончи қиздан:
– Аёлимга нима совға қилай? – дея сўради.
Қизча ҳам уддабуронлик билан:
– Муаллима опам доимо бошига рўмол ўраб юрадилар. Мана, бу чиройли рўмолни олинг, – дея маслаҳат берди.
Унга яна битта атирни ҳам қўшишни унутмади. Атирни ўзи танлаб олди. Кейин Нурмат яшил рангда товланиб турган газламани кўрсатиб: қанча метр олсам онамга кўйлак чиқади? – дея яна ўша қиздан сўради.
– Бу Туркиянинг матоси — қиммат. Метри 2,5 минг туради. Уч метр олсангиз, онангизга бемалол лозими билан чиқади, – деди у ҳозиржавоблик билан.
– Майли, ўлчаб бера қол, битта яшил рўмолингдан ҳам қўшгин, – деди қизга Нурмат.
Совғаларни ҳеч ким йўқлигида ётоғига яшириб қўйди. Қизлари мактабдан келгач, турли салатлар тайёрлашди, кечки овқатга байрамона дастурхон ёзилди. Нурмат онасининг ёнида — тўрда ўтирарди. Лазокат онасини қутлаб, совғасини узатди. Нурмат унга хонадаги пакетни олиб чиқишини буюрди. Ўзининг олган совғаларини онасига, кейин аёлига берди.
– Вой, мени роса яшартириб юбординглар-ку. Топганларингга Оллоҳим барака берсин. Қўша қариб, яхши ниятларингга етинглар, раҳмат! – дея қўлларини дуога очди она ва юзига фотиҳа тортди.
Бироздан кейин:
– Ўғлим, бир туш кўрибман. Отанг тушимда тиним билмай: “Оллоҳим сизларни яхши ниятларингизга етказсин!” – дея дуо қилаётган экан. Олдида катта дастурхон очиқ, бошига оқ салла ўраб олган, дастурхонда ҳар хил мева, бир даста қатлама, қанд-новвот ва уюм бўлиб турган ҳинд чойини кўрдим, – деди онаси.
Лазокат ҳам ўзининг шу мазмундаги тушни кўрганлигини ҳаяжон билан гапира кетди. Нурматнинг ҳам ҳайрати ошиб, хотини ва онасининг тушини такрор ҳикоя қилди. Қизлари уларнинг гапларини эшита туриб: “Ҳаммаларингиз бир хил туш кўрдиларингизми?” – дея кулиб юборишди. Барчаси кулишди.
Икки кунлик дам олишдан кейин қизлар мактабга, Лазокат ишга кетди. Орадан икки соатча вақт ўтгач, ранглари оқариб, ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилганича Лазокат ишдан қайтди. Келинининг аҳволига ичи ачишиб: тинчликми, дея сўради қайнонаси.
– Ойижон, хавотир олманг. Кеча байрам баҳона майонезли салатларни кўпроқ еб қўйдим, шекилли. Ҳозир ўтиб кетади. Тунда ҳам дори ичиб ётгандим. Мактабда жуда ёмон аҳволга тушиб қолдим. Озгина дори ичиб дам олсам, ўзимга келиб қоларман, – дея қайнонасини юпатишга ҳаракат қилди Лазокат.
– Йўқ, ўз билганингча ҳар хил дориларни ичмай, дўхтирга бор. Рангинг яхши эмас, – деди қайнонаси хавотирланиб.
Лазокат унинг сўзидан ўтолмай, ноилож, шифохонага кетди. Текширувлардан ўтиб, уйига қайтди. Эртасига тағин шифокорнинг қабулига келишини маслаҳат бердилар. Эрталаб уни ёшгина шифокор очиқ чеҳра билан кутиб олди.
– Ҳамма текширувлар натижаси яхши, қўрқадиган касалингиз йўқ, фақат озгина толиққансиз. Ундан ҳам яхшироқ янгилик бор сизга. Сиз ҳомиладорсиз. Энди сервитамин овқатлар ейишингиз керак. Кўпроқ дам олишингиз ва оғир нарсаларни кўтармаслигингиз лозим. Опа, ҳар ойда кўрикдан ўтиб туришга ҳаракат қилинг, – деди шифокор йигит.
Лазокат шифокорнинг ҳузуридан чиқиши олдидан бир оз ўйланиб қолди. Қизининг каттаси 15 ёшда, ўзи ҳам қирқни чамалаб қолди. Энди нима бўлади? Бу саволни ўзига бердими ёинки шифокоргами ўзи ҳам билмай қолди.
– Нима қилибди, аёллар тўртинчи мучал ёшида, яъни 48 ёшида ҳам фарзанд кўришлари мумкин. Сиз эса, энди 37 га кирибиз. Бизлар ўқиб-ўрганганмиз. Ҳеч ҳам хавотир олманг. Авваламбор, яратган Оллоҳ, қолаверса, бизлар сизга ёрдам берамиз, – деди шифокор унинг кўнглини кўтариб.
У уйидагиларга қандай айтишни ўйланиб, уйига етганини ҳам сезмай қолди. Қайнонасига қандай қилиб бояги гапларни айтишини билмасди, шундай бўлса ҳам унга бари гапни айтди. Қайнонаси унинг гапларидан ҳеч ҳам ажабланмади.
– Ана, кўрдингми, болам. Қайнюртни сийлаганни Худо сийлайди, демаганмидим. Роббимга шукур, менга насиб этган экан шу яхшилик кунларни кўришни, – деди шукроналик келтириб.
– Энди буни ўғлингизга қандай айтаман? – деди у. Ичкаридан кулимсираганича чиққан эри бор гапдан воқиф бўлганлигини айтди.
– Тунов куни тушимни охиригача айтай, десам кўнмагандинглар. Дадам менга: ўғил фарзанд кўрасан, исмини Ҳурмат қўйгин, дегандилар. Э, ўғилми, қизми ҳали номаълум. Хавотирга ўрин йўқ. Қиз бола бўлса, Ҳурматой қўяқоламиз, – деди Нурмат қувончини яшира олмай. Қизлари ҳам, энди укамиз ёки синглимиз бўлади, дея роса қувонишди.
– Мен сизларни катта қиз бўлиб қолган, ҳомиладорлигимдан уяласизлар, дея ўйлагандим, – деди қизларига қараб Лазокат.
– Ойижон, нега хафа бўламиз? Қўшниларимизни кўринг, бештадан, олтитадан болалари бор. Биз нега уялишимиз керак экан, – деди қизи Нафиса.
Лазокатнинг бу гаплардан кейин кўнгли анча таскин топди. Оиласининг аъзолари унинг назарида шундай меҳрибон бўлиб кетишди-ки, кўчага ким чиқса ҳам бирор егулик ёки бирор тансиқ таом кўтариб келадиган бўлишди…
* * *
Вақт олий ҳакам, дейишган. Ҳурмат дунёга келганига ҳам, оиласи ардоғида улғаяётганига ҳам бир пасда 5 йил ўтибди. Бу орада Нозимани унаштиришди. Нафиса эса, уйда дастёр, ўқишда аълочи.
Фурсат етганида ўйлаб кўришса, Нафисанинг ўқишига тўланганидан кейин, анча пул қолибди, яна ойликка қўшилиб чиққан таътилнинг пулиям анчагина. Лазокат эри билан маслаҳатлашиб, энди Ҳурматнинг қўлини ҳалоллаб олиш керак, деган қарорга келишди.
– Яхши бўларди. Сўядиган қўйимиз бор. Ойимларнинг ҳам олди-бердилари бор, дегандинг, ўзимизга яраша тўй қилсак, шулардан ҳам бир йўла қутулиб оларди. Ойим ҳам хурсанд бўлиб қоларди. Ўзимнинг қўлимдан кўп иш келмаганидан кейин айтгим келмай юрганди, – Нурмат хижолат тортгандай, хотинига термулди.
– Нега ундай дейсиз, дадаси, борингизга шукур! Мол-ҳол, томорқа ишларининг бари сизнинг бўйнингизда. Сизга оғирлик қилади, десам парво ҳам қилмайсиз. Оилани бошқарганингизнинг ўзи катта гап, – деди эрини юпатганича Лазокат.
– Тушунганинг учун раҳмат, – деди Нурмат ҳам миннатдорчилик билдириб…
Тўй ихчамгина, чиройли ўтди. Онаси бир сандиқ чопонлар-у матоларни эгаларига тарқатиб, енгил тортгандай бўлди.
Кечки овқатдан кейин ҳамма дастурхон атрофида жамулжам ўтиришганди. Нурмат кейинги ишларини режалаштира бошлаганида, онаси катта бир тугунни олиб чиқиб, ўртага қўйди. Келини кулганича: бизга ҳам сарпо кийдирмоқчисиз, ойижон, деди. Ҳамма бирдан кулиб юборди. Энг олдин келинига бир тугунни, ўғлига бир рўмолчада тугилган анча пулни, Нафиса неварасига ҳам алоҳида тугун ва чиройли қутичада узук ва зиракларни берди.
(Давоми келгуси сонда).
Ҳурбуви ОДИЛОВА,
жамоатчи мухбир.
Султонработ қишлоғи.

