
– Мен декрет таътилидаман. Эшитишимча, 1 июлдан бошлаб, болаларга бериладиган пуллар яна кўпайтирилар экан. Бу ҳаммага тааллуқлими? Ёки биринчи боласини туққанларга ҳамда бола тарбияси билан машғул ва кўпдан бери уйда ўтирган аёлларгагинами?
Яна мени ўйлантираётган нарса: опамнинг турмуш ўртоғи ҳеч қаерда ишламайди. Опам ҳам туққанди, боласини боқиб, уйда ўтирибди. Унга декрет таътили муносабати билан пул тўланадими?
Мана шу ҳамда бошқа саволларга, муштарийларимизнинг илтимосларига биноан, жавоб олиш учун ижтимоий тўловлар бўйича идоралараро ҳисоб маркази департаментининг директори Бахт Мусурали ўғли БАСИМБЕКка мурожаат этдик.
– 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб, Қозоғистон Республикасида давлат томонидан болалар учун бир маротаба бериладиган пул миқдори 20 фоизга ошди. Бу ҳақда президентимиз Н. Назарбаев олдинги йили Қозоғистон Республикасининг Мустақиллиги арафасида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтган эди. Ўша пайтда давлат ходимларига 2017 йил 1 июлдан туғилган болаларга бериладиган пул миқдорини кўпайтиришни топширган эди.
Бир маротаба бериладиган нафақа (пособие)нинг миқдори биринчи, иккинчи, учинчи болалар учун давлатимизда:
2016 йил 66 621 тенгени ташкил этганди. 2017 йил 1 январдан 71 270 тенгега тўғри келганди, 2017 йил 1 июлдан эса, 86 222 тенгега кўтариладиган бўлди.
Шундай қилиб, 2017 йил 1 июлдан туғилган болаларнинг оналари улар бир ёшга тўлгунларига қадар 19 601 тенге миқдорида пул олишади.
Тўртинчи ва ундан кўпроқ болаларга:
2016 йил 111 035 тенге, 2017 йил 1 январдан бошлаб,118 000 тенге, 2017 йил 1 июлдан бошлаб эса, 142 947 тенгега тенглашади. Демак, бир марта давлат томонидан бериладиган нафақа (пособие)нинг миқдори 2017 йилда 31 912 тенгега кўтарилади.
Эътиборингизни қаратишингизни илтимос қилардим. Юқоридаги кўрсаткичлар, фақат боланинг туғилиши муносабати билан бериладиган нафақа (пособие) пуллари ҳисобланади. Болага қарайдиганлар учун 2017 йил 1 январдан бошлаб, тўланадиган нафақа (пособие) миқдори 7 фоизга кўпайди.
– Декрет таътилидаги аёлларга қандай тўловлар берилади?
– Қозоғистон Республикасининг Меҳнат кодексидаги 113-бобга асосланиб, ҳомиладор ва туққан аёлларга ҳомиладорлик ва туққанлиги учун меҳнат таътили берилиши шарт. Қозоғистонда аёлларимиз ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида декрет таътилига чиқишади. Ўзларининг шароити ва соғлигига боғлиқ равишда ҳомиланинг 28-ҳафталигида ҳам таътилга чиқишлари мумкин. Бундай таътил ўртача 126 иш кунини ташкил этади (70 кун бола туғилгунича ва 56 кун бола туғилганидан кейинги муддат).
Агар аёлда туғиш жараёни оғир кечган бўлса ёки икки ва ундан ортиқ фарзанд кўрса, туққанидан кейин ҳам 70 кунлик таътил олишга ҳақли (ҚР Меҳнат кодексининг 193-моддаси).
– Турмуш ўртоғим менинг ўрнимга декрет таътилини ўзига расмийлаштирса бўладими?
– Ҳа, албатта! Ҳозир бунга рухсат этилган. Фақат керакли ҳужжатларни йиғиб, тегишли жойга ўтказиш лозим. Бу ҳолда ой сайин бир ёшгача бериладиган бола парвариши учун нафақа (пособие)нинг миқдори унинг иш ҳақидан келиб чиққан ҳолатда белгиланади. Бундай вазиятда декрет таътилида боланинг отаси ўтириши мумкин.
– Декрет таътили учун бериладиган пуллар Қозоғистонда давлат бюджети ҳисобидан тўланадими? Ёки?
– Ишламайдиган аёллар учун бир бора бериладиган ҳомиладорлик ва ой сайин бола парвариши учун тўланадиган пуллар давлат бюджетидан тўланади. Ишлайдиган аёллар учун бир йил давомида ижтимоий суғурта фондидан тўланиб борилади. Фақат мажбурий ижтимоий суғурта тизимининг иштирокчиларигагина тўланади.
– Тўловлар ва нафақа (пособие)ларни олиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак?
– Давлат томонидан бир марталик ва ой сайин бериладиган нафақа (пособие)ларни олиш учун аёл тиркалган жойидан нафақа бериш марказига қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштириши лозим:
– яшаш жойидан маълумотнома (асл ва кўчирма нусхада);
– шахсий гувоҳнома кўчирмаси;
– боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳномаси;
– оила таркибини тасдиқловчи маълумотнома (агар оила кўп болали бўлса);
– банк карточкасининг ҳисоб рақами;
– агар аёл бир ёшгача бўлган болаларни фарзандликка қабул қилган бўлса, суддан уларни фарзандликка қабул қилиш учун берилган рухсатноманинг кўчирмаси керак бўлади.
Ишлайдиган аёллар бунга қўшимча равишда ишга яроқсизлик ҳақидаги акушер-гинекологнинг берган тавсияномасини ҳам топширишлари керак. 2016 йил август ойида ҚР Соғликни сақлаш вазирлигининг давлат корпорацияси билан ҳамкорликда “Ҳукумат аҳоли учун” бўлими очилиб, ҳужжатлар тизимини қисқартирди. Энди ишлайдиган аёлларга ариза ёзган пайтда 12 ойлик иш фоизини қўшимча қилиш шарт эмас. Шахсий гувоҳномасининг кўчирмаси, касаллик варақаси ҳамда банк карточкаси ҳисоб рақамини илова қилиши етарли бўлади.
– 1 ёшгача бўлган болалар учун бериладиган ойлик ижтимоий нафақа (пособие)нинг ишламайдиган аёллар ва эркаклар учун белгиланган миқдори 2017 йилда қанча бўлади?
– 1 ёшгача бўлган болалар учун Қозоғистонда ишламайдиган эркак ва аёлларга:
2269 х 5,76 = 13 069 тенге – биринчи бола учун (ой сайин)
2269 х 6,81= 15 452 тенге – иккинчи бола учун (ой сайин)
2269 х 7,85 = 17 812 тенге – учинчи бола учун (ой сайин)
2269 х 8,9 = 20 194 тенге тўртинчи ва қолган болалар учун (ой сайин).
– Ишлайдиган аёллар учун бир ёшгача болалар парвариши учун тўланадиган ижтимоий нафақа (пособие)лар ҳақида қандай янгиликлар бор?
– Ой сайин бола парвариши учун бериладиган нафақа (пособие)лар ишлайдиган аёллар учун мажбурий ижтимоий суғурта фондидан ажратилади. Бунга, фақат мана шу фонд иштирокчилари ҳақли бўладилар, агар иш берувчи солиқни тўлаган бўлса, албатта.
Сиз сўнгги ойларда ёки бир йилдан ортиқ вақт ичида ишламасангиз ҳам, иш берувчи сизга даромад бадали (подоходный взнос) тўламаган бўлса ҳам, ҳечқиси йўқ, охирги 24 ойлик маблағингиз ҳисобга олинади. Барибир, бола парвариши учун шу миқдордаги маблағ сизга тўланаверади.
Г. АБАТОВА тайёрлади.

