Алоқа | Обуна

“ЭКСПО-2017”га тасаннолар айтамиз!

Пойтахтимиз сари саёҳатимиз жуда ҳам қизиқарли бўлди. Сиз ҳам борсангиз — ҳечам афсусланмайсиз. Мазкур Халқаро намойишни кўрган ҳам армонда, кўрмаган ҳам армонда. Нега, десангиз — бундай мўъжизакор дунёларни бир бор томоша қилгандан сўнг, яна кўришни орзу қиламиз-да!
“ЭКСПО-2017” кўргазмасининг умумий майдони, 1,5 га 1,5 километр экан, яъни, бамисоли, кичик шаҳарникига тенг. Энди бир тасаввур қилиб кўринг-чи, у ердаги нарсаларни бир кунда кўриб улгура оласизми? Албатта йўқ! У ердаги одамларнинг кўплигини айтмайсизми? Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон, Грузия, Арманистон павильонлари, айниқса гавжум.


“Нур алем” шарига кириш учун бир неча соатлаб навбат кутиб, кейин ташриф буюрдик. У ерга меҳмонлар тинмасдан, гоҳи машиналарда, гоҳи автобусларда келишдан тўхтамаяптилар. Ҳамма шов-шув қилаётган нарх-наволар ҳам ўз ўрнида. Ўзимиздаги каби, итальянча ва шунга ўхшаш ошхоналар қимматроқ, холос…
Барча шароитлар яратилган: жажжи чақалоқлар учун аравачалар, болалар учун билет текин бўлди. “ЭКСПО-2017” Астанани ҳам яшнатворибди. Чет эллардаги улкан пойтахтлардек топ-тоза, ҳавас қилса арзигулик кўркам шаҳар бўлибди.
Бир сўз билан айтганда: ушбу оламшумул кўргазма аъло даражада уюштирилган. Унинг яратувчиларига тасаннолар айтамиз!
“ЭКСПО-2017” орқали Қозоғистони-миз обрўсини янада юксакроқ кўтариб олди, дунёга яна бир бор ўзини танитди.

Марҳамат ҚОДИРҚУЛОВА,
Ойбек номли 14-сонли мактабнинг
ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ