Алоқа | Обуна

“Тадбиркор” аёл

646513

Насибахон меҳмонларни уйларига кузатиб қўйди–да, кампир–чол ўтирган хонага кириб, улардан хабар олди. Сўнгра ҳовлидаги сўрига чиқиб «уҳ» тортиб эндигина ўтирган эди, шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.
– Бу ким? Ҳозир, – деб сўридан тушгач, аста бориб эшикни очди. Эшик олдида ён қўшниси Дилбар опа турарди.
– Келинг, опа! – Насибахон қуюқ саломлашиб бўлгач, иззат–икром билан аёлни ичкарига таклиф қилди. Хонтахта атрофига тўшалган, ҳали йиғилишга ҳам улгурмаган кўрпачаларнинг бирига ўтирди.
– Тинчлик, омонлик бўлсин, – деб юзига фотиҳа тортгач, Дилбар опа:
– Айланай, уйда ўтириб, зерикиб кетдим. Сиз билан бир суҳбатлашай, деб кирдим–да, қизим, – деди.
Насибахон ҳали совуб улгурмаган чойдан бир пиёла қуйиб узатди–да:
– Жуда яхши бўлибди кирганингиз, Дилбар опа! – деди табассумда.
– Меҳмонларни кутавериб чарчадингизми? Устига устак яна кампир–чол бор. Меҳмонларингиз ҳам тоғдан тушаётган ирмоқдай, кети узилмайди–я.
– Хола, одам бор жойга одам келади–да. Меҳмон кутишдан чарчамайман.
– Ҳар бир нарсанинг меъёри бор, болам. Кампир–чоллар ҳам жа–а инжиқ бўлишади–да. Опасиникига юборинг, қизи ҳам қарасин. Ўзингиз оғироёқ бўлсангиз. Худо хоҳласа, кўпайиш олдидасиз.
– Эшитганлар келини «яхши» эканда, кампир–чолга қарамай, куёвникига юборибди, демайдими?
– Парво қилманг, айтса нима қилибди?
Насибахон бирор кимса йўқмикан, деб у ёқ, бу ёққа қараб, сўнгра деди:
– Опа, иккинчи бу гапни айтманг, хафа бўламан. Уларнинг дуосини олай, деб хизмат қиламан. «Олтин олма, дуо ол», деб бекорга айтишмаган машойихлар.
– Сизга ачиниб айтаяпман. Кўзларингиз ҳам киртайиб кетибди.
– Бир ухласам, ўрни битиб кетади.
– Меҳмон кутиш осон иш эмас, югурасиз, еласиз қизим.
– Ҳа, демай, сиз ҳам келин оласиз, келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, дейдилар. Ўшанда кўрамиз! Босиб ўтган изингизга қаранг, хола! Сиз ҳам келин бўлгансиз–ку!
– Ўзимга нима бўпти, вой товба, мен уйда эрка бўлиб ўсганман. Сиз ҳам эрка бўлгансиз. Биз уч ойдан сўнг, уй олиб бўлак яшаганмиз.
– Хола, тўғри айтасиз, келин бўлиб тушгандан кейин об–ҳаво ҳам, шароит ҳам ўзгаради. Ўшанга мослашиш керак. Мослашмасангиз чанг, тўзон чиқади. Шундай қилиб эридан ажрашганлар кўп. Ноўрин одоб яхшиликка олиб келмайди.
– Айланай, бизникига ҳам меҳмонлар кўп келарди. Ишдан келиб уларга хизмат қилишлик менга малол келарди. Ёлғиз ўзим хизмат қилардим. Ёлғондан касал бўлиб, ётиб олардим. Поччангизнинг ўзи меҳмонни кутарди. Бу айёрлик, муғомбирлик менга фойда бермади. Бир «тадбир» ўйлаб чиқдим, ҳаммасидан қутулдим, қўйдим. Ҳозир жоним роҳатда. Ўйланиб кўринг, эрингиз уддабурон йигит. Сизга жони ачиса, барини тинчитади қўяди. Поччангиз сўзга йўқ. Ўша учун ўзим ишга аралашиб тураман. Тунов куни акасиникига меҳмон бўлиб бордик. Шкафларда турган янги чопон белбоғларга кўзим тушиб, ҳавасим келди. Эримнинг қулоғига шипшиб қўйдим. Борган еридан бир нарсани олмасам, айланай, оғриб қоламан. Кетар чоғи эрим акасига нима деди денг?
– Ака, мазам қочаяпти, уйга боргунча шамоллаб қоламанми? Чопонингиздан бирини беринг, – деди. Акаси ҳам тушунди, шекилли:
– Ука, ҳар бир ўзбекнинг уйида 3–4 янги чопон туриши керак. Яхшиликда,  таъзияларда яқинлари кийиб туради. Чопонимни кийиб кета қол. Бу ҳам янги, кийганимга бир ой ҳам бўлгани йўқ.
Эрим:
– Бу чопонинигиз ўзингизга буюрсин. Мен бунақа чопонни «мусор»га ташлайман, деса бўладими?
– Хайр, ука! – деди–да, бир гап айтмай, қайрилиб уйга кириб кетди. Ер ёрилмади, ерга кирмадим. Айтилган сўз, отилган ўқ – қайтиб келмайди. Фақат обрўнгизни йўқотади. Эрингиз ишга ҳам, гапга ҳам чевар. Ушлаган жойини юлиб олади.
– Тўғри айтасиз, эрим – эркак. Ҳар бир ишнинг натижасини ўйлаб иш қилади, хола.
– Гапингизга қаранг–а, менинг эрим эркакмасми, эрим латтами? Уч фарзандни ерга ағанаб туғдимми? Жа, ажаб гапирасиз қизим, – деди юз – қошлари ўзгариб.
– Хола, унақа демоқчи эмасман. Аёл киши билан эрим кўп маслаҳатлашмайди. Мен ҳам ишларига аралашмайман. Айтганини адо этаман. Айтишмайман ҳам. Келинлик вазифамни бажарсам, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Уйда тинчлик бўлса, умримиз узоқ бўлади, шундаймасми, хола?
– Бу гапларингиз маъқул. Эр билан айтишиб, ҳеч ким барака топган эмас. У тошганда сиз паст тушсангиз, сут кўпигидай босилиб қолади. Тунов куни тинчимни бузиб, тўртта жўрасини уйга бошлаб келибди. Нима дегандим, нима қилиб қўйдингиз? – десам: – Меҳмон кирса эшикдан, ризқи кирар тешикдан – деб, ишшайиб турибди.
– Ризқи кирадиган уйда тешик ҳам йўқ–ку! – дедим. Жаҳлга миниб бир чорасини топарман, деб ўйлаб қўйдим.
– Ўйлаганингизни айтингчи, хола! – деди Насиба. Ўйини билмоқчи бўлиб юзига қараганда бирдан ўқчиб–ўқчиб, йўталиб кўнгли айниб ҳаловати бузилди. Қўшни хола:
– Нима бало, «кўксов» бўлдингизми, – деб ўрнидан туриб пиёлада сув келтириб берди–да:
– Ҳали ҳам кеч эмас, «тадбиркорлик» усулини қўлласангиз, меҳмонлардан оп–осон қутиласиз–қоласиз, роҳатланиб дам оласиз.
Насибахоннинг гапларидан мулзам бўлса–да, қўшни аёл Дилбар опа сездирмасликка ҳаракат қиларди.
– Опажон, тадбиркорлик ишингизни элга жорий қилсак, кўпчилик маъқулласа яхши бўларди.
– Гонорар тўлармикан, Насибахон?
– У ёғини билмадим, опа. Қани айтинг, зора ишимни енгиллатса, ажабмас, – деди сал табассум билан.
– Ё куляпсизми? – деди хола.
– Э йўқ–э! – деди Насиба. – Қани, тинглайлик–чи!
Ўртада жимликдан сўнг:
– Меҳмон келса, очиқ чеҳрада кутиб олманг. Қош–қовоғингиздан қор ёғиб турсин. Гапирсангиз зарда билан гапиринг. Эрингизни менсимасдан, айтганини тез бажо қилманг. Чойни совутиб олиб келинг. Овқат узатсангиз, беҳаёлик билан узатинг. Овқатни ҳам оз – ярим косадан солиб беринг. Оч қолсин. Ўзингиз қўшниникига чиқиб кетаверинг. Сизнинг бу қилиқларингизни кўрган ақлли меҳмон уйингизга қайтиб келмайди, безиб кетади. Тинч яшайсиз, осуда яшайсиз. Ҳеч ким сизни безовта қилмайди, тўйга ҳам айтмайди. Тушундингизми?
– Опа, меним эрим – эркак, дедим–ку! Менга бу одатни ишлатмайди. Эртасига–ёқ жавобимни беради.
Шу маҳал телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олиб турганда:
– Қизим! – деган товушни эшитиб, қуюқ саломлашди. Онаси экан безовта қилган.
– Ўша уйнинг чўриси бўлиб юрибсанми? – деди у. – Ўзингни эҳтиёт қил!
– Қанақа чўри, ойи, қанақа чўри? Мен чўри эмасман. Ойи мен келинлик вазифамни бажаряпман, бажарсам чўри бўламанми? Менинг тинч-тотув яшашим сизнинг бахтингиз эмасми? Ўша жой – уй–жойим. Униб-ўсай, палак отиб, туйнак тугай. Мени тинч қўйинг, ойижон. Келинлик вазифангизни адо этмай, мени отасиз, қанча қийинчиликда ўстирдингиз. Мен бу уйга бош эгиб келдимми, иш буюрса, хўп деб адо этаман. Хоҳласангиз, иззатингиз билан келинг, иззатингиз билан кетинг. Эрим – меним пирим. Кампир–чол дуогўйларим. Дуосини олиш учун хизматдаман! – деди баланд овозда. – Яхшиси бешик тўйига тараддуд кўринг.
Бу гапларни эшитган қўшни Дилбар опа эшикдан чиқар чоғи:
– Опа, тадбиркорлик хислатингизни жорий қилайлик. Эл–юрт нима деркин?! – деди.
У хатосини тушунди, шекилли, жавоб беришга чамаси келмади.

Эрназар Рўзматов.
Туркистон шаҳри.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ