
Ҳаётимиз шиддат ва шитоб билан ўзгариб турибди-ки, баъзан одамларнинг оиладаги ёки иш жойидаги муаммолардан, турли мураккаб вазиятлардан эсанкираб қолишаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бундай шароитда ҳар қандай киши бировнинг кўмаги ва жўяли маслаҳатига муҳтожлик сезади.
Шунинг учун ҳам, “Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти ҳузурида “Руҳшунос хонаси”нинг ташкил этилиши ҳамда “Руҳият дунёси” нашрининг чиқаётганлиги айни муддао бўлди.
Газеталардаги турли мавзулардаги мақолалар муштарийларни қизиқтириши, табиий. Дарҳақиқат, ҳозирги кунларда ёшлар орасида турли нохуш воқеалар, онда-сонда бўлса-да, учраяпти. Айрим ҳолларда ёшлар орасида оддий ҳаётий зиддиятларга қарши туролмасдан ёки турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, ўз жонига қасд қилиш ҳоллариям содир бўлмоқда.
Ушбу масалаларга жиддий эътибор бериш лозим. Уларни кўпчилик бўлиб, биринчи навбатда таълим муассасалари устозлари, қишлоқлардаги жамоат ташкилотлари, жумладан, меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар ва ёшлар кенгашларининг аъзолари иштирокида муҳокама этиш, тегишли тавсиялар ва йўл-йўриқлар қабул қилиш ҳамда уларни турмушга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
“Жануб жарчилари” таҳририятининг ташаббуси билан Тошкентдан махсус таклиф этилган таниқли руҳшунос, Афросиёб психология фанлари академиясининг раҳбари Зебинисо Аҳмедова иштирокида Оқсувкентдаги Бобур номли, Шимкентдаги Ойбек номли 14-сонли, Туркистон шаҳридаги Алишер Навоий номли мактабларда ўтган семинар-тренинглар ҳақида камина ҳам хабар топдим. Бундай учрашувлар жойлардаги мактабларнинг психологлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатишига ишонаман.
Ўз навбатида туман маслаҳати депутатлари ҳам мазкур масалани атрофлича ўрганишиб, уни тегишли ташкилотлар олдига олиб чиқишади, деб ўйлайман. Зеро, у бугунги кундаги муҳим вазифалардан биридир.
Ирисдавлат ҚУРБОНОВ,
Сайрам тумани маслаҳатининг депутати.

