
Фарзанд – инсон ҳаётининг тотли меваси. У қалбларга қувонч, дилларга шодлик бахш этади. Беғубор кулгисидан олам мунаввар. Болакайнинг бийрон тилда куйлаётган қўшиқлари, ёддан айтаётган шеърлари эса, ҳар қандай одамни шошириб қўяди.
Шимкент шаҳрининг Бозорқопқа даҳасидаги “Жан Динара” болалар боғчасида Мустақиллик кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда қатнашган истеъдодли болакайларнинг чиқишлари ота-оналар кўнглига завқ-шавқ бағишлади.
Уларнинг севинчдан порлаган кўзлари барчага катта шодлик ато этди. Шўх куй ва оҳанг садолари чулғаган боғчада болажонлар байрамнинг унутилмас лаҳзаларидан баҳраманд бўлишди. «Балауса» ва «Жулдуз» гуруҳлари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда 4 тилда шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Болакайлар ижро этган қозоқ, рус, озарбайжон, грузин халқ рақслари келган меҳмонлар қалбида унутилмас из қолдирди.
– Болалар – бизнинг келажагимиз. Уларнинг Ватанимизга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишишида, озгина бўлса-да, тарбиячиларимизнинг ҳам улушлари бор эканлигини унутмаслигимиз зарур. Болакайларга мактаб ҳаётида ҳам мана шундай шиддат билан ўқишларини тилайман, – дейди боғча мудираси Дилрабо Элмуродова.
Тарбиячилар Фирая Маркова, Машҳура Эргешова, Санобар Абдураҳмонова, Нигора Тошпўлатовалар болажонларнинг Ватанга муҳаббатини уйғотишга ўз улушларини қўшишмоқда.
Феруза ОРИПОВА,
“Жан Динара” болалар боғчаси услубиётчиси.

