
Мана, дунёвий қамровдаги турлича офатлар-касофатларга, турфача фалокатлар-ҳалокатларга бой, оламий миқёсдаги бўҳронларга ҳамда таназзуллар-у инқирозларга сероб 2015 йил ҳам интиҳосига етди. Холисанлиллоҳ, айтганда, қўйдек беозор ҳамда барака манбаи бўлган жонзотнинг номи билан аталган айни сана ана шунақа алғов-далғовлар билан кечганлигининг ўзи безовталик уйғотади.
Кутиб олганимиз, маймун йили, ўн икки йиллик мучал ҳисобининг тўққизинчи санасидир. Мазкур мучал тақвимини бундан анча минг йиллар муқаддам туркий аждодларимиз кашф қилганликлари ҳамда ҳаётга жорий этганликлари, у кейинчалик шарқий йил ҳисоби, дея аталиб кетганлиги қатор муҳим манбаларда таъкидланади. Масалан: «Туркий мучал ҳисоби – 12 ҳайвоннинг номи билан аталадиган даврий йил ҳисоби. Булар: сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит, тўнғиз. Киши (бола) шу ҳайвонлар номи билан аталган 12 йилнинг қайси бирида туғилган бўлса, унинг мучали шу ном билан аталган. Мучал ҳисобида шу айтилган ўн икки йиллик давр бир айланиб келса, одам бир мучалга тўлган бўлади. Лекин кишиларнинг ёшини аниқлашда уларнинг она қорнидаги вақти бир йилга тенг, деб ҳисобга олинади, яъни киши бир мучалга тўлганида унинг ёши 12 эмас 13, икки мучалга тўлганида 25 бўлади».
12 йилни қамраб олувчи айни йил ҳисоби икки гуруҳга бўлингани ҳолда, уларнинг ярми: сигир, қуён, балиқ, от, қўй, товуқ сингари гўштлари одамлар томонидан истеъмол қилишга рухсат этиладиган жониворларнинг, қолган ярми эса, сичқон, йўлбарс, илон, маймун, ит, тўнғиз каби гўштларини ейиш ножоиз саналадиган ҳайвонларнинг номлари билан аталгандир-ки, айни синоатли ҳолатниям турлича равишда талқин айлайдилар.
Кутаётганимиз навбатдаги маймун санаси ҳижрий тақвим бўйича 120 — марта, милодий тақвим бўйича эса, 168 — марта кириб келар экан.
* * *
Туркий халқларнинг луғатида “маймун” сўзи бўлмаган ва бу туркийлар истиқомат қилган ҳудудларда унинг яшамаганлиги билан изоҳланади. Ўзбек тилигаям айни истилоҳ арабий забондан ўзлаштирилган эса-да, арабларда бутунлай бошқа маънони англатади. Мен Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонидаги:
Келиб ҳар бири кеча андоқ-ки бум,
Мувофиққа маймун, мухолифқа шум —
мисраларини ўқиганимда, тегишли маънонинг моҳиятини тушунмагандим. Кейинчалик “маймун” сўзи арабий лисонда “бахтли”, “бахтиёр” ва “саодатли” мазмунларини билдиришини англаб етдим. Араблар маймунни “бижин” дея атайдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзининг энг кичик умр йўлдошларига ҳам Маймуна исмини қўйганликлариниям сўнг ўқидим. Дмитрий Ушаковнинг “Толковый словарь русского языка” луғатида маймуннинг рус тилидаги атамаси, яъни “обезьяна” сўзи арабча “абу зино” (зино қилувчининг отаси) жумласидан келиб чиққанлиги уқтирилади. “Словарь воровского жаргона” луғатида эса, “обезьяна” яъни “маймун” атамаси “бошловчи ўғри” ҳамда “ойна” маъноларида қўлланиларкан.
* * *
Маймун йили кейинги юз йилликнинг 1920, 1932, 1944, 1956, 1968, 1980, 1992, 2004, 2016 саналарига тўғри келади. Мазкур санада бутун дунё мамлакатларининг халқларига дахлдор бўлган халқаро қамровдаги йирик воқеалар ҳамда салмоқдор ҳодисалар рўй бериши башорат қилинади. Бунга мисол тариқасида 1956, 1968, 1980, 1992, 2004 йиллар келтирилади. Айниқса, 1956 йил алоҳида ажратиб кўрсатилади. Ушбу санада бутун жаҳоннинг ижодий зиёлилари мисли кутилмаган тарзда ўзларининг истеъдодларини намоён айлаганлар. Аммо, шу билан биргаликда, йирик ҳарбий фожиалар ҳамда сиёсий қарама-қаршиликлар содир бўлган, жумладан, Мисрдаги Сувайш инқирози, Венгрияда рўй берган қонли инқилоб катта акс-садо берган.
* * *
Мазкур мучалда туғилганлар тўғрисида ижтимоий тармоқларда шундай дейилади: “Улар кўнглига келган ишни қилувчи, ишончга сазовор бўлмаган ва терс одамлардир. Бироқ улар эпчил, ақлли ҳамда топқир бўлиб, энг қийин муаммоларни ҳам осонлик билан ҳал этишади. Айни пайтларда улар қув ва маккордирлар, шу боис, улар билан доимо ҳушёр бўлиб, муомала қилиш керак. Уларнинг киришимлиликлари ва ҳар қандай хизматга бел боғлаб туришлари ҳам мунофиқонадир, аслида эса, ўз манфаатларини ўйлаб шундай қилишади.
Шунингдек, улар хушчақчақ ва илтифотли бўлиб, бошқалар тўғрисидаги юракни эзадиган фикр-мулоҳазаларини сохта хушмуомалаликлари билан яширадилар. Улар ўз фаолиятларини авж олдира билмайдиган, деярли бирорта соҳа йўқ. Бўлаётган воқеалардан улар доимо хабардордирлар…”
Маймун санасида таваллуд топган буюк инсонлар ҳам оз эмас: Жорж Байрон, Жаклин Биссет, Юлий Цезарь, Жак Ширак, Александр Македонский, Дэвид Копперфилд, Спиноза, Тимоти Далтон, Жозеф Чемберлен, Чарльз Диккенс, Ян Флеминг, Том Хэнкс, Гарри Гудини, Декарт, Мик Жаггер, Линдон Жонсон, Дайана Росс, Омар Шариф, Леонардо да Винчи, Род Стюарт, Жордано Бруно, Элизабет Тэйлор, Гарри Трумэн, Александр Герцен, Николай Добролюбов, Григорий Распутин…
2016 йил кабиса (арабча “тўлиқ” дегани) йилидир. Одатда, бундай саналар азалдан табиатдаги ва жамиятдаги нохуш ҳодисалар ҳамда фожиалар юз бериши билан боғланган. Қадимги одамлар ҳам ҳосилнинг йўққа чиқиши, чорва моллари қирилиб кетиши, қурғоқчиликлар, қаҳатчиликлар ва очарчиликлар, айнан кабиса йилларига хос, дея ўйлаганлар ва бундай хатарларда жон ҳам бўлган.
* * *
Хуллас, нима бўлгандаям, 2016 йил – янги милодий сана бошланди. Унинг қандай келиши ҳамда қай тарзда кечиши, энди Оллоҳимизнинг изм-у ихтиёри ҳамда ҳукм-у хоҳиши билан ҳар томонлама боғлиқдир. Шундай экан, Яратганимиздан ушбу санамизнинг имкон қадар тинч ҳамда осойишта, баракали ва самарали, бахтли ҳамда саодатли келишини-ю кечишини тилайлик, азизлар!
Бердиёр ЖУМАЕВ.

