
Бугун камина яна “NiK” ўқув маркази ўқитувчилари ҳақида ҳикоя қиламан. У ўзининг гўзал, кўркам табиати билан Сайрам туманидаги қишлоқлар орасида ягона Кўлкент қишлоғида таваллуд топган Абдуллажон Рустам ўғли АНОРМЕТОВдир.
Мен қаҳрамоним билан бундан тўрт йил муқаддам “NiK” ўқув марказида танишиб, мулоқотда бўлганман. У замон билан ҳамнафас, компьютер технологиялари билан боғлиқ ҳар қандай маълумотлар, янгиликлардан биринчилар қатори баҳраманд бўлади. Илмга бўлган қизиқишининг юқорилиги, билимли инсонлар ҳамма вақт ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топа олишларига тўлиқ ишонган Абдуллажон Анорметов бугунги кунда Қорабулоқ қишлоғидаги “NiK” ўқув марказида раҳбар ўринбосари.
У бундан аввал Жанубий Қозоғистон педагогика коллежи, кейинроқ, ушбу коллеж университети ва “Мирас” университетида информатика ва математика
кафедраларида талабаларга сабоқ берди. 2012 йилда “Мирас” университетининг магистратура соҳасида ўқиб, “катта ўқитувчи” деган номга сазовор бўлди. “Ҳаётда нимага эришган бўлсам ота-онамнинг, устозларимнинг ўгит-насиҳатлари туфайлидир” – дея камтарона табассум қилган ушбу устоз билан бўлган мулоқотимиз эътиборингизда…
– Ўқитувчининг боласи ўқитувчи бўлгани каби шифокор ҳам фарзандининг ўз касби ортидан боришини хоҳлайди. Онангиз Матлуба опа олий тоифали педагог. Сиз ҳам: “Келажакда ўқитувчи бўламан” – деган мақсадда информатика соҳасида ўқигансиз, адашмасам?
– Балким… Онамнинг касбини танлаганим учун ўкинмайман. Устозлик – шарафли, машаққатли касб. Улар ҳамиша эъзозда, эҳтиромда. Ўзим ёшлигимда компьютер соҳасига қизиқардим. Шунинг учун ҳам, Шимкент шаҳридаги Жанубий Қозоғистон педагогика университетининг информатика соҳасига ўқишга кирганман.
– “NiK” ўқув марказидаги айрим ўқувчиларнинг компьютер бўйича билимларини олийгоҳнинг информатика бўлимини тамомлаб келган айрим ёш кадрларнинг билимлари билан тенглаштирса бўлади, дея эшитгандим.
– Буни тан олишимиз керак. Кўпчилик тингловчиларимизнинг информатиканинг бошланғич босқичларидан хабарлари бор. Уларнинг ораларида эса, билими ўта кучлилари, дастур тузишга ҳам ақли етадиган ўқувчиларимиз оз эмас. Кўрдингизми, бу ҳам қорабулоқлик болаларнинг қобилиятлари юқори эканлигига яна битта мисол бўла олади.
Ахборот технологиялари даврида яшаётганлигимиз учун бошқа болаларимизнинг ҳам компьютер саводхонлиги юқори бўлиши керак. Бирор жойга иш излаб борсангиз, компьютерни ўзлаштиргансизми, дея сўрашади. Агар билмасангиз, сиз иккинчи даражали мутахассис бўлиб қоласиз.
Компьютер соҳаси, бу – кундан-кунга ривожланиб бораётган соҳа. Интернетга ҳар куни кириб, янгиликлардан бохабар бўлмасам, ўзимни бир кунга ортда қолиб кетгандай ҳис қиламан.
– Информатика соҳасида ҳам кўпгина терминлар инглиз тилида. Сиз бу тилни ўзлаштиргансизми?
– Мактабда немис тилини ўргандик. Бир-бири билан инглиз тилида мулоқот қилаётган инсонларга ҳавасим келарди. Нега мен ҳам ушбу тилни ўрганмас эканман, дея олийгоҳда инглиз тилини ўзлаштира бошладим. Махсус клубларга бордим. Ҳозир инглиз тилида эркин гаплаша оламан.
– Янги ўқув йилидан бошлаб, “NiK” ўқув марказида директорнинг ўринбосари лавозимида ишлаяпсиз. Янги иш ўрни, демак, янги-янги ғоялар, режалар устида бош қотираяпсиз…
– Ўқув марказимизда, биринчи навбатда, кадрлар масаласини ҳал этишимиз даркор. Тўғри, марказда билими замон талабига жавоб бера оладиган кадрларимиз бор. Уларнинг сонини орттириш керак. Агар ўқитувчининг билими кучли бўлса, бундай устознинг ўқувчиси ҳам кўп бўлади. Кўплар ана шу ўқитувчи дарс бераётган ўқув марказида ўқишни исташади.
Яна бир режам бор. Бу Қорабулоқ қишлоғи ҳудудидаги ўқувчилар орасида фанлараро олимпиадалар ташкил этиб, ғолибларни рағбатлантириш, саёҳатларга олиб бориш йўли орқали уларнинг дунёқарашларини ўзгартириш.
“NiK” ўқув марказиниг тарихи, ютуқларидан ўзингиз ҳам хабардорсиз, бизда ўқиб, сўнг Америка Қўшма Штатларидаги энг зўр университетлар, мактабларда таҳсил олиб келган ёшларимиз бор. Ана шундай йигит-қизларни мен: “Бахтли ёшлар” – дея атагим келяпти. Сабаби, ҳар кимга ҳам чет мамлакатда ўқиш бахти берилавермайди. Ана шундай омадли, билимли, қобилиятли ёшларни ўқувчилар билан учраштириш, энг кераги, ўқувчилар сони ортишига ҳиссамни қўшиш ҳам менинг янги ўқув йилидаги режаларимдан ўрин олган.
– Ўқувчилар сонини орттириш, дедингиз. Бу биргина сизга ёки “NiK” ўқув марказидаги бошқа ўқитувчилар билан боғлиқ эмас, шундайми?
– Тўғри, бизлар ўқув марказимиздаги ўқувчилар сонини орттиришга ҳар қанча ҳаракат қилганимиз билан, уларнинг ота-оналари бунга қаршилик билдиришса, ишимиз самарасиз қолади. Шунинг учун, жамоамиз билан биргаликда яқин вақт оралиғида ўқув марказимизда ота-оналар университетини очишни режалаштиряпмиз. Бу университетга келган ота-оналарга бизлар боланинг Қозоғистондаги ёки хориж мамлакатларидаги билим сифати юқори, инглиз тилли университетларга киришлари учун қўшимча таълимнинг қанчалик кераклигини, тил билган инсон дунё кезишини, шу билан бир қаторда, ҳозир ўғли ёки қизининг қўшимча ўқиши учун юз минг тенге сарфласа, бу, билмадим, балки, беш йил, балки ўн йилдан сўнг икки-уч миллион, ундан ҳам ортиғи билан қайтишини дарсларимизда мисоллар билан тушунтириб берамиз. Ўйлайман-ки, бу лойиҳамиз фойдали бўлади.
Қорабулоқлик болаларнинг рақобат майдонида ҳар қандай билимли рақиби устидан ғалаба қозониши, мана-ман, деган хорижий университетларнинг талабалари, деган номга эришишлари, лоқайд бўлиб қолган ўзбек миллатининг билимга бўлган қизиқишларини уйғотиш учун “NiK” ўқув марказининг педагог ходимлари тик туриб хизмат қилишади. Мен буни мазкур ўқув марказидаги етти йиллик иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, иккиланмай айта оламан. Бизлар сон учун эмас, аксинча, сифат учун ишлаймиз.
– Абдуллажон Рустам ўғли, ўзбек ёшларининг, Сайрам туманини айтадиган бўлсак, айниқса Қорабулоқдаги йигит-қизларнинг чет эл мамлакатларидаги нуфузли университетларда таҳсил олишаёганлигини биламиз. Шундан кейин ҳам: “Ўзбек миллати билимга лоқайд бўлиб қолган” – дейишингиз тўғрими, бу сўзингиз кўпчиликни ранжитиб қўяди, дея ўйламайсизми?
– Албатта, бу қаттиқ тегадиган гап. Чунки беш қўл баробар эмас. Одамлар орасида бугунги кун билан нафас олиб, ўғил-қизларининг чет давлатлардаги билим юртларида ўқишларига имкониятлар яратиб бераётган ота-оналар ҳам бор. Бундай инсонларнинг болалари, нафақат оила бюджетига, балки қишлоғига ҳам сармоя, наф келтиришмоқда. Ана шундай дунёқараши кенг ота-оналарнинг сони ортса, яхши бўларди.
Қорабулоқ қишлоғи аҳолиси азал-азалдан деҳқон хўжалиги, чорвачилик билан шуғулланишади ва бу туфайли анча донг таратишган. Лекин бугунги кунда эса, яшаб турган жойнинг номини кўпроқ билим орқали бошқаларга танитиш ундан ҳам яхшироқдир. Кўпчилик қорабулоқликлар мол боқаман, ана шу йўл билан кўп маблағ топаман, дея ўйлашади. Аслида ҳам шундайдир, ваҳоланки, илм эгаллаб, бирор иш жойини очиб ёки яхши корхонадами, олийгоҳдами — бирор жойда ишлаб, ундан ҳам кўп пул топса бўлади-ку. На моли, на ери йўқ кишилар қандай қилиб бола-чақа боқишяпти, дея ўйлайсиз? Улар билимлари туфайли рўзғор тебратишмоқда.
Яна шуни айтиш керак-ки, ўқиган инсоннинг маданияти ўқимаган инсон билан тенглаштирганда анча олдинда бўлади, яшаб турган қишлоғидан узоққа борса, оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратади, дунёқараши кенгаяди. Шаҳарликларнинг: “Қишлоқдагилар маданиятдан орқада” – деган гаплари ҳамма қатори менга ҳам оғир тегади. Сабаби, гарчанд шаҳарда яшасам ҳам туғилиб ўсган жойим Кўлкент, мен ҳам қишлоқликман.
Ундан ташқари, бир профессорнинг: “Ўзбекларнинг билимга лоқайд қараши инқирозга олиб келадиган нарса, бизлар олдинда бўлишимиз керак. Ўзбек миллати ҳаёт давомида ишлаб, сўнг боласига “катта кетмон”ини мерос қилиб қолдиради, чет элда эса, корхонасини” – деган сўзларини ўқиб, анча таъсирландим. Бизларнинг ҳам келажакда болаларимизга иш жойимизни мерос қилиб қолдиришимизни ҳеч ким тақиқламайди, шундайми? Ўзбек миллатининг бошқа миллат вакилларидан қаери кам, Худога шукур, ёшларимиз қобилиятли, эсли-ҳушли, фақат ўқиш керак, холос.
– Немис философи Иоганн Вольфганг фон Гётенинг: “Инсон ақлини чархлаш йўлида кармонини бўшатар экан, ҳеч ким унинг ақлини олиб қўя олмайди. Билимга сарфланган сармоя энг катта даромад келтиради” – деган ажойиб сўзлари бор. Демак, сиз ҳам ана шундай фикрнинг тарафдорисиз…
– Ҳа, нақадар топиб айтилган сўзлар. “NiK” ўқув марказининг асосий мақсади ҳам мана шуни ота-оналарга тушунтиришдан иборатдир. Мен ўрни келганда шуни таъкидлашим жоиз-ки, инсон эгаллаган билимни ҳеч ким ундан ўғирлаб қўя олмайди. Дейлик, оғилхонангизда юз бош буқангиз ёки отингиз бор. Тан олиш керак, айримлар молимни бирорталари ўғирлаб кетмасмикан, деган хавотир-ҳадик билан ухламай ҳам тонг оттиришади. Шундай бўлса-да, эпидан чиқиб, қароқчилар молларни ўғирлаб кетишса, ана бўлди, мол боқиб, оила тебратаман, ўғил уйлантириб, қиз узатаман, дея ният қилиб ўтирган инсоннинг ҳоли вой бўлади. Бу қийин, албатта яна қайтадан ўша молларнинг ўрнини тўлдириш керак бўлади. Илмни-чи, илм инсоннинг миясида бўлади. У – ўғирлаш мумкин бўлмаган хазина. Мана шуни ҳар бир инсон англаб етгани мақсадга мувофиқдир.
– Самимий мусоҳабангиз учун сизга катта раҳмат!
Эътибор САЙФИДДИН
қизи суҳбатлашди.

