
“Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ходимлари! “Саломатлик” саҳифаларингиз орқали берилаётган шифокор маслаҳатлари мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Қизим 2-курсда ўқийди. Сумкасида ҳали у дугонасининг, ҳали бу дугонасининг бўёқларини кўриб қоламан. Ҳар доим кўзлари қизариб юради. Гигиена ҳақида қанча тушунтирсам ҳам фойдасиз. Балки қизимга шифокор томонидан бериладиган маслаҳатлар фойда бериб қолар”.
Мана шундай мазмундаги мактубни таҳририятимизнинг электрон почтасига ўзини “Матлуба” дея таништирган опамиз йўллабди. Дарҳақиқат, гигиена қоидаларига амал қилишимиз ҳам ўз саломатлигимиз йўлида қайғуришимиздан далолат беради. Хўш, бу ҳақида соҳа мутахассислари нима дейишаркин? Бир тинглаб кўрайлик-чи…
Кўзлар билан боғлиқ яна бошқа саволларгаям жавоб олиш мақсадида Шимкент шаҳар 12-сонли поликлиникасида инсонлар саломатлиги йўлида фаолият юритаётган биринчи даражали шифокор Сардорбек Шавкатбек ўғли ЖУМАБОЕВга мурожаат қилдик.
– Сардор ака, айтинг-чи, баҳорда кўзлар саломатлигини қандай ҳимоя қилсак бўлади?
– Аввало, кўзлари билан муаммо мавжуд бўлган инсонлар қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнакларни тақиб юрганлари мақсадга мувофиқдир.
Баҳорда гуллар очилади, мевали дарахтлар гуллайди, айрим инсонларнинг кўзларида мана шундай гуллардан, гоҳида чангдан аллергия пайдо бўлади. Бундай вазиятларда ўзбошимчалик билан уй шароитида даволашни бошламасдан, кўз шифокори ҳузурига бориш айни муддаодир. Сабаби, кўз – жуда нозик аъзо ҳисобланади.
– Меъёридан ортиқ уяли телефон экранига қараш ҳам кўзларимиз учун зиён эканлигини муштарийларимизга сўзлаб берсангиз…
– Бу борада биз — шифокорлар қанча кўп гапирсак, тушунтириш ишларини олиб борсак ҳам айримлар бепарводирлар. Компьютер, уяли телефондан керагидан ортиқ фойдаланиш орқали кўзлар қурғаб, нураб қолади. Бундай кўзлар эса, тез чарчайди.
Кўзлар учун махсус машқларни бажариш орқали кўзга дам бериш керак. Бир соат экран қаршисида ўтириб ишлаган инсон 20-25 дақиқа кўзларини дам олдириши, яъни турли машқлар бажариши керак. Масалан, секин-аста юқорига, сўнгра пастга қараш, дастлаб чапдан ўнгга, кейин ўнгдан чапга — катта доира бўйича кўзни ҳаракатлантириш керак.
– Муштарийимиз томонидан берилган саволга ҳам тўхталиб ўтсангиз…
– Бу жуда долзарб саволлардандир. Кўпинча баъзи қизлар бир-бирларининг лаб, юз, кўз, қош ва бошқа-да бўёқларини алмашиб суришади. Бу – мутлақо хато! Сабаби, инсон санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши керак. Ана шунда бизлар ўзимизни турли касалликлардан сақлаган бўламиз.
Сабаби, бизга кўринмагани билан микроскоп орқали кўриш мумкин бўлган вируслар инсондан инсонга ўтиб, турли касалликларни келтириб чиқаради. Опа-сингилларимиз кўз бўёқларини харид қилишдан олдин уларнинг сифати, яроқлилик муддатига аҳамият беришлари даркор.
– Говмижжа (ячмень) касаллиги нимадан пайдо бўлади? Ва унинг аломатлари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз…
– Бу касаллик киприкнинг остидаги безларнинг шамоллашидан келиб чиқади. Кўзнинг ички ва ва ташқи қисми қичишиб, сўнг қизариб яра бўла бошлайди. Айримлар яра ичида тўлган йирингни қўл билан сиқиб олиб ташлашади. Уни қўл билан ушламаслик керак, сабаби, инфекция тушиб, яра каттайиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар каттайиб кетса, мияга ҳам йиринг тарқаб кетиши мумкин.
Бундай яра безовта қилган бемор шифокорга мурожаат қилиши ва айтилган муолажаларни ўз вақтида бажариб, кўзларининг саломатлиги ҳақида ўйлаши даркор. Кўзлар шафақланса, қизарса, қичиб безовта қилса ҳам кўз шифокори билан учрашиш зарур.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Мана, айни кунларда қурилиш ишлари бошланиб кетди. Қурувчилар пайванд (сварка) ишлатишади. Ўшандай вақтда учқун учиб чиқади ва кўзга ҳам тушади. Одамлар эса, буни тил орқали олдиришади. Бу — нотўғри. Сабаби, оғиз бўшлиғи инфекциялар макони ҳисобланади. Яхшиси, шифокорга бориш даркор. Ҳимоя учун махсус кўзойнак тақиш даркор.
Шунингдек, 40-70 ёшлар оралиғидаги инсонлар кўзларининг босимини ўлчатиб туришлари керак. Ҳозир поликлиникаларда шифокоргача бўлган хона (доврачебный кабинет)лар фаолият кўрсатади. Айрим инсонлар ушбу кўрикдан ўтганларида кўзларида муаммо бўлса, уни ўз вақтида шифокор даволайди. Кўз билан боғлиқ муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш глаукома касаллигини келтириб чиқаришнинг олдини олади.
– Фойдали маслаҳатларингиз учун ташаккур!
– Сизга ҳам раҳмат! Ҳар биримизнинг кўзимиз соғлом бўлиб, оламга равшан боқсин!
Эътибор САЙФИДДИН қизи.

