Алоқа | Обуна

ҚОЗОҒИСТОН – буюк биёбонлар мамлакати, тобора ортар унинг халқаро шон-шуҳрати!

Мана, яна роппа-роса 45 кундан кейин, яъни 10 июнь куни Қозоғистон Республикасининг пойтахти — Астана шаҳрида “ЭКСПО-2017” – Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилади ҳамда ушбу Умумжаҳоний намойиш жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этади. “Эртанги кун энергияси” шиори — мазкур Умумдунёвий намойишнинг бош мавзуси бўлиб, уни замонавий талқинда: “Табиий муқобил манбаларнинг қуввати – келажакнинг энергия қудрати!” – дея ифодаламоқ мақсадга мувофиқдир.
Умумжаҳон кўргазмаси ёки ЭКСПО ёхуд EXPO – замонавий тараққиёт ва равнақнинг ёрқин тимсоли ҳисобланувчи, шу билан биргаликда, янги техника муваффақиятларини ҳамда технология ютуқларини намойиш этиш мақсадида очиқ майдонларда ҳамда ёпиқ иншоотларда ташкил этиладиган бутун дунё қамровидаги кенг кўламли кўргазма ҳисобланади.
Қозоғистон Республикасининг пойтахти мазкур олий мақомга бундан, деярли беш йил муқаддам, яъни 2012 йилнинг 22 ноябрь куни доимий қароргоҳи Франция пойтахтида жойлашган Халқаро кўргазмалар бюросининг махсус анжуманида сазовор бўлган эди. Ўшанда ушбу Умумжаҳон ташкилоти бош ассамблеясининг 152-сессиясида қатнашган 148 та аъзо мамлакатлар вакилларидан аксарият кўпчилиги ёпиқ овоз бериш йўли билан «ЭКСПО-2017» нинг навбатдаги ўтказилиш жойи Астана шаҳри бўлишини тасдиқлаб ҳамда белгилаб бердилар.
ҚР президенти Нурсултан Абиш ўғли Назарбаев мазкур муносабат билан қилган оммавий мурожаатида «ЭКСПО-2017»ни Қозоғистон Республикаси пойтахтида ўтказишга қарор қилинганлиги мамлакат ҳаётидаги улкан тарихий воқеа эканлигини, ҳаққоний равишда таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, бунақа кўламдаги ҳамда йўналишдаги оламшумул намойиш собиқ Совет Иттифоқи (СССР), ҳозирги мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ), шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, Қозоғистонга насиб этганлиги бемисл улкан муваффақиятдир.

«ЭКСПО»ларнинг мухтасар тарихи

«ЭКСПО» Халқаро намойишларининг тарихи 1844 йилда ўз даврининг энг юқори чўққисига чиққан француз миллий кўргазмаларига бориб боғланади. Шундан кейин, Халқаро кўргазмалар бюросининг келишувига биноан, биринчи Умумдунё кўргазмаси 1851 йилда Англиянинг пойтахти Лондон шаҳридаги Гайд-паркда ўтказилганди. Айни муносабат билан атайлаб қурилган Биллур қаср мазкур мислсиз тантанадан ўлмас-йитмас ёдгорлик бўлиб қолди.
Шундан кейинги Халқаро намойишларга бағишлаб бунёд этилган Париж шаҳридаги Эйфель минораси, Александр III кўприги (Франция), Вена шаҳридаги Ротонда кошонаси (Австрия), Мельбурн шаҳридаги Қироллик кўргазма павильони (Австралия), Брюссель шаҳридаги “Атомиум” иншооти (Бельгия) ҳам турли замонларда, турфа маконларда ўтказилган «ЭКСПО» Халқаро кўргазмаларининг унутилмас тимсолларига айланди.
Ўзининг 166 йиллик кечмишида «ЭКСПО» Умумжаҳон намойишлари Ер сайёрасининг турли бурчакларида 71 марта ўтказилди ҳамда ҳар қайси ўзига хос оламшумул воқеалар ва янгиликларга бой бўлди.

«ЭКСПО-2017 — Астана» – қачон,
қаерда, қандай?!

«ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмасининг, айнан Астанада ўтказилаётганлиги бежизга эмас. Эндиликда Ер юзида ўзининг салмоқдор ўрнига эга бўлиб улгурган Қозоғистон Республикасининг замини нефть, газ, уран қазилма маъданларининг жуда бой заҳираларига эгадир. Бу ерда ҳар йили 80 миллион тоннадан ортиқроқ нефть ҳамда газ конденсати (углеводородли ёқилғилар) қазиб чиқарилиши туфайли мамлакат айни жабҳада жаҳоннинг етакчи минтақаларидан бири сифатида тан олинган ва эътироф этилгандир!
Ҳозирги пайтда Қозоғистон Республикаси дунёвий рейтингда хром заҳиралари бўйича биринчи, уран заҳиралари бўйича иккинчи, кумуш заҳиралари бўйича бешинчи, рух заҳиралари бўйича еттинчи, кўмир заҳиралари бўйича саккизинчи, олтин заҳиралари бўйича ўнинчи, қўрғошин ва молибден заҳиралари бўйича ўн биринчи, нефть ҳамда темир рудаси заҳиралари бўйича ўн иккинчи, мис заҳиралари бўйича ўн учинчи, боксит заҳиралари бўйича ўн тўртинчи ўринларни мустаҳкам эгаллаб турибди.
Шундай эканлигига қарамасдан, шунингдек, табиий ресурсларни ишлаб чиқариш суръатлари бўйича ривожланган давлатларга, деярли тенглашган бўлса-да, Қозоғистон давлати мавжуд табиий бойликларни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш масалаларини бош ўринга қўйиб келмоқда. Негаки, жадал суръатлар билан қазиб чиқарилаётган айни маъданлар халқ хўжалигига улкан фойда келтириши билан биргаликда, жамият ҳамда табиатгаям жиддий зарар етказмоқда.
Вазиятнинг бундайин мураккаблиги ҳар тарафлама ҳимоялаш-асраш чораларини кўришни ва тежамкорлик талабларига риоя этишни тақозо этмоқда. Маълум бўлишича, нефть заҳираларининг аниқланган бугунги умумдунёвий ҳажми 1 триллиондан кўпроқ баррелни ташкил қилар экан ва улардан ҳозиргидек жадал суръатлар билан фойдаланишда давом этилса, бу 35 йилгагина етиши мумкин экан, холос.
Углеводород ёқилғиларнинг манбалари камайиб кетаётганлиги, уларни қазиб чиқариш миқдорлари янада қийинлашаётганлиги ҳамда озаяётганлиги туфайли нефть ҳамда газ маҳсулотларининг нархлари қимматлашиб бораётганлиги жаҳон миқёсидаги муқобил ва самарали ҳамда хавф-хатарсиз энергия қувватларини излаб топиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда кучайтириш вазифасини кескин равишда кун тартибига қўймоқда.
Нефть ҳамда газни қайта ишлаш жараёнларида атмосферага катта ҳажмда зарарли моддалар тушаётганлиги ҳам сайёрамизнинг ҳаётига катта таҳдид туғдираётгани-да янги самарали йўл-йўриқларни излаб топишга мажбур қилаяпти.
Энергетика ҳамда экология бўйича долзарб муаммоларнинг умуминсоний эканлигини чуқур ҳис этиб, уларни ҳал қилиш, эндиликдаги ҳаёт-мамот масаласи эканлигини эътироф этгани ҳолда, Қозоғистон Республикаси «ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмасини «ЭКСПО-2017»: «Эртанги кун энергияси» шиори остида ўтказишга қарор қилди.
Мазкур даъват бутун жаҳон қамровида энергия тежамкорлиги ва муҳофазакорлигига эришиш чораларини кўриш, энергиянинг бошқа муқобил ҳамда зарарсиз манбаларини излаб топиш ва амалиётда қўллаш тадбирларини кўзда тутади. Булар: қуёш энергияси, шамол энергияси, дарёлар, денгизлар, океанлар, термаль сувларнинг қувват манбалари ҳисобланади ҳамда улардан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш бутун башариятнинг бугунги ҳамда бўлғуси тақдири билан боғлиқ ва уни белгиловчи муҳим вазифалардир.
Демак, «ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмасининг долзарб ташаббуси саналувчи «Эртанги кун энергияси» дастури умуминсоний ҳамда умумжаҳоний амалиётга айланади ва Ер юзидаги энергия тақчиллиги ҳамда экологик хавф-хатарларни камайтириш учун хизмат этишига умид қилса бўлади.

Ҳаммаси «ЭКСПО-2017»
Халқаро кўргазмаси ҳақида…

«ЭКСПО-2017» Халқаро кўргазмасини ўтказиш учун Қозоғистон Республикасининг мамлакат бюджетидан 283 миллион евро маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Мазкур оламшумул намойишнинг умумий баҳоси, яъни уни ўтказишга сарф этиладиган жами маблағ миқдори эса, 3 миллиард доллардан ошиши ва у ортиғи билан қопланиши кутилмоқда.
Мазкур оламшумул намойиш ўзининг кўламдорлиги ҳамда салмоқдорлиги билан-да, ўзигагина хос ва ўзигагина мосдир. «ЭКСПО-2017 Астана»нинг умумий майдони 174 гектар майдондан ташкил топади. Бевосита Халқаро кўргазманинг қатнашчилари ўрин эгаллайдиган майдон 25 гектардан ортиқ. Жумладан, Қозоғистон Республикаси павильонининг майдони 5 минг квадрат метр. Жаҳонда энг йирик айлана-доира шаклидаги сферик кошона (СФЕРА)- Қозоғистон павильонининг баландлиги 80 метрга тўғри келади.
100 дан ортиқ давлатларнинг намояндалари «ЭКСПО-2017 Астана» Халқаро кўргазмасининг меҳмонларига айланадилар. Шунингдек, 100 та атрофида дунёвий ташкилотлар ҳамда хорижий компаниялар ва корпорациялар намойиш иштирокчиларининг сафларидан ўрин олишади. Жами қатнашчиларнинг сони 5 миллион нафардан ошиб кетади, уларнинг 85 фоизини маҳаллий иштирокчилар ташкил этса, қолган 15 фоизи хорижлик томошабинлар ҳиссасига тўғри келади. Аксарият қатнашчилар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари ва Хитойдан, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари, Япония ва Европа мамлакатларидан ташриф буюришлари кутилмоқда.

 

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ