
Мамлакатимизда ўтган “ЭКСПО-2017” умумжаҳон кўргазмаси якунланди. Уч ой давомида “ЭКСПО”га ташриф буюрган меҳмонлар ҳар куни белгиланган бир давлатнинг миллий куни нишонланиб, ўша мамлакатнинг урф-одатлари, куй-қўшиқлари авжига чиққанини мароқ билан томоша қилишди.
Шулар қаторида, 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси павильонида ҳам мазкур мамлакатнинг миллий куни кенг тарзда нишонланиб, тантанали равишда байрам қилинди. Миллатимиз намояндалари тақдим этган дастурлар ўша кунгача бўлиб ўтган миллий кунлар ичида энг сараси бўлди, десам — хато эмас.

Айтиб ўтиш жоиз-ки, айни воқеагача Ўзбекистон Республикаси павильонида намойиш этилаётган келажак қувват манбалари, робот қурилмалари, янги иншоот лойиҳаси, слайд лавҳалар ва, айниқса қуёш нури билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари меҳмонларнинг диққат-эътиборларини тортгани маълум. Шунингдек, учинчи қаватдаги ўзбек таомлари намойиши ва ўзбекона кўргазманинг бетакрорлиги хорижликларни қизиқтирмай қолмаган…
Мазкур миллий кун муносабати билан “ЭКСПО-2017” умумжаҳон тадбирига Ўзбекистон Республикасидан, Қозоғистон Республикасининг турли вилоятларидан, пойтахтимизнинг турфа муассасалари, корхоналари, ташкилотларидан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди. Шунингдек, Астана шаҳри ўзбек этномаданият маркази жамоаси аъзолари ҳам алоҳида таклифлар билан келиб, миллатимиз шон-шуҳратини танитишда ҳормай-толмай хизмат қилдилар.

Эрталабдан созандаларимизнинг маҳорат билан ижро этган карнай-сурнай наволари “ЭКСПО-2017” ҳовлисини тутиб, миллий либослардаги, атласлардаги қизлар-келинчаклар байрам файзини янада очиб юборишди. Павильон олдида халққа миллий таомимиз бўлган – тўй оши тарқатилди.
Миллий парад билан бошланган байрам дастури, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон Давлат мадҳиялари ижроси билан давом этди. Кейин делегатлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
– Мана, йигитларимиз, қизларимиз, спортчиларимиз – ҳаммамиз келиб, “ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмасида яратилган шароитларни, имкониятларни кўриб, айниқса Ўзбекистон павильонига қаратилган эътиборни кўриб, ҳавасимиз келди. Яна бир бор Қозоғистон раҳбариятига, Қозоғистон Ҳукуматига, “ЭКСПО-2017”ни шу даражада юксак савияли ташкиллаштирган, бунга меҳнати сингган барча-барча дўстларимизга мен чуқур миннатдорчилигимни билдираман, – деди Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев.
Делегатлар орқасидан Қозоғистон ва Ўзбекистон павильонларига ошиққан турли миллатлар вакилларининг қўлларидаги миллатимиз байроқчаларини кўриб, кўзларимиз қувонди. Хорижликларнинг бераётган саволларига қараб, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизга, миллий либосларимизга, қўшиқ-рақсларимизга қизиқиши баланд эллар кўп эканлигини англаш мумкин.
Байрам сайли якунида “Энержи-холл” саройида Ўзбекистон эстрадаси юлдузларининг концерт дастури бўлиб ўтди. Севимли эстрада юлдузларимиздан Шаҳзода, Улуғбек Раҳматуллаев, Сардор Раҳимхон, Зиёда, Алишер Файз, Шоҳруҳхон, Гулсанам Мамазоитовалар ижросидаги ажиб куй-қўшиқларни ўзбек ва қозоқ мухлислар ҳам биргаликда ижро этишди.
Шунингдек, “Наврўз” рақс ансамблининг турли водийлар-у турфа воҳаларга хос бўлган ҳамда мумтоз рақслар гулдастаси, деярли ҳамманинг қалбидан жой эгаллади.
“Санъатга бой эл экансизлар-да!” – деган олқишларни эшитиб, ўз-ўзимдан фахрланар эканман, концерт якунидаги Гулсанамнинг қўшиғи қулоғим остида янгради:
Тинчлик, деган юрак-бағри куюк элдир бу,
Яратганнинг қошида энг суюк элдир бу,
Ўтмиши ҳам келажаги буюк элдир бу,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен…
Иродахоним
МУҲАММАДЖОНОВА,
жамоатчи мухбир.

