Алоқа | Обуна

Маржон тишларингиз соғлом бўлсин, десангиз…

Табассум ҳамма вақтларда қадрланиб келинган. Чиройли табассум эса — тишларнинг саломатлиги билан, бевосита боғлиқдир.
Тишларни қандай парваришлаш керак? Тиш шифокорига бориш шартми? — каби саволларга Шимкент шаҳар поликлиникасининг стоматолог шифокори Ойбек МЎМИНОВ жавоб беради.

– Шоколад ейилганида, ростдан ҳам, тишлар оғрийдими? 

Аслида шоколаднинг ўзи зиён эмас, балки шоколад таркибидаги углеводлар зиён қилади. Бундай вазиятда оғиз бўшлиғидаги микроблар шоколад таркибидаги углеводлар билан озиқланиб, ўзларидан тиш эмалини кемирадиган кислота ажратади. Шоколадни қанча еса ҳам бўлади, фақат егандан кейин тиш ювилиши шарт.

– Сизга келаётган беморлар, кўпинча нимадан шикоят қилишади?                       

Келаётган беморларнинг кўпчилиги пульпит ҳамда периодонтит каби тиш касалликларининг вақтида даволанмаган турларидан шикоят қилиб келишади.

– Пульпит ва  периодонтит касалликлари ҳақида тушунтириб ўтсангиз…      

Пульпит – вақтида даволанмаган тиш кариесининг асоратидан пайдо бўладиган тишнинг ичидаги бўшлиқда жойлашган асаб толалари ва қон томирларининг шамоллаши. Периодонтит – вақтида даволанмаган тиш кариеси ва пульпит касаллигининг асоратидан пайдо бўладиган тиш илдизини ушлаб турадиган атрофдаги тўқималарнинг шамоллаши.

– Сизга қайси ёшдаги беморлар кўпроқ мурожаат этишади?

Касалхонада ишлаганим сабабли: 18 ёшгача бўлганлар ва ҳомиладор аёллар.

– Тишлар соғлом бўлиши учун нима маслаҳатлар берасиз?

Кунига икки марта — эрталаб ва кечга, яъни уйқудан олдин тишларни тиш пастаси билан ювиш ва нима ейилса ҳам сувда чайиб юбориш сизнинг маржондек тишларингизнинг умрини узайтиради.

Тишлар оғриса-оғримаса, бир йилда икки маротаба стоматолог ҳузурига бориш эса, касалликни олдиндан билиб, эртароқ даволашга имконият яратади. Стоматолог  маслаҳатларини тўла-тўкис бажариш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Махсус мухбиримиз тайёрлади.

Изоҳнинг ҳожати йўқ